Қандай қилиб Давлат хизматлари марказига бормасдан ЭРИ олиш мумкин

28.04.2020

Давлат хизматлари марказига умуман бормай, шахсий ЭРИ олишингиз мумкин. Вuxgalter.uz ўқувчиларига ёрдам бериш мақсадида ҳаммаси қандай ишлашини текширган ҳолда босқичма-босқич йўриқнома туздим.

1. Тайёргарлик кўринг:

  • паспортни очиқ ҳолда суратга олиб, фотосуратини компьютерга юклаб олинг;
  • очиқ ҳолдаги паспорт билан селфи қилиб, уни ҳам юклаб олинг;
  • ҳавола орқали ўтиб, e–imzo–3_41.exe дастурини юклаб олинг ва компьютерга ўрнатинг (илгари ўрнатилмаган бўлса);
  • ЭРИ калити сертификати берилгани учун йиғимни тўланг (юридик шахслар ва юридик шахсни ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари учун – БҲМнинг 10%и, жисмоний шахслар учун – БҲМнинг 7%и).

Пулни Ўзбекистон Республикаси ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази» ДУК ҳисобрақамига ўтказиш мумкин: 100011, Тошкент шаҳри, Абай кўчаси, 4а, «lnvest Fiпапсе Bank» ХОАТБ ОПЕРБ ҳ/р: 2021 0000 7004 3120 0005, МФО: 01041, СТИР: 201 589 463, ИФУТ: 58290. 

Жисмоний шахслар тўлов ва банк мобил иловалари орқали «e–imzo» ҳақини тўлаш хизматидан фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун ўз СТИРини билиш керак.

Диққат
Фотосуратлар тиниқ кўриниши, ёруғ фонда олинган бўлиши керак. Паспорт очиқ ҳолда бўлиши, фотосуратдаги матн осон ўқилиши лозим. Селфида – олдинга қараб тушган чеҳра ва очиқ ҳолдаги паспорт. Фотосурат файлининг ҳажми 5 Мб дан ошмаслиги лозим. Сўровнома бериш ва калитни рўйхатдан ўтказиш учун қўлланган мобил телефон рақами мурожаат этувчи – янги ЭРИнинг бўлажак соҳиби номига расмийлаштирилган бўлиши шарт.

2. Сўровномани расмийлаштиринг:

  • ЭРИни рўйхатдан ўтказиш ва уларга хизмат кўрсатиш марказининг e–imzo.uz сайтига ўтинг.
  • «ЭРИни олиш» тугмачасини босинг.
  • «Шаклни тўлдиринг» тугмачасини босинг.
  • Шаклни тўлдиринг (ўз номингизга қайси – юридик шахс учун ёки жисмоний шахс учун мўлжалланган ЭРИни олмоқчи эканингизни танланг. Жисмоний шахс учун – СТИР, мобил телефон рақамини, юридик шахс учун корхонанинг СТИРи, номига ЭРИ бериладиган ходимнинг СТИРи ва мобил телефон рақамини киритиш керак бўлади).
  • «Кейинги қадам» тугмачасини босинг, сизга СМС кўринишида келган тасдиқловчи кодни киритиб, «Тасдиқлаш» тугмачасини босинг.
  • Паспорт фотосуратини бириктиринг.
  • Селфини бириктиринг.
  • ЭРИ калити сақланадиган компьютер дискини танлаб, уни эслаб қолинг.
  • Пароль ўйлаб топинг (эслаб қолинг ёки ёзиб олинг).
  • «.pfx файлини яратиш ва давом этиш» тугмачасини босинг.
  • Тизим генерациялайдиган электрон анкета билан танишиб чиқинг.
  • Ҳаммаси жойида бўлса, сўровномани жўнатинг ва унинг рақамини ёзиб олинг.

ЭРИни рўйхатдан ўтказиш ва уларга хизмат кўрсатиш маркази анкета тўлдирилганидан кейин 3 иш куни ичида ЭРИни бериш ёки беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади, бу ҳақда СМС орқали хабар берилади. Қуйидаги амалларни бажариб, сўровномани кўриб чиқиш натижаларини текшириб кўриш ҳам мумкин:

  • ЭРИни рўйхатдан ўтказиш ва уларга хизмат кўрсатиш марказининг e–imzo.uz сайтига ўтинг.
  • «Сўровномани топиш» тугмачасини босинг.
  • Сўровномангиз рақамини киритинг.

Ижобий қарор қабул қилиниб, сизга ЭРИ сертификати берилган бўлса, уни саҳифада кўрасиз. Уни сақлаб қўйинг. ЭРИ сертификатининг электрон нусхаси остида «Тасдиқлаш» тугмачаси бор, уни босинг.

3. ЭРИдан фойдаланишингиз мумкин 

  • ЭРИ сертификатини сўровнома расмийлаштирилган компьютердан – аризада кўрсатилган дискда топасиз. У ерга автоматик равишда тушади.
  • Сўровномани тўлдираётганда кўрсатган паролингиздан бошланғич пароль сифатида фойдаланинг. Уни кейин ўзгартиришингиз мумкин.
  • Олинган ЭРИдан давлат хизматларидан фойдаланиш, давлат органларига масофадан туриб мурожаат қилиш ва электрон тижорат эҳтиёжлари учун фойдаланиш мумкин.

Диққат

E–imzo сервисида ҳозирча техник ишлар олиб борилмоқда. Бу фойдаланувчилар учун бирмунча ноқулайлик туғдириши мумкин.

Ниманингдир уддасидан чиқмасангиз ёки саволлар юзага келса, (71) 202-32-32 (ички рақам 519 ёки 543) рақами орқали қўнғироқ қилинг.

Олег ГАЕВОЙ.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал