• beta

Асосий фаолиятдан олинадиган бошқа даромадлар қандай аниқланади

22.11.2019

Асосий фаолиятдан олинадиган бошқа даромадларни Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 090-сатрида акс эттиринг.

Бошқа даромадларни асосий фаолиятдан олинадиган бошқа даромадларни ҳисобга олувчи счётларда (9300) ҳисобга олинг.

Асосий фаолиятдан олинадиган бошқа даромадларнинг таркиби

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 090-сатрига қуйидагиларни киритинг:

  • асосий воситалар ва бошқа активларнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромадлар;
  • ундирилган жарималар ва пенялар;
  • ўтган йилларнинг фойдаси;
  • оператив ижарадан олинадиган даромадлар;
  • кредиторлик ва депонент қарзини ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадлар;
  • хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг даромадлари;
  • текин молиявий ёрдам;
  • бошқа операцион даромадлар.

АВ ва бошқа активларнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромадлар қандай аниқланади

Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан кўрилган молиявий натижани аниқлаш чоғида 5-сон БҲМС ва Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги  низомга    амал қилинг.

Қуйидаги ҳолларда асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан кўрилган молиявий натижани аниқланг:

  • тугатилганда;
  • реализация қилинганда;
  • айирбошланганда;
  • текинга берилганда;
  • бошқа корхонанинг устав капиталига берилганда;
  • молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича берилганда;
  • камомад ёки йўқотишлар аниқланганда;
  • чиқиб кетаётган муассисга берилганда.

Чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг:

МН = Т – ҚҚ – ҚҚС – Х + М + ҚБ, бунда:

МН – чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижа;

Т – тушум;

ҚҚ – қолдиқ қиймат;

ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи;

Х – харажатлар;

М – кирим қилинган материаллар, деталлар, эҳтиёт қисмлар;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

 

Бу – умумий формула. Турли вазиятларда айрим қўшилувчилар нолга тенг бўлиши мумкин.

Бошқа активларнинг (номоддий активлар, материаллар) чиқиб кетишидан кўрилган молиявий натижани аниқлаш учун айрим таркибий қисмлар бўлмаслиги мумкинлигини назарда тутган ҳолда ушбу формуладан фойдаланинг.

АВни тугатишдан кўрилган молиявий натижа қандай аниқланади

Қуйидаги сабабларга кўра АВдан келгусида фойдаланишнинг имкони бўлмаса ёки мақсадга мувофиқ бўлмаса, у тугатилади:

  • тўлиқ амортизация қилиниши;
  • ҳалокатлар, табиий офатлар, фойдаланиш шароитлари бузилиши;
  • маънан эскириши;
  • давлат органининг қарори;
  • корхонанинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, модернизация қилиниши ва техник қайта жиҳозланиши.

Тугатиш учун раҳбар ёки бош муҳандис раислик қиладиган комиссия тузинг. Унинг таркибига қуйидагиларни киритинг:

  • техник мутахассислар;
  • бухгалтерия ходимлари;
  • моддий жавобгар шахслар.

Таркибини буйруқ билан тасдиқланг.

Комиссия қабул қилган қарор натижаларини икки нусхада тузилган асосий воситаларни тугатиш тўғрисидаги далолатнома билан расмийлаштиринг. Далолатнома комиссия аъзолари томонидан имзоланиб, корхона раҳбари томонидан тасдиқланади. Биринчи нусхасини бухгалтерияга, иккинчисини АВнинг бут сақланиши учун масъул бўлган шахсга топширинг.

Тугатиш тўғрисидаги далолатнома тасдиқланганидан кейингина АВни қисмларга бўлинг ва демонтаж қилинг.

Тугатишни якунига етказгач, сарфланган харажатлар ва тугатиш натижасида келиб тушган моддий қимматликлар тўғрисида маълумотнома тузинг. 

Демонтаж қилинган АВнинг барча яроқли узеллари, деталлари, материалларини тугатиш комиссияси томонидан белгиланадиган эҳтимолий фойдаланиш нархи бўйича кирим қилинг.

АВни тугатишдан кўрилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг:

МН  = – ҚҚ – Х + М + ҚБ, бунда:

МН – чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижа;

ҚҚ – қолдиқ қиймат;

Х – харажатлар;

М – кирим қилинган материаллар, деталлар, эҳтиёт қисмлар;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

Мисол. Дастгоҳни тугатишдан олинадиган даромадни аниқлаш

Дастгоҳ жисмонан ва маънан тўлиқ эскирганлиги сабабли корхона уни балансдан ҳисобдан чиқарди.

  • Баланс қиймати – 20 000 минг сўм;
  • Эскириш суммаси – 20 000 минг сўм;
  • Демонтаж қилиш бўйича харажатлар: иш ҳақи – 3 000 минг сўм ва ЯИТ – 360 минг сўм;
  • Демонтаж қилишдан кейин кирим қилинган деталлар ва эҳтиёт қисмлар – 2 000 минг сўм;
  • Қайта баҳолаш сальдоси – 1 500 минг сўм.

Тугатишдан кўрилган молиявий натижани аниқлаймиз:

МН = - 3 360 + 2 000 + 1 500 = 140 минг сўм.

Молиявий натижа – ижобий. У Ҳисоботнинг 090-сатрига киритилади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Дастгоҳнинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди

20 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

0130-«Машина ва асбоб-ускуналар»

2

Дастгоҳнинг эскириш суммаси ҳисобдан чиқарилди

20 000

0230-«Машина ва асбоб-ускуналарнинг эскириши»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

3

Демонтаж қилиш бўйича харажатлар ҳисобдан чиқарилди

3 000

 

360

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»

4

Деталлар ва эҳтиёт қисмлар кирим қилинди

2 000

1040-«Эҳтиёт қисмлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

5

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

1 500

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6

Дастгоҳни тугатишдан олинадиган фойда аниқланди

140

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»


АВни реализация қилишдан кўрилган молиявий натижа қандай аниқланади

АВни реализация қилиш чоғида қуйидагиларни расмийлаштиринг:

  • олди-сотди шартномаси;
  • қабул қилиш-топшириш далолатномаси;
  • Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг  2-бўлимига мувофиқ ҳисобварақ-фактура.
Эътибор беринг
Реализация қилиш қийматини аниқлаётганда ҚҚС солиқ киритилмаган АВни реализация қилиш қийматига ҳисобланишини инобатга олинг. АВни қолдиқ қийматидан паст нархда реализация қилувчи умумбелгиланган ҚҚС тўловчилар учун қолдиқ қийматга солиқ солинади. ·

АВни реализация қилишдан кўрилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг:

МН = Т – ҚҚ – ҚҚС – Х + ҚБ, бунда

МН – чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижа;

Т – тушум;

ҚҚ – қолдиқ қиймат;

ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи;

Х – харажатлар;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

Мисол. Автомобилни реализация қилишдан олинадиган даромадни аниқлаш

Корхона 11 500 минг сўмга автомобилни реализация қилмоқда, шу жумладан ҚҚС – 1 500 минг сўм.

  • Автомобилнинг баланс қиймати – 16 000 минг сўм;
  • Эскириш – 7 000 минг сўм;
  • Қайта баҳолаш сальдоси – 600 минг сўм.

Реализация қилишдан кўрилган молиявий натижани аниқлаймиз:

МН = 11 500 – (16 000 – 7 000) – 1 500 + 600 = 1 600 минг сўм.

Автомобилни реализация қилишдан олинадиган фойдани Ҳисоботнинг 090-сатрига киритамиз.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Автомобилни реализация қилишдан олинадиган тушум акс эттирилди

11 500

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

2

ҚҚС ҳисобланди

1 500

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

3

Автомобилнинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди

16 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

0160-«Транспорт воситалари»

4

Автомобилнинг эскириши ҳисобдан чиқарилди

7 000

0260-«Транспорт воситаларининг эскириши»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

5

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

600

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6

Автомобилни реализация қилишдан олинадиган фойда аниқланди

1 600

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»


АВни айирбошлаш чоғида кўрилган молиявий натижа қандай аниқланади

АВни айирбошлаш чоғида қуйидагиларни расмийлаштиринг:

  • АВни айирбошлаш тўғрисида шартнома;
  • бериладиган ва олинадиган АВни қабул қилиш-топшириш далолатномалари;
  • Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг   2-бўлимига мувофиқ ҳисобварақ-фактура.  

АВни айирбошлаш қийматини шартномада белгиланг. АВ қийматлари фарқланса, қўшимча тўлов суммасини назарда тутинг.

АВни айирбошлаш чоғида кўрилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг:

МН = Қ + ҚТ – ҚҚ – ҚҚС – Х + ҚБ, бунда:

МН – чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижа;

Қ – ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда олинган АВ қиймати;

ҚТ – шартномада назарда тутилган бўлса, олинадиган АВ қийматига қўшимча тўлов суммаси;

ҚҚ – бериладиган АВнинг қолдиқ қиймати;

ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи;

Х – харажатлар;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

Мисол. Бир хил қийматли автомобиллар айирбошланганда олинадиган даромадни аниқлаш

Корхона 11 500 минг сўмлик қийматдаги, шу жумладан ҚҚС – 1 500 минг сўм, битта автомобилни бошқасига айирбошламоқда.

  • Баланс қиймати – 16 000 минг сўм;
  • Эскириш – 7 000 минг сўм;
  • Қайта баҳолаш сальдоси – 600 минг сўм.

Айирбошлашдан кўрилган молиявий натижани аниқлаймиз:

МН = 11 500 – (16 000 – 7 000) – 1 500 + 600 = 1 600 минг сўм.

Автомобилларни айирбошлашдан олинадиган фойдани Ҳисоботнинг 090-сатрига киритамиз.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Автомобилнинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди

16 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

0160-«Транспорт воситалари»

2

Автомобилнинг эскириши ҳисобдан чиқарилди

7 000

0260-«Транспорт воситаларининг эскириши»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

3

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

600

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

4

Айирбошланган автомобиль олинди

 

10 000

0160-«Транспорт воситалари»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

5

Айирбошлаб олинган автомобиль қийматидаги ҚҚС ҳисобга олинди

1 500

4410-«Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича аванс тўловлари»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6

Автомобилни бериш чоғида ҚҚС ҳисобланди

1 500

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

7

Автомобилларни айирбошлашдан олинадиган фойда аниқланди

1 600

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»

 

Қўшимча тўлов суммасига қуйидаги проводкани қўшинг:

  • қўшимча тўловни сиз тўласангиз: Дт 0100 – Кт 6990;
  • қўшимча тўловни сизга тўласалар: Дт 4890 – Кт 9210.

АВ текинга берилганда кўрилган молиявий натижа қандай аниқланади

Асосий воситалар текинга берилганда қуйидагиларни расмийлаштиринг:

  • АВни текинга бериш шартномаси;
  • АВни қабул қилиш-топшириш далолатномаси;
  • Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг   2-бўлимига мувофиқ ҳисобварақ-фактура.  
Norma тавсия қилади
АВни текинга бериш шартномасида уларнинг қийматини назарда тутишни тавсия этади. АВни текинга бериш шартномаси ва ҳужжатларида унинг қийматини кўрсатинг. Бу АВни олувчини унинг бозор қийматини ташқи манбалардан излашдан халос этади.

АВни текинга бериш чоғида кўрилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг:

МН = – ҚҚ – ҚҚС + ҚБ, бунда:

МН – чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижа;

ҚҚ – қолдиқ қиймат;

ҚҚС – АВнинг қолдиқ қийматига ҳисобланадиган қўшилган қиймат солиғи;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

Мисол. Компьютер текинга берилганда олинадиган даромадни аниқлаш

Корхона қолдиқ қиймати 200 минг сўмлик, ҚҚС – 30 минг сўм, компьютерни текинга бермоқда.

  • Баланс қиймати – 3 500 минг сўм;
  • Эскириш – 3 300 минг сўм;
  • Қайта баҳолаш сальдоси – 300 минг сўм.

Текинга беришдан кўрилган молиявий натижани аниқлаймиз:

МН = - (3 500 – 3 300) – 30 + 300 = 70 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Компьютернинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди

3 500

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

0150-«Компьютер жиҳозлари ва ҳисоблаш техникаси»

2

Компьютернинг эскириш суммаси ҳисобдан чиқарилди

3 300

0250-«Компьютер жиҳозлари ва ҳисоблаш техникасининг эскириши»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

3

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

300

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

4

ҚҚС ҳисобланди

30

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

5

 

Компьютерни текинга беришдан олинадиган фойда аниқланди

70

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»


АВни бошқа корхонанинг устав фондига бериш чоғида кўрилган молиявий натижа қандай аниқланади

Асосий восита таъсис шартномаси асосида бошқа корхонанинг устав фондига берилади. Бунда муассислар белгилаган уни бериш қиймати баланс (қолдиқ) қийматига мос келмаслиги мумкин.

АВни бошқа корхонанинг устав фондига беришдан кўрилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг:

МН = Қ – ҚҚ – ҚҚС – Х + ҚБ, бунда:

МН – чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижа;

Қ – АВни бериш қиймати;

ҚҚ – қолдиқ қиймат;

ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи;

Х – харажатлар;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

Мисол. Ускунани бошқа корхонанинг УФга бериш чоғида олинадиган даромадни аниқлаш

Корхона қиймати 23 000 минг сўмлик, шу жумладан ҚҚС – 3 000 минг сўм, ускунани бошқа корхонанинг УФга бермоқда.

  • Баланс қиймати – 30 000 минг сўм;
  • Эскириш – 12 000 минг сўм;
  • Қайта баҳолаш сальдоси – 3 000 минг сўм.

АВни беришдан кўрилган молиявий натижани аниқлаймиз:

МН = 23 000 – (30 000 – 12 000) – 3 000 + 3 000 = 5 000 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Ускунани бошқа корхонанинг УФга бериш қиймати акс эттирилди

23 000

0690-«Бошқа узоқ муддатли инвестициялар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

2

ҚҚС ҳисобланди

3 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

3

Ускунанинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди

30 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

0130-«Машина ва асбоб-ускуналар»

4

Ускунанинг эскириш суммаси ҳисобдан чиқарилди

12 000

0230-«Машина ва асбоб-ускуналарнинг эскириши»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

5

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

3 000

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6

 

Ускунани бошқа корхонанинг УФга беришдан олинадиган фойда аниқланди

5 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»


АВни молиявий ижарага беришдан кўрилган молиявий натижа қандай аниқланади

АВ молиявий ижарага берилганда ҳисобда кечиктирилган даромад (харажат) сифатида акс эттиринг. Ижара тўлови ҳисобланишига қараб уни бир маромда бошқа даромадларга (харажатларга) ҳисобдан чиқаринг  .

АВни молиявий ижарага беришдан кўрилган кечиктирилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг

КМН = Қ – ҚҚ – ҚҚС + ҚБ, бунда:

КМН – чиқиб кетишдан кўрилган кечиктирилган молиявий натижа;

Қ – АВни ҚҚС билан ижарага бериш қиймати;

ҚҚ – қолдиқ қиймат;

ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

Мисол. Дастгоҳни молиявий ижарага беришдан олинадиган кечиктирилган даромадни аниқлаш

Корхона қиймати 34 500 минг сўмлик, шу жумладан ҚҚС – 4 500 минг сўм, дастгоҳни 3 йилга молиявий ижарага бермоқда.

  • Баланс қиймати – 40 000 минг сўм;
  • Эскириш – 10 000 минг сўм;
  • Қайта баҳолаш сальдоси – 3 000 минг сўм.

Дастгоҳни молиявий ижарага беришдан кўрилган кечиктирилган молиявий натижани аниқлаймиз:

КМН = 34 500 – (40 000 – 10 000) – 4 500 + 3 000 = 3 000 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Дастгоҳнинг ижарага берилиши акс эттирилди

11 500


23 000

4810-«Молиявий ижара бўйича олинадиган тўловлар – жорий қисм»

0920-«Молиявий ижара бўйича олинадиган тўловлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

2

ҚҚС ҳисобланди

4 500

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

3

Дастгоҳнинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди

40 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

0130-«Машина ва асбоб-ускуналар»

4

Дастгоҳнинг эскириши ҳисобдан чиқарилди

10 000

0230-«Машина ва асбоб-ускуналарнинг эскириши»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

5

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

3 000

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6

Дастгоҳни молиявий ижарага беришдан олинадиган кечиктирилган даромад аниқланди

1 000

2 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6230-«Бошқа кечиктирилган даромадлар»

7230-«Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар»

7

Кечиктирилган даромаднинг бир қисми молиявий натижага ҳисобдан чиқарилди (ҳар ой)

83,3

6230-«Бошқа кечиктирилган даромадлар»

9390-«Бошқа операцион даромадлар»


Эътибор беринг
Молиявий ижарадан олинадиган фоизли даромад узоқ муддатли активларнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромад ҳисобланмайди. У – молиявий фаолиятдан олинадиган даромад. Шу сабабли уни Ҳисоботнинг 090-сатрига киритманг.

АВ камомади ёки йўқотилиши аниқланганда кўрилган молиявий натижа қандай аниқланади

АВ камомади ёки йўқотилиши инвентарлаш натижасида аниқланади, у АВ бўйича 2 йилда камида бир марта, кутубхона фондлари бўйича эса 5 йилда камида бир марта ўтказилади  .

АВ камомади ёки йўқотилиши чоғида уларнинг чиқиб кетишидан кўрилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг:

МН = – ҚҚ + ҚБ, бунда:

МН – чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижа;

ҚҚ – қолдиқ қиймат;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

Мазкур вазиятда қайта баҳолаш сальдоси қолдиқ қийматдан ошса, чиқиб кетишдан даромад олиниши мумкин.

АВни чиқиб кетаётган муассисга бериш чоғида кўрилган молиявий натижа қандай аниқланади

 АВни чиқиб кетаётган муассисга бериш чоғида қуйидагиларни инобатга олинг:

  • муассисга тўланган сумманинг унинг ҳиссасидан ошиши 5%лик ставкада солиқ солинадиган дивидендлар ҳисобланади;
  • дивидендларни тўлаш ҳисобига мол-мулкнинг берилиши – ҚҚС солинадиган оборот.  

 АВни иштирокчилар йиғилишининг қарори асосида ёки таъсис ҳужжатларига мувофиқ беринг. Бериш чоғида қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг.

АВ чиқиб кетишидан кўрилган молиявий натижани қуйидаги формула бўйича аниқланг:

МН = Қ – ҚҚ – ҚҚС + ҚБ, бунда:

МН – чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижа;

Қ – АВни ҚҚС билан бериш қиймати;

ҚҚ – қолдиқ қиймат;

ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи;

ҚБ – чиқиб кетаётган АВга тааллуқли қисмда қайта баҳолаш сальдоси.

Мисол. Чиқиб кетаётган муассисга автомобилни беришдан олинадиган фойдани аниқлаш

Корхона чиқиб кетаётган муассисга 35 000 минг сўм миқдоридаги улушни бермоқда. Шу жумладан:

1. ҳисса суммаси – 20 000 минг сўмни пул билан тўламоқда;
2. дивидендлар суммаси – 15 000 минг сўмга автомобиль бермоқда.

  • Автомобилнинг баланс қиймати – 16 000 минг сўм;
  • Эскириш – 6 000 минг сўм;
  • Қайта баҳолаш сальдоси – 3 000 минг сўм.

Дивидендлар тарзидаги даромад солиғи:  15 000 х 5% = 750 минг сўм.

Солиқ чегириб қолинган дивидендлар: 15 000 – 750 = 14 250 минг сўм. Бу – ҚҚС ҳисобга олинган автомобиль қиймати. ҚҚСни ажратиб оламиз:

14 250 / 115 х 15 = 1 858,7 минг сўм.

Автомобилни беришдан кўрилган молиявий натижани аниқлаймиз:

МН = 14 250 – (16 000 – 6 000) – 1 858,7 + 3 000 = 5 391,3 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Чиқиб кетаётган муассисга унинг ҳиссаси бўйича қарз ҳисобланди

20 000

8330-«Пай ва улушлар»

6620-«Чиқиб кетаётган муассисларга улушлари бўйича қарз»

2

Ҳисса суммаси пул маблағлари билан тўланди

20 000

6620-«Чиқиб кетаётган муассисларга улушлари бўйича қарз»

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

3

Дивидендлар ҳисобланди

15 000

8720-«Жамғарилган фойда»

6610-«Тўланадиган дивидендлар»

4

Дивидендлардан солиқ ушлаб қолинди

750

6610-«Тўланадиган дивидендлар»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

5

Автомобиль қиймати аниқланди

14 250

6610-«Тўланадиган дивидендлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6

ҚҚС ҳисобланди

1 858,7

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

7

Автомобилнинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди

16 000

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

0160-«Транспорт воситалари»

8

Автомобилнинг эскириши ҳисобдан чиқарилди

6 000

0260-«Транспорт воситаларининг эскириши»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

9

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

3 000

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

10

Чиқиб кетаётган муассисга автомобилни беришдан олинадиган фойда аниқланди

5 391,3

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

9390-«Бошқа операцион даромадлар»


Ундирилган жарима ва пенялардан олинадиган даромад қандай ҳисобга олинади

Қуйидаги санкцияларни бошқа даромадларга киритинг:

  • қарздор тўлаган;
  • қарздор тан олган;
  • суднинг ҳал қилув қарорига кўра тўланиши лозим бўлган.

Қарздорнинг санкцияларни тан олганлиги далилини солиштириш далолатномаси билан тасдиқлаш лозим. Қарздор уни имзолаган бўлса, санкция суммасини даромадга киритинг.

Мисол. Қарздор тасдиқлаган ва тўлаган жаримани ҳисобга олиш

Етказиб берувчи шартнома шартларини бузганлиги учун харидорнинг даъвоси ва солиштириш далолатномаси асосида 10 000 минг сўм миқдорида жарима тўлади.

Харидор корхонадаги бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Етказиб берувчи тан олган жарима ҳисобланди 

10 000

4860-«Даъволар бўйича олинадиган счётлар»

9330-«Ундирилган жарима, пеня ва устамалар»

2

Етказиб берувчидан жарима олинди

10 000

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

4860-«Даъволар бўйича олинадиган счётлар»


Ўтган йилларнинг фойдаси қандай ҳисобга олинади

Ҳисобот йилида аниқланган ўтган йилларнинг фойдаси одатда ўтган даврларда йўл қўйилган хатолар натижасида юзага келади. Масалан, товарни етказиб бериш бўйича ҳисобварақ-фактура бухгалтерияга ўз вақтида топширилмаган бўлиши мумкин.

Арзимас хатога йўл қўйилган бўлса, аниқланган фойдани бошқа даромадларга киритинг.

Жиддий хатога йўл қўйилган бўлса:

1. ҳисобот йили бошида тақсимланмаган фойда сальдосига ва, тегишинча, активлар, мажбуриятлар счётларига ёки операциянинг характерига қараб бошқаларга тузатиш киритинг;

2. хато аниқланган давр ҳали солиқ органлари томонидан текширилмаган бўлса, молиявий ҳисоботни қайта топширинг.

Қандай миқёсда хатога йўл қўйилганда молиявий ахборот ишончсиз бўлиб қолишини баҳолаб, жиддийлик мезонини мустақил равишда белгиланг. Мезонни қатъий белгиланган суммада ёки баланс валютаси, соф активлар ёки бошқа кўрсаткичларга нисбатан фоизда белгилашингиз мумкин.

Жиддийлик мезонини ҳисоб сиёсатида акс эттиринг. У белгиланмаган бўлса, ҳар қандай хато жиддий бўлади.

Хатонинг жиддийлигидан қатъи назар, у дахл этган солиқлар бўйича солиқ ҳисоботини қайта топширинг, башарти:

  • солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати – 5 йил ўтмаган бўлса;
  • хато аниқланган давр солиқ органлари томонидан текширилмаган ёки текширилган, бироқ тузатиш киритилгандан сўнг солиқ суммаси ошадиган бўлса.

Бунда солиқларни тузатиш киритаётган даврдаги ставкалар бўйича қайта ҳисобланг.

Мисол. Жорий йилда аниқланган ўтган йилги хатони ҳисобда акс эттириш

Бухгалтерия ўтган йили 700 минг сўмлик (ҚҚСсиз) хизматлар кўрсатилиши бўйича ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмаганлигини аниқлади.  

I вариант – жиддийлик мезони 1 000 минг сўм.

Хато суммаси жиддийлик мезонидан паст, шу сабабли уни жорий даврда акс эттирамиз.

II вариант – жиддийлик мезони 100 минг сўм.

Хато суммаси жиддийлик мезонидан юқори, шу сабабли йил бошида тақсимланмаган фойда сальдосини ва хизматларни олувчи бўйича кредиторлик қарзини жорий даврда оширамиз.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

I вариант – хато суммаси жиддийлик мезонидан паст

1

Ўтган йилнинг фойдаси бошқа даромадларга киритилди  

700

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

9340-«Ўтган йиллар фойдалари»

II вариант – хато суммаси жиддийлик мезонидан юқори 

2

Ўтган йилнинг фойдаси тақсимланмаган фойдага киритилди

700

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

8720-«Жамғарилган фойда»


Оператив ижарадан олинадиган даромадлар қандай ҳисобга олинади

Ижара тўловининг суммаси мол-мулкни оператив ижарага беришдан олинадиган даромаддир   .

Сиз учун ижара йил бошидан ҳисобот чораги якунларига кўра асосий фаолият тури бўлмаса, уни бошқа даромадларга киритинг. Акс ҳолда уни хизматларни реализация қилишдан олинадиган даромад сифатида ҳисобга олиб, Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 010-сатрида акс эттиринг.

Шартнома шартларига кўра ижарага олувчи коммунал хизматлар, электр энергияси ва алоқа хизматлари қийматини қопласа, ҳисобварақ-фактурада қоплам суммасини алоҳида сатрда акс эттиринг. Улар корхона даромадига киритилмайди.

Мисол. Оператив ижарадан олинадиган даромадни ҳисобга олиш

Корхона ҳар ой оператив ижарадан 11 500 минг сўм, шу жумладан ҚҚС – 1 500 минг сўм, даромад олади. Корхона учун ижара – асосий фаолият тури эмас.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Оператив ижарадан олинган даромад ҳисобланди

10 000

4820-«Оператив ижара бўйича олинадиган тўловлар»

9350-«Оператив ижарадан даромадлар»

2

ҚҚС ҳисобланди

1 500

4820-«Оператив ижара бўйича олинадиган тўловлар»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

3

Ижара тўлови олинди

11 500

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

4820-«Оператив ижара бўйича олинадиган тўловлар»

 

Мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадлар қандай ҳисобга олинади

Мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадларга ҳисобдан чиқарилган қуйидаги мажбуриятларни киритинг:

  • даъво муддати – 3 йил ўтгач   ; 
  • суднинг ёки ваколатли давлат органининг қарори бўйича.

Ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган мажбуриятлар – турли сабабларга кўра сўндирилмаган:

  • етказиб берувчилар, пудратчилар, муассислар, харидорлар олдидаги кредиторлик қарзлари. Масалан, кредиторнинг тугатилиши, шартнома шартлари бўйича унинг тарафлари ўртасидаги ихтилофлар, корхонангизнинг тўловга ноқобиллиги ва ҳ.к. сабабли;
  • тўланмаган иш ҳақи ёки бошқа ҳисобланмалар бўйича, мисол учун, ходим ишдан бўшаган ва у билан алоқа боғлаб бўлмаса, ходимлар олдидаги депонент қарздорлик.

Мисол. Мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадни ҳисобга олиш

Корхона 2018 йил декабрдаги инвентарлаш якунларига кўра 2015 йилда юзага келган, даъво муддати ўтган қарзни даромадга ҳисобдан чиқаради:

  • етказиб берувчи тугатилганлиги муносабати билан сўндирилмаган унинг олдидаги кредиторлик қарзи – 2 000 минг сўмни;
  • собиқ ходим бошқа мамлакатга кўчиб кетганлиги муносабати билан сўндирилмаган депонент қарздорлик – 300 минг сўмни.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма,

 минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Етказиб берувчи олдидаги кредиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилди

2 000

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар»

2

Собиқ ходим олдидаги депонент қарздорлик ҳисобдан чиқарилди

300

6720-«Депонентланган иш ҳақи»

9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар»


Қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарз суммаларини даромад таркибига киритманг.

Хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан олинадиган даромадлар қандай ҳисобга олинади

Хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг фаолияти корхонанинг асосий фаолияти – товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ эмас.

Хизмат кўрсатувчи хўжаликларга қуйидагилар киради:

  • ёрдамчи хўжаликлар;
  • уй-жой-коммунал хўжалик объектлари;
  • ижтимоий-маданий соҳа объектлари, ошхоналар, буфетлар ва ҳ.к.

СК 139-моддасида уларнинг тўлиқ рўйхати келтирилган.

Бундай хўжаликлар корхонанинг асосий фаолиятига хизмат кўрсатишга ёхуд унинг ходимларининг меҳнат ва маиший шароитларини таъминлашга қаратилган. Айни пайтда улар ўз фаолият натижаларини чет шахсларга реализация қилишлари мумкин.

Хизмат кўрсатувчи хўжалик мақсадли фаолият доирасида оладиган даромадларни корхонадан ёки ходимлардан тушадиган тушумлар ва ушбу фаолият билан боғлиқ харажатлар ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланг.

Бунинг учун счётларнинг ишчи режасига ёрдамчи счётни киритинг. Масалан, 9230-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар маҳсулот (иш, хизмат)ларининг чиқиб кетиши» счётини. Счётнинг дебети бўйича – уларга доир харажатларни, кредити бўйича эса тушган тушумни акс эттиринг. Счёт бўйича сальдо хизмат кўрсатувчи хўжалик фаолиятидан кўрилган молиявий натижани кўрсатади.

Бундай хўжаликлар бир нечта бўлса, ҳар бири бўйича даромадларни алоҳида аниқланг.

Ёрдамчи хўжаликларингиз чет шахсларга тўлов эвазига хизматлар кўрсатса, хўжаликнинг ушбу даромад ва харажатларини корхонанинг алоҳида фаолият тури сифатида ҳисобга олинг.

Мисол. Хизмат кўрсатувчи хўжаликнинг даромадлари ва харажатларини ҳисобга олиш

Корхона болалар боғчасига эга. Унинг ойлик харажатлари – 18 840 минг сўм, шу жумладан:

  • моддий харажатлар – 10 000 минг сўм;
  • ходимларнинг иш ҳақи – 7 000 минг сўм;
  • ЯИТ – 840 минг сўм;
  • АВ эскириши – 1 000 минг сўм.

Болалар боғчаси хизматларини реализация қилишдан тушган тушум – ҚҚСсиз 24 000 минг сўм.

Шу жумладан:

  • корхона ходимларидан – 20 000 минг сўм;
  • чет шахслардан – 4 000 минг сўм.

Корхона ходимларига хизматларни реализация қилишдан олинадиган даромадни улардан тушган тушум ва ушбу тушумга тўғри келадиган харажатлар ўртасидаги фарқ сифатида аниқлаймиз.

Харажатлар улушини нисбатига қараб аниқлаймиз:

20 000 /  24 000 х 18 840 = 15 700 минг сўм.

Хизмат кўрсатувчи хўжалик олган даромад: 20 000 – 15 700 = 4 300 минг сўм.

Чет шахслардан тушган тушумни хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромад сифатида ҳисобга оламиз. Ушбу даромадларга тўғри келадиган харажатларни – хизматлар таннархи сифатида:

18 840 – 15 700 = 3 140 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби учун харажатларнинг ҳар битта моддаси ҳар бир манбадан тушган тушум улушига мутаносиб равишда тақсимланиши зарур.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

Корхона ходимларига реализация қилишдан даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш

1

Хизмат кўрсатувчи хўжаликнинг корхона ходимларига кўрсатилган хизматларга тааллуқли харажатлари ҳисобга олинди

15 700

2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар»

1000-Материалларни ҳисобга олувчи счётлар;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»;

0200-Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар

2

Хизмат кўрсатувчи хўжаликнинг харажатлари ҳисобдан чиқарилди

15 700

9230-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар маҳсулот (иш, хизмат)ларининг чиқиб кетиши»

2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар»

3

Корхона ходимларига хизматларни реализация қилишдан тушган тушум ҳисобланди

20 000

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

9230-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар маҳсулот (иш, хизмат)ларининг чиқиб кетиши»

4

Хизмат кўрсатувчи хўжаликдан олинадиган даромад бошқа даромадга киритилди 

4 300

9230-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар маҳсулот (иш, хизмат)ларининг чиқиб кетиши»

9370-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар даромадлари»

Чет шахсларга реализация қилишдан даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш

5

Чет шахсларга кўрсатилган хизматларга тааллуқли харажатлар ҳисобга олинди 

3 140

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

1000-Материалларни ҳисобга олувчи счётлар;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»;

0200-Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар

6

Харажатлар хизматлар таннархига ҳисобдан чиқарилди

3 140

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

7

Чет шахсларга хизматларни реализация қилишдан тушган тушум ҳисобланди

4 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»


Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот сатрларида қуйидагиларни акс эттирамиз:

  • 010-«Маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан соф тушум» – 4 000 минг сўм; 
  • 020-«Сотилган маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларнинг таннархи» – 3 140 минг сўм; 
  • 090-«Асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари» – 4 300 минг сўм. 

Текин молиявий ёрдам қандай ҳисобга олинади

Фақат текинга олинган, қайтарилмайдиган пул маблағларини текин молиявий ёрдамга киритинг

Уларни 9380-«Текин молиявий ёрдам» счётида ҳисобга олинг.

Унга қуйидагилар кирмайди:

  • Қарз маблағлари;
  • Текинга олинган бошқа турдаги мол-мулк. Масалан, АВ, НМА, материаллар, маҳсулотлар ва ҳ.к.

Қарз олувчи тўловга ноқобил бўлганда, тарафлар қарздан кечиш тўғрисида ўзаро келишувга келмасалар, қарзга олинган пул маблағлари текин молиявий ёрдам бўлиши мумкин. Бу ҳолда қарзга доир қарздорликни келишув тузилган санада бошқа даромадга ўтказинг. 

 

Мисол. Қарзга олинган пул маблағларини текин молиявий ёрдамга ўтказиш

Корхона олинган қисқа муддатли қарз – 10 000 минг сўм бўйича қарздорликка эга. Қарз белгиланган муддатда қайтарилмаган. Томонлар қарздан кечиш тўғрисида келишув имзоладилар. Келишув имзоланган санада корхона қарзга доир қарздорликни бошқа даромад ҳисобига ўтказди.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Қисқа муддатли қарз олинди 

10 000

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

2

Қарзга доир қарздорлик бошқа даромадга ўтказилди

10 000

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

9380-«Текин молиявий ёрдам»


Текинга олинган мол-мулк (пулдан ташқари) даромадлар счётларида ва Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилмайди.

Бунинг учун 8530-«Текинга олинган мулк» счётидан фойдаланинг.

Бироқ солиқ солиш мақсадида у жами даромадга киритилади ва Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 030-сатрида акс эттирилади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал