Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва фойдаланилмаётган объектлар остидаги ер участкалари учун ер солиғи тўлаш зарурми

20.10.2020

Кичик бизнес субъектлари пандемия даврида тақдим этилган ер солиғи бўйича имтиёздан фойдаланишади. Унга бўлган ҳуқуқ кадастр органида расмийлаштирилган ердан ташқари, баъзи корхоналарда фойдаланилмаётган объектлар банд қилган ер участкалари, шунингдек – кадастрда рўйхатдан ўтказмасдан ўзбошимчалик билан қўшиб олинган ерлар мавжуд. Имтиёз бундай ерларга татбиқ этиладими?

Buxgalter.uz ДСҚда мазкур масала бўйича тушунтириш олди.

Савол:

- Коронавирус пандемияси муносабати билан бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат корхоналарга бир қатор имтиёзлар, шу жумладан – ер солиғи бўйича имтиёз тақдим этди.

2020 йилнинг 1 июнидан 31 декабригача бўлган даврда кичик бизнес субъектлари ва айрим тармоқлар корхоналари ер солиғини тўлашдан озод қилинган .

Корхона ўз фаолиятини коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли тўхтатишга мажбур бўлган ҳолларда, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга нисбатан 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатилди .

СКнинг 429-моддасида қуйидагилар назарда тутилган:

  • шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган фойдаланилмаётган ерлар учун солиқ қишлоқ хўжалиги ерлари учун белгиланган солиқ ставкаларининг 2 баравари миқдорида тўланади;
  • қурилиши тугалланмаган объектлар эгаллаган ер участкалари учун солиқ икки баравар солиқ ставкалари бўйича тўланади;
  • бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектларга банд қилган ерларга нисбатан оширилган солиқ ставкалари қўлланилишини мумкин ҳамда СКнинг 428-моддасида кўрсатилган солиқ имтиёзлари уларга нисбатан татбиқ этилмайди;
  • ер майдонларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг 4 баравари миқдорида белгиланади.

Сиздан қуйидагиларни тушунтиришгизни сўраймиз:

1. 18.05.2020 йилдаги ПФ-5996-сон Фармоннинг 1-бандида назарда тутилган имтиёз улар бўйича СКнинг 429-моддасига мувофиқ ер солиғининг оширилган ставкалари белгиланган ер участкаларига татбиқ этиладими?

2.  18.05.2020 йилдаги ПФ-5996-сон Фармоннинг 1-бандида назарда тутилган имтиёз, агар уларга бўлган ҳуқуқ кадастр органида расмийлаштирилмаган бўлса, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига татбиқ этиладими?

ДСҚнинг тушунтириши:

- Президентнинг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5996-сон Фармони билан белгиланишича, 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда қуйидагилар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинган:

  • кичик тадбиркорлик субъектлари;
  • бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.

Кўрсатилган имтиёзларнинг амал қилиши Президентнинг 2020 йил 20 июлдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6029-сон Фармони билан 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилган.

СКнинг 426-моддасига мувофиқ мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида юридик шахсларда бўлган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғининг солиқ солиш объектидир.

29.12.2018 йилдаги 1060-сон Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом нормаларига асосан куйидагилар белгиланган:

  • кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради.
  • кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилган кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Президентнинг 2020 йил 18 майдаги ПФ-5996-сон Фармонида назарда тутилган имтиёзнинг амал қилиши ер майдонларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда татбиқ этилмайди.

СКнинг 429-моддасида белгиланишича, бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектлар банд қилган ер участкаларига нисбатан қонун ҳужжатларида таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.

13.08.2019 йилдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 666-сон ВМҚга мувофиқ фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:

  • мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан 3 ойга қадар 2 баравар 3 ой ўтгандан сўнг - 5 баравар, 6 ой ўтгандан сўнг - 10 баравар, 12-ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг 2 баравари миқдорида қўлланилади;
  • фойдаланилмаётган объектларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қўлланиладиган солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг амал қилишини тўхтатиш.

Бунда Президентнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5978-сон Фармонига асосан  2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар юридик шахс ўз фаолиятини коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли тўхтатишга мажбур бўлган ҳолларда, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш тўхтатилади.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қонунлардир, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари қонуности ҳужжатларига киради.

Юқорида кўрсатилган қонуннинг 16-моддасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Президентнинг 2020 йил 18 майдаги ПФ-5996-сон Фармонида назарда тутилган ер солиғи бўйича имтиёзнинг амал қилиши фойдаланилмаётган объектлар банд қилган ер участкаларига татбиқ этилади.

Мурожаатни кўриб чиқиш натижасидан норози бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига асосан сиз унинг устидан шикоят беришга ҳақлисиз.

ДСҚ тушунтиришининг аслига қаранг.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал