• beta

Ишлаб чиқаришни янгилаш харажатлари қандай ҳисобга олинади

02.12.2019

Улар қуйидагиларни ўзлаштириш харажатлари:

  • янги ишлаб чиқаришлар, цехлар, агрегатларни; 
  • серияли ва оммавий ишлаб чиқариладиган янги маҳсулот турларини; 
  • технологик жараёнларни.

Улар қуйидагилар билан боғлиқ:

  • асбоб-ускуналарни созлаш, текшириш, синаб кўриш мақсадида ишлатиш;
  • маҳсулотларни синов тариқасида ишлаб чиқариш;
  • ишчи кучлари қабул қилиш ва янги ишга туширилган корхонада ишлаш учун кадрлар тайёрлаш.

Улар комплекс харажатлар моддалари бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

  • моддий харажатлар;
  • иш ҳақи ва ЯИТ;
  • узоқ муддатли активларнинг амортизацияси;
  • бошқа харажатлар.

Уларни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан:

  1. улар юзага келган пайтда;
  2. кейинги даврларда, ҳисоб сиёсати билан белгиланган муддат ичида чегиришингиз мумкин. Бироқ у 10 йилдан ошмаслиги керак.

Ушбу харажатларни ҳисобга олишнинг иккита усулини таққослаймиз:

Т/р

Номи

I усул

II усул

1

Бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

9430-«Бошқа операцион харажатлар» счёти

9430-«Бошқа операцион харажатлар» счёти,

012-«Келгуси даврларда ССБдан чиқариладиган харажатлар» счёти

2

Фойда солиғи тўлангунига қадар фойдани камайтиради

Ҳа

Ҳа

3

Фойда солиғи бўйича ССБни камайтиради

Ҳа

Йўқ – ҳисобот даврида. Ҳа – келгуси даврларда

4

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириш

Ҳисоботнинг 070-сатри

Ҳисоботнинг 070-сатри

5

Фойда солиғи ҳисоб-китобида акс эттириш

 Акс эттирилмайди

Ҳисоб-китобга 3-илова


Ушбу харажатларни келгуси даврларда чегирсангиз, уларни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илованинг 020-040-сатрларида акс эттиринг.

Мисол. Янги маҳсулот турини ўзлаштириш харажатларини ҳисобга олиш

Корхона янги маҳсулот турини ўзлаштирмоқда.

Ҳисобот даврида:

  • маҳсулотни реализация қилишдан ялпи тушум – 50 000 минг сўм;
  • ўзлаштириш харажатлари – 10 000 минг сўм;
  • қолган давр харажатлари – 5 000 минг сўм.

Ҳисоб сиёсатида ўзлаштириш харажатларини чегириш муддати 2 йил этиб белгиланган.

Фойда солиғи тўлангунига қадар олинган фойдани аниқлаймиз:

50 000 – 10 000 – 5 000 = 35 000 минг сўм.

Фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаймиз:

35 000 + 10 000 = 45 000 минг сўм.

Ўзлаштириш харажатлари – 10 000 минг сўмни ҳисобот давридаги солиқ солинадиган базага киритамиз. Келгуси 2 йил давомида ушбу сумма ССБдан – ҳар бир келгуси чоракда 1 250 минг сўмдан (10 000 / 2 йил / 4 чорак) чегирилади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

Жорий ҳисобот даври

1

Янги маҳсулот турини ўзлаштириш харажатлари ҳисобдан чиқарилди

10 000

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»,

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»,

6520-«ДМЖга тўловлар»,

1000-Материалларни ҳисобга олувчи счётлар,

0200-АВнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар 

2

Ўзлаштириш харажатлари молиявий натижага киритилди

10 000

9910-«Якуний молиявий натижа»

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

3

Ўзлаштириш харажатлари балансдан ташқарида акс эттирилди

10 000

012-«Келгуси даврларда ССБдан чиқариладиган харажатлар» 

 

Келгуси ҳисобот даврлари

4

Ўзлаштириш харажатлари ССБдан чегирилиши муносабати билан ҳисобдан чиқарилди

1 250

 

012-«Келгуси даврларда ССБдан чиқариладиган харажатлар» 


Жорий ҳисобот даврида ўзлаштириш харажатлари – 10 000 минг сўмни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илованинг 020-сатри 3-устунида акс эттирамиз.

Келгуси ҳисобот даврларида ўзлаштириш харажатларининг бир қисми – 1 250 минг сўмни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илованинг 020-сатри 4-устунида акс эттирамиз.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал