• beta

Ҳисобот даврининг келгусида чегириладиган харажатлари қандай аниқланади

02.12.2019

Айрим турдаги харажатлар жорий ҳисобот даврида фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чегирилмайди, бироқ келгуси даврларда чегирилади.

Бу харажатларнинг иқтисодий моҳияти билан боғлиқ: улар даромад олишни кўзлаб сарфланади. Харажатлар жорий ҳисобот даврида даромад олиб келмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида солиқ солинадиган базага киритилади, бироқ ушбу харажатлар ҳисобига олинган даромад юзага келган келгуси даврларда базадан чиқарилади.

Демак, бундай харажатлар ҳисобот даврининг фойдасини камайтиради, солиқ солинадиган фойдани эса камайтирмайди. Улар вақтинчалик тафовутлардир, чунки келгуси ҳисобот даврларида солиқ солинадиган базадан чегирилгач йўқ бўлади. Шу сабабли бундай харажатлар вақтинчалик тафовутлар деб номланади.

Бундай харажатлар чегириладиган муддатни ҳисоб сиёсатида белгиланг. У 10 йилдан ошмаслиги керак.

Ҳисобдан чиқариш чоғида уларни 012-«Келгуси даврларда солиқ солинадиган базадан чиқариладиган харажатлар» балансдан ташқари счётининг дебети бўйича ҳисобга олинг. Харажатларни солиқ солинадиган базадан чегириш пайтида уларни ушбу счётнинг кредити бўйича акс эттиринг.

Харажатлар таркиби ва ҳисоб-китобда акс эттириш тартиби

Бундай харажатларга қуйидагиларни киритинг :

Т/р

Харажатлар тури

1

янги ишлаб чиқаришлар, цехлар, агрегатларни, шунингдек серияли ва оммавий ишлаб чиқариладиган янги маҳсулот турларини ҳамда технологик жараёнларни ўзлаштириш харажатлари

2

барча турдаги асбоб-ускуналар ва техник қурилмаларни, уларнинг ўрнатилиш сифатини текшириб кўриш мақсадида комплекс синаб кўриш (ишлаб турган ҳолатида) харажатлари

3

ишчи кучлари қабул қилиш ва янги ишга туширилган корхонада ишлаш учун кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар

4

АВ ва НМАнинг корхонада белгиланган нормалар бўйича ҳисобланган амортизация суммаси билан солиқ солиш мақсадида Солиқ кодексида белгиланган нормалар бўйича ҳисобланган амортизация суммаси ўртасидаги ижобий фарқ

5

шубҳали қарзлар бўйича захира ташкил этиш учун қилинган харажатлар


1–3-бандларда келтирилган харажатларни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан:

  1. улар юзага келган пайтда;
  2. кейинги даврларда, ҳисоб сиёсати билан белгиланган, бироқ 10 йилдан кўп бўлмаган муддат ичида чегиришингиз мумкин.

Шубҳали қарзлар бўйича захира ташкил этиш учун қилинган харажатларни умидсиз қарздорлик ҳисобдан чиқарилаётганда унинг миқдоридан ошмайдиган суммада чегиринг.

Келгусида чегириладиган харажатларни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-иловада акс эттиринг:

  • 3-устунда ҳисобот даврининг солиқ солинадиган базадан келгусида чегириладиган харажатларини акс эттиринг (012-счёт дебети);
  • 4-устунда – илгари сарфланган, ҳисобот даврида солиқ солинадиган базадан чегирилиши лозим бўлган харажатларни (012-счёт кредити).

Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 060-сатрида 3-илованинг 3 ва 4-устунлари ўртасидаги фарқни кўрсатинг.

Келгусида чегириладиган харажатларни батафсил кўриб чиқамиз.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал