Даромадга кирмайдиган тушумларнинг суммаси қандай аниқланади
Солиқ солиш мақсадида даромад сифатида қаралмайдиган даромадлар:
- Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-иловада шакллантирилади;
- 1-илованинг 010-сатрида жамланади (020-060-сатрлар йиғиндиси);
- Ҳисоб-китобнинг 011-сатрида акс эттирилади.
1-иловада қуйидагиларни акс эттиринг:
- Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бошқа шахслардан текинга олинган пул маблағлари;
- суғурта шартномалари бўйича суғурта товони;
- бюджетдан берилган субсидиялар;
- бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммалари;
- нотижорат ташкилотларининг бошқа даромадлари.
Ҳар бир бандни батафсил кўриб чиқамиз.
Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида текинга олинган маблағлар
Ўзбекистон Президентининг ёки ВМнинг қарори асосида текин олинган мол-мулк, ишлар ва хизматларга даромад сифатида қаралмайди .
Бундай қарорлар айрим фаолият соҳалари ёки тармоқларни ривожлантириш мақсадида қабул қилинади. Масалан, рақамли иқтисодиёт ривожланишини рағбатлантириш учун Президентнинг 21.11.2018 йилдаги 4022-сон қарори билан «Рақамли ишонч» жамғармаси ташкил этилган. Жамғарма томонидан ушбу қарорга мувофиқ олинган мол-мулк фойда солиғи бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди .
Президентнинг ёки ВМнинг қарорлари асосида бошқа шахслардан текинга олинган пул маблағларини Ҳисоб-китобга 1-илованинг 020-сатрида акс эттиринг.
Суғурта шартномалари бўйича суғурта товони
Корхона эҳтимолий хавф-хатарларни суғурталаши мумкин, айрим ҳолларда эса суғурталаши шарт. Улар мол-мулк, битимлар тарафларининг мажбуриятлари бўйича жавобгарлик ва ташкилот фаолиятининг бошқа жиҳатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Суғурта шартномасига кўра корхона суғурта ташкилотига суғурта мукофоти тўлайди. Суғурта ташкилоти ўз навбатида суғурта ҳодисаси юз берганда корхонага кўрилган зарарларнинг (қилинган харажатларнинг) суғурта товонини тўлайди. Уларнинг рўйхати суғурта шартномасида қайд этилади.
Олинган суғурта товони суммасини 9390-«Бошқа операцион даромадлар» счётида ҳисобга олинг. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда уни 090-«Асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари» сатрига киритинг.
Суғурта товони кўринишида олинган маблағларни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 030-сатрида акс эттиринг.
Мисол. ЙТҲ юз берганда суғурта товонини ҳисобга олиш
Корхона автомобилни 5 000 минг сўмга суғурта қилди. Автомобиль ЙТҲга учради, суғурта компанияси корхонага 2 000 минг сўм миқдорида суғурта товони тўлайди.
Товон суммаси – 2 000 минг сўм солиқ солиш мақсадида корхонанинг даромади ҳисобланмайди.
Т/р |
Операция |
Сумма, минг сўмда |
Дебет |
Кредит |
1 |
Суғурта мукофоти бўйича корхонанинг қарзи акс эттирилди |
5 000 |
3120-«Олдиндан тўланган хизмат ҳақи» |
6510-«Суғурта бўйича тўловлар» |
2 |
Суғурта мукофоти тўланди |
5 000 |
6510-«Суғурта бўйича тўловлар» |
5110-«Ҳисоб-китоб счёти» |
3 |
Суғурта компаниясининг суғурта товони бўйича қарзи акс эттирилди |
2 000 |
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» |
9390-«Бошқа операцион даромадлар» |
4 |
Суғурта товони келиб тушди |
2 000 |
5110-«Ҳисоб-китоб счёти» |
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» |
Norma тавсия қилади
Бюджетдан берилган субсидиялар
Улар – муайян мақсадлар учун мўлжалланган ва даромадга киритилмайдиган маблағлар.
Улар:
- муайян мақсадлар учун бюджетдан олинган пул маблағлари;
- мақсадли имтиёзлар бўлиши мумкин.
Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 1-иловаси 040-сатрида бюджетдан олинган пул маблағларинигина акс эттиринг. 1-иловада мақсадли имтиёзлар акс эттирилмайди. Улар учун 4-илова назарда тутилган.
Мақсадли бюджет маблағларини олганда уларни 8820-«Субсидиялар» счётининг кредити бўйича ҳисобга олинг. Улардан мақсадли фойдаланишни – ушбу счётнинг дебети бўйича.
Бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги ҳисобдан чиқарилган қарз
Даъво муддати (3 йил) ўтган, шунингдек суд ёки давлат органининг қарорига кўра ҳисобдан чиқарилган мажбуриятлар даромадга киритилади ва 9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар» счётида акс эттирилади.
Бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммалари ушбу счётнинг ўзида акс эттирилади.
Хусусан, корхонада умидсиз деб тан олинган солиқ қарзини қоплаш учун етарли мол-мулк бўлмаса, у тугатиш босқичида ҳисобдан чиқарилади.
Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби махсус Низом билан белгиланган.
Солиқ қарзи умидсиз деб тан олинган бўлса, сизда солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан қабул қилинган уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор бўлиши керак.
Бундай қарор мавжуд бўлганда солиқ солиш мақсадида солиқ қарзининг ҳисобдан чиқарилган суммасини даромадга киритманг .
Умидсиз солиқ қарзининг ҳисобдан чиқғарилган суммасини қуйидагиларда акс эттиринг:
- 9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар» счётининг кредити бўйича;
- Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 090-«Асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари» сатрида;
- Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 050-сатрида.
Нотижорат ташкилотларининг бошқа даромадлари
Нотижорат ташкилотлар бошқа ташкилотлар сингари бошқа даромадларни Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирадилар.
Бунда ушбу даромадларга фойда солиғи солинмайди, қуйидаги даромадлар бундан мустасно :
- оператив ижарага беришдан олинадиган;
- молиявий ижарага беришдан олинадиган;
- роялти тарзидаги.
Бошқа даромадларни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чиқариб ташлаш учун Ҳисоб-китобга 1-илованинг 060-сатрида акс эттиринг.
Мисол. Нотижорат ташкилотининг бошқа даромадларини ҳисоб ва ҳисоботда акс эттириш
Нотижорат ташкилоти ҳисобот даврида қуйидаги бошқа даромадларни олди:
- хизмат автомобилини реализация қилишдан – 5 000 минг сўм;
- депонент қарзни ҳисобдан чиқаришдан – 1 000 минг сўм;
- офис хоналарини оператив ижарага беришдан – 8 050 минг сўм, шу жумладан ҚҚС – 1 050 минг сўм.
Бухгалтерия ҳисоби:
Т/р |
Операция |
Сумма, минг сўмда |
Дебет |
Кредит |
1 |
Хизмат автомобилини реализация қилишдан олинган даромад акс эттирилди |
5 000 |
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» |
9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда» |
2 |
Депонент қарзни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромад акс эттирилди |
1 000 |
6720-«Депонентланган иш ҳақи» |
9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар» |
3 |
Оператив ижарага беришдан олинган даромад акс эттирилди |
7 000 |
4820-«Оператив ижара бўйича олинадиган тўловлар» |
9350-«Оператив ижарадан даромадлар» |
4 |
ҚҚС ҳисобланди |
1 050 |
4820-«Оператив ижара бўйича олинадиган тўловлар» |
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз» |
Нотижорат ташкилоти қуйидагиларни акс эттиради:
- Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 090-«Асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари» сатрида: 5 000 + 1 000 + 7 000 = 13 000 минг сўм;
- Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-«Солиқ солиш мақсадида даромад сифатида эътироф этилмайдиган даромадлар» иловасининг 010 ва 060-сатрларида: 5 000 + 1 000 = 6 000 минг сўм. Ижарадан олинадиган даромадни бу ерга киритмаймиз, сабаби унга фойда солиғи солинмайди;
- Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 011-сатрида: 6 000 минг сўм.