• beta

Фойда солиғи ҳисоб-китобини қандай тузиш керак

16.07.2019

Ҳисоб-китоб қачон тақдим этилади

Фойда солиғи ҳисоб-китобини чоракда бир марта тузиб, қуйидаги муддатлардан кечиктирмай солиқ органларига тақдим этинг:

  • I чорак учун – 25 апрель;
  • II чорак учун – 25 июль;
  • III чорак учун – 25 октябрь;
  • IV чорак учун – кейинги йилнинг 15 феврали  .

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар IV чорак учун ҳисоб-китобни кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай тақдим этадилар .

Доимий муассасалар (ДМ) фойда солиғи ҳисоб-китобини йилда бир марта 25 мартдан кечиктирмай тақдим этадилар. ДМ фаолиятини тўхтатганда фаолиятни тўхтатганидан кейин бир ой ичида ҳисоб-китобни тақдим этади.

Ҳисоб-китобни тузиш тартиби

Фойда солиғи ҳисоб-китобини сўмда тўлдиринг.

Барча кўрсаткичларни йил бошидан ортиб борувчи якун билан акс эттиринг. Масалан, II чорак учун ҳисоб-китоб тузаётган бўлсангиз, жорий йилнинг I ярим йиллиги учун кўрсаткичларни акс эттирасиз.

 

Эътибор беринг
Ушбу қоидадан истисно мавжуд. Йил давомида умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган бўлсангиз, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган ойдан бошлаб барча кўрсаткичларни ортиб борувчи якун билан акс эттиринг.

 

 

Ҳисоб-китобнинг ҳар бир сатрини кўриб чиқамиз:

Солиқ тўлангунга қадар фойда (зарар)

010-сатр – Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўлангунга қадар фойда (зарар) («Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот» 2-сон шаклнинг 240-сатри).

Фойда солиғи тўлангунга қадар кўрилган фойда ёки зарарни аниқлаш учун:

  • ҳисобот чорагидаги барча хўжалик операцияларини буҳгалтерия ҳисобида акс эттиринг;
  • барча даромадлар счётларини ёпинг, реализация қилишдан тушган соф тушумни ва бошқа даромадларни аниқланг;
  • барча харажатлар счётларини ёпинг, реализация қилинган маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархини ва давр харажатларини шакллантиринг.

Молиявий натижаларни шакллантираётганда Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомда   келтирилган даромад ва харажатлар таснифига риоя этинг.

Молиявий натижаларни шакллантириш тартиби ҳақида бу ерда ўқинг.

Молиявий натижа ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Салбий натижани Ҳисоб-китобнинг 010-сатрида айирув белгиси билан акс эттиринг.

Даромадга кирмайдиган тушумлар

011-сатр – Солиқ солиш мақсадида даромад сифатида эътироф этилмайдиган даромадлар (Ҳисоб китобга 1-илованинг 010-сатри).

Даромадга киритилмайдиган тушумлар ҳақида бу ерда ўқинг.

Таннархидан паст нархда реализация қилишдан кўрилган зарарлар

020-сатр Товарларни (ишларни, хизматларни) таннархидан паст баҳоларда реализация қилишдан ва текин беришдан кўрилган зарарлар.

Ҳисобот даврида қуйидаги ҳолатлар юз берган бўлса, ушбу сатрни тўлдирасиз:

  • товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш чоғида реализация қилиш нархи таннархидан ёки сотиб олиш нархидан паст бўлганда;
  • товарлар, ишлар, хизматлар текинга берилганда  .

 

 

Эътибор беринг
  • Ҳар бир товар турини реализация қилишнинг ҳар бир далили бўйича зарарни аниқлаш – тўғри.
  • Ҳисобот даврида барча товарларнинг жами реализацияси бўйича зарарни аниқлаш – нотўғри.

Мисол 

Ҳисобот даврида А ва В маҳсулотларини реализация қилиш қиймати – 10 000 минг сўм ва 20 000 минг сўм. Таннархи, тегишинча, – 12 000 минг сўм ва 19 000 минг сўм.

Реализация қилишдан кўрилган зарарни аниқлаймиз:

Кўрсаткич

Тўғри

Нотўғри

 

А маҳсулоти

В маҳсулоти

А маҳсулоти

В маҳсулоти

Реализация қилиш қиймати

10 000

20 000

30 000

Таннарх

12 000

19 000

31 000

Реализация қилишдан кўрилган зарар

2 000

1 000

Биринчи ҳолатда зарарни ҳар бир маҳсулот бўйича алоҳида аниқлаймиз. А маҳсулоти бўйича у 2 000 минг сўмни ташкил этди. Ушбу суммани Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида акс эттирамиз. В маҳсулоти бўйича зарар мавжуд эмас.

Иккинчи ҳолатда иккала маҳсулот бўйича жами зарар аниқланган. 1 000 минг сўмлик зарар суммаси биринчи ҳолатдагига қараганда камроқ, сабаби А маҳсулотини реализация қилишдан кўрилган зарарнинг бир қисми В маҳсулотини реализация қилишдан кўрилган даромад ҳисобидан ёпилган. Бу нотўғри! Зарар суммасининг камайиши фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базанинг камайишига ва солиқнинг нотўғри аниқланишига олиб келади.

Мисол 

Ҳисобот даврида А товари реализация қилинди: 

10 донаси 1 000 минг сўмдан жами 10 000 минг сўмга;

10 донаси 800 минг сўмдан жами 8 000 минг сўмга.

А товарини сотиб олиш нархи – 900 минг сўм.

Реализация қилишдан кўрилган зарарни аниқлаймиз:

Кўрсаткич

Тўғри

Нотўғри

 

I
битим

II
битим

I
битим

II
битим

Реализация қилиш қиймати

10 000

8 000

18 000

Таннарх

9 000

9 000

18 000

Реализация қилишдан кўрилган зарар

1 000

Бир турдаги товар турли нархларда сотилган, шу сабабли реализация қилишдан кўрилган зарарни тўғри аниқлаш учун ҳар бир битимни алоҳида кўриб чиқамиз. Ушбу ҳолатда 1 000 минг сўм зарар кўрилган, у Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида акс эттирилади.

Умуман А товари бўйича ҳисоб-китоб қилинганда зарар кўрилмаган бўлиб чиқади, сабаби биринчи битимдан олинган даромад иккинчи битимдан кўрилган зарарни қоплайди. Бу нотўғри!

Товарни харид қилиш қийматини аниқлаш чоғида уни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларни ҳисобга олинг  .

Мисол 

Товарни харид қилиш қиймати – 1 000 минг сўм. Товарни харид қилган воситачининг воситачилик ҳақи – 200 минг сўм.

Реализация қилиш қиймати – 1 100 минг сўм.

Товарни реализация қилишдан олинган натижани аниқлаймиз:

Кўрсаткич

Тўғри

Нотўғри

Реализация қилиш қиймати

1 100

1 100

Харид қилиш қиймати

1 200

1 000

Реализация қилишдан олинган натижа

–  100

+ 100

Биринчи ҳолатда харид қилиш қийматида товарни харид қилган воситачининг воситачилик ҳақи (200 минг сўм) ҳисобга олинган. 1 100 минг сўмлик қийматда реализация қилинганда 100 минг сўм зарар кўрилган, у Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида акс эттирилади.

Иккинчи ҳолатда харид қилиш қиймати воситачининг воситачилик ҳақини ҳисобга олмасдан аниқланган, шу сабабли ижобий натижа олинган. Бу нотўғри! 

 

 

Эътибор беринг
  • Таннархидан паст нархда реализация қилишдан кўрилган зарарларни аниқлаш чоғида қуйидаги ҳолларда юзага келган зарарларни ҳисобга олманг: нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда;
  • Махсус эксперт комиссиясининг қарорига асосан ўзи ишлаб чиқарган товарлар жаҳон бозори нархларида экспорт қилинганда .

 

 

Товарлар, ишлар, хизматлар текинга берилганда Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида харид қилиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда харид қилиш қийматини ёки таннархни акс эттиринг.

 

Текинга олинган мол-мулк 

030-сатр – Солиқ тўловчи томонидан бошқа шахслардан текинга олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматлар (Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботга киритилмаган). 

Текинга олинган мол-мулк даромадларни ҳисобга олувчи счётларда ва Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилмайди. Уни 8530-«Текинга олинган мол-мулк» счётида ҳисобга олинг ва жами даромадга киритинг  . 

Текинга олинган мулкий ҳуқуқлар, ишлар, хизматлар бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди. Бироқ солиқ солиш мақсадида уларни бозор қиймати бўйича жами даромадга киритиш зарур  .

Бозор қийматини қуйидагилар асосида аниқланг:

  • жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;
  • етказиб берувчиларнинг прайс-варақлари;
  • оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;
  • биржа маълумотлари;
  • давлат статистикаси органларининг маълумотлари.

 

 

Норма тавсия қилади

Мол-мулк (мулкий ҳуқуқлар, ишлар, хизматлар)ни текинга олаётганда етказиб берувчидан:

  • уларни топшириш ҳужжатларида қийматини акс эттиришни;
  • топшириш «тўловсиз» амалга оширилаётганини кўрсатишни сўранг.

Бу билан ташқи манбалардан бозор нархларини излашдан халос бўласиз.

 

 

Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида фоизсиз қарзлардан фойдаланишдан олинган даромадни ҳам акс эттиринг. Бунда даромад юзага келади, сабаби сиз маълум муддатга пул маблағларини олгансиз ва улардан муайян фоиз тўлаш мажбуриятисиз фойдаланаяпсиз. Бу текинга олинган мулкий ҳуқуқдир. Унинг қиймати қарз олинган санада МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаси бўйича аниқланади.

 

 

Мисол
Корхона 1 февраль куни 6 ойга 10 000 минг сўм миқдорида фоизсиз қарз олди. У олинган санада қайта молиялаштириш ставкаси – 16 %. Қарз 31 июлда қайтарилди. Ҳар бир ҳисобот даврида қарзга олинган пул маблағларидан фойдаланилган кунлар сонидан келиб чиққан ҳолда улардан текинга фойдаланишдан олинган даромадни аниқлаймиз. I чоракда февраль ва март ойларида 28 + 31 = 59 кун қарздан фойдаланилган. Даромад 10 000 000 х 16% / 365 х 59 = 258 630 сўм. II чоракда:30 + 31 + 30 = 91 кун. Даромад: 10 000 000 х 16% / 365 х 91 = 398 904 сўм. III чоракда: 30 кун. Даромад: 10 000 000 х 16% / 365 х 30 = 131 507 сўм. Корхона I чорак учун Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида 258 630 сўмни, II чорак учун 258 630 + 398 904 = 657 534 сўмни ва III чорак учун 258 630 + 398 904 + 131 507 = 789 041 сўмни акс эттиради. Бунда қарз маблағларидан текинга фойдаланишдан олинган даромадлар бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди. Қарз берувчига фоиз тўлаш шарти билан қарз берилган, бироқ фоиз ставкаси қарз олинган санада МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ҳолда ҳам даромад юзага келади.

 

 

 

Мисол
Корхона 1 февраль куни 10%лик ставкада фоиз тўлаш шарти билан 6 ойга 10 000 минг сўм миқдорида қарз олган. У олинган санада қайта молиялаштириш ставкаси – 16 %. Қарз 31 июлда қайтарилди. Ҳар бир ҳисобот даврида қарзга олинган пул маблағларидан фойдаланилган кунлар сонидан келиб чиққан ҳолда улардан фойдаланишдан олинган даромадни аниқлаймиз. I чоракда февраль ва март ойларида 28 + 31 = 59 кун қарздан фойдаланилган. Даромад 10 000 000 х (16 – 10)% /365 х 59 = 96 986 сўм. II чоракда: 30 + 31 + 30 = 91 кун. Даромад: 10 000 000 х (16 – 10)% / 365 х 91 = 149 589 сўм. III чоракда: 30 кун. Даромад: 10 000 000 х (16 – 10)% / 365 х 30 = 49 315 сўм. Корхона I чорак учун Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида 96 986 сўмни, II чорак учун 96 986 + 149 589 = 246 575 сўмни ва III чорак учун 96 986 + 149 589 + 49 315 = 295 890 сўмни акс эттиради. Бунда қарз маблағларидан текинга фойдаланишдан олинган даромадлар бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.

 

 

Қуйидаги фоизсиз кредит ва қарзларни олаётганда даромадни қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб белгиламаслик керак:

  • банк кредитлари;
  • Ўзбекистон Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида берилган қарзлар;
  • норезидентлардан олинган қарзлар.

 

Эътибор беринг

Текинга олинган қуйидаги мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, ишлар, хизматларни 030-сатрда кўрсатманг:

  • Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида; суғурта шартномаларига асосан берилган суғурта қоплами кўринишида; 
  • телекоммуникациялар тармоқларида тезкор қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари, шунингдек улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш хизматлари.

Ушбу тушумлар корхонанинг даромади ҳисобланмайди.

 

 

Энг кам ижара ҳақи суммасининг шартномадаги суммадан ошиши

040-сатр  Давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара ҳақи миқдорини шартномада белгиланган ижара ҳақи миқдоридан ошган суммаси.

Ушбу сатрни кўчмас мулкни ижарага берувчи корхоналар тўлдирадилар.

Ошган суммани аниқлаш учун шартнома бўйича ижара ҳақи ставкасини давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаси билан солиштиринг. Тошкент шаҳар ҳокимининг 11.01.2019 йилдаги 35-сон қарори билан   ижара майдонларидан фойдаланиш мақсадларига қараб 2019 йилги Тошкент шаҳри учун ставкалар белгиланган.

Ошган суммани Ҳисоб-китобнинг 040-сатрида акс эттириб, жами даромадга киритинг. Бунда у бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.

 

Мисол

Корхона 1 январдан 1 кв.метри учун ойига 2 500 сўмлик ставкада майдони 1 000 кв.метрлик омборхоналарни ижарага беради. Шартнома бўйича ижара ҳақи ойига 1 000 х 2 500 = 2 500 000 сўм. Омборхоналарнинг 1 кв.м учун белгиланган ижара ҳақининг энг кам ставкаси – 1 йил учун 31 400 сўм. Бир ой учун энг кам ставка: 31 400 / 12 = 2 617 сўм.

Энг кам ижара ҳақи ойига: 1 000 х 2 617 = 2 617 000 сўм.

Энг кам ижара ҳақининг шартномадагидан ошган суммаси: 2 617 000 – 2 500 000 = 117 000 сўм.

Корхона I чорак учун Ҳисоб-китобнинг 040-сатрида 117 000 х 3 = 351 000 сўмни акс эттиради, II чорак учун: 117 000 х 6 = 702 000 сўмни ва ҳ.к.

 

 

Чегирилмайдиган харажатлар

050-сатр Чегирилмайдиган харажатлар (солиқ солинадиган базага қайта қўшиладиган харажатлар) (Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010-сатри).

Чегирилмайдиган харажатлар СКнинг 147-моддасида  белгиланган. Бу корхонанинг хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган харажатлар. Улар бухгалтерия ҳисобининг харажатлар счётида акс эттирилади, бироқ фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.

Чегирилмайдиган харажатлар ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.

Келгусида чегириладиган харажатлар

060-сатрКелгусида солиқ солинадиган фойдадан чегириладиган ҳисобот даврининг харажатлари (Ҳисоб-китобга 3-илованинг 010-сатри 3-устуни – 010-сатри 4-устуни).    

Ушбу харажатлар юзага келган пайтда солиқ солинадиган фойдадан чегирилмайди, чунки асосан келгусида фойда олиш учун сарфланадиган харажатлар ҳисобланади. Шу сабабли улар келгусида чегирилади. Ушбу харажатлар СКнинг 146-моддасида  белгиланган.

Келгусида чегириладиган харажатлар ҳақида бу ерда ўқинг.

 

Дивиденд ва фоизлар

070-072-сатрлар Олиниши лозим бўлган (олинган) дивидендлар ва фоизлар:

  • жами;
  • Ўзбекистон Республикасида;
  • Ўзбекистон Республикасидан ташқарида.

Ҳисоб-китоб бошидаги солиқ тўлангунга қадар фойда («Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»нинг 240-сатри) дивиденд ва фоизларни ўз ичига олади. Уларга тўлов манбаида 5%лик ставкада солиқ солиниши сабабли солиқ солинадиган базани аниқлаш чоғида уларни чегириш зарур. 

 

Солиқ солинадиган фойда 

080-сатр – Солиқ солинадиган фойда.

Қуйидагиларнинг суммасини қўшинг:

  • Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботга асосан аниқланган солиқ тўлангунга қадар фойда (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри);
  • товарлар (ишлар, хизматлар)ни таннархидан паст нархда реализация қилишдан ва текинга беришдан кўрилган зарарлар (Ҳисоб-китобнинг 020-сатри);
  • текинга олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, ишлар, хизматлар (Ҳисоб-китобнинг 030-сатри);
  • белгиланган энг кам ставкалардан ҳисобланган ижара ҳақининг шартномадагидан ошган суммаси (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри);
  • чегирилмайдиган харажатлар (Ҳисоб-китобнинг 050-сатри);
  • келгусида солиқ солинадиган фойдадан чегириладиган харажатлар (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри).

Қуйидагиларни суммадан айирасиз:

  • солиқ солиш мақсадида даромад сифатида эътироф этилмайдиган тушумлар (Ҳисоб-китобнинг 011-сатри);
  • олинган (ёки олиниши лозим бўлган) дивидендлар ва фоизлар (Ҳисоб-китобнинг 070-сатри).

Натижада солиқ солинадиган фойдани аниқлайсиз (Ҳисоб-китобнинг 080-сатри).

 

Имтиёзлар  

090-сатр – Имтиёзлар (Ҳисоб-китобга 4-илованинг 3-устуни 030-сатри).

Имтиёзлар қуйидаги кўринишда берилади:

  • фойдани солиқ солишдан озод қилиш;
  • солиқ солинадиган фойдани камайтириш.

Имтиёзлар қуйидагича бўлиши мумкин:

  • доимий ва вақтинчалик;
  • корхонага тўлалигича ёки муайян лойиҳани (дастурни) амалга ошириш, муайян маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш доирасида;
  • Солиқ кодекси ёки бошқа норматив ҳужжатлар асосида.

Имтиёзлар ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.

 

Солиқ солинадиган база  

100-сатр – Солиқ солинадиган база.

Солиқ солинадиган базани аниқланг. Бунинг учун солиқ солинадиган фойдадан (Ҳисоб-китобнинг 080-сатри) имтиёзлар суммасини (Ҳисоб-китобнинг 090-сатри) айиринг.

 

Солиқ ставкаси

110-сатр – Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг белгиланган ставкаси, фоизда.

Ставкани 20% деб кўрсатинг, агар сиз:

  • цемент ишлаб чиқарсангиз;
  • полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарсангиз;
  • уяли алоқа хизматларини кўрсатсангиз.

Қолган ҳолларда 12%лик ставкани кўрсатинг  .

 

Солиқ суммаси 

120-сатр – Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммаси.

Солиқ солинадиган базани (Ҳисоб-китобнинг 100-сатри) солиқ ставкасига (Ҳисоб-китобнинг 110-сатри) кўпайтириб, солиқ суммасини аниқланг.

 

Ногиронлар меҳнатидан фойдаланганда тузатиш киритиш  

130-сатр – Ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланаётган корхоналар учун фойда солиғининг тузатиш киритилган суммаси.

Ишловчиларингиз умумий сонининг 3%идан кўпроғини ногиронлар ташкил этса, фойда солиғи суммасини қуйидаги тартибда камайтиришингиз мумкин:

нормадан (3%) ортиқ ишга жойлаштирилган ногиронларнинг ҳар бир фоизи солиқ суммасини 1 фоизга камайтиради  .

Бу ҳам имтиёз. Сабаби унинг ҳисоб-китоби бошқа имтиёзлар ҳисоб-китобидан фарқ қилади, у алоҳида сатрга ажратилган.

Мисол

Корхонадаги ходимлар сони 50 нафар. Уларнинг 10 нафари – ногиронлар.

Фойда солиғи 1 000 минг сўм.

Ногиронлар салмоғи – 10 / 50 х 100 = 20%.

Яъни фойда солиғини 203 = 17%га камайтириш мумкин.

Фойда солиғига тузатиш киритиш суммаси: 1 000 000 х 17% = 170 000 сўм.

 

Ҳисобланган солиқ суммаси

140-сатр – Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисобот даври учун ҳисобланган суммаси, жами.

Фойда солиғининг якуний суммасини аниқлаш учун:

  • фойда солиғи суммасидан (Ҳисоб-китобнинг 120-сатри) ногиронлар меҳнатидан фойдаланганда  солиқнинг тузатиш киритилган суммасини (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) чегиринг;
  • Ўзбекистондан ташқарида тўланган, ҳисобга олиниши лозим бўлган солиқ суммасини чегиринг (Ҳисоб-китобга 7-илованинг 090-сатри);
  • Ўзбекистондан ташқарида олинган дивиденд ва фоизлардан бюджетга тўланиши (+) ёки камайтирилиши (–) лозим бўлган фойда солиғи суммасини қўшинг (8-илова 3 ва 4-устунлари 060-сатрлари суммаси).

Алоҳида бўлинмалар бўйича солиқ  

141-сатр – Шу жумладан алоҳида бўлинмалар жойлашган жойи бўйича (алоҳида бўлинмага тўғри келадиган Фойда солиғи суммалари ҳисоб-китобидан келиб чиқиб).

Фойда солиғини мустақил солиқ тўловчилар бўлмаган алоҳида бўлинмаларни инобатга олган ҳолда умуман корхона бўйича, шунингдек бўлинмалар бўйича алоҳида ҳисобланг.

141-сатрда бўлинмалар бўйича ҳисобланган фойда солиғи суммасини акс эттиринг.

Умуман корхона бўйича фойда солиғи ҳисоб-китобини у солиқ бўйича ҳисобга олинган жойда, ҳар бир алоҳида бўлинма бўйича ҳисоб-китобларнинг нусхаларини унга илова қилган ҳолда тақдим этинг .

Алоҳида бўлинмалар бўйича фойда солиғи ҳисоб-китобларини улар жойлашган жойдаги солиқ органларига тақдим этинг.

Алоҳида бўлинмалар бўйича фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш хусусиятлари ҳақида бу ерда ўқинг.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал