• beta

Маъмурий харажатлар қандай шакллантирилади

19.11.2019

Маъмурий харажатлар қандай шакллантирилади

Маъмурий харажатларни Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 060-сатрида акс эттиринг ва 040-«Давр харажатлари» сатрига киритинг.

Уларни 9420-«Маъмурий харажатлар» счётининг дебети бўйича ҳисобга олинг.

Барча харажатларни бошланғич ҳужжатлар билан тасдиқланг .

Маъмурий харажатлар таркиби

Маъмурий харажатлар таркибига қуйидагиларни киритинг (Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг 2.2-бўлими): 

Т/р

Харажатлар моддаси

1

Бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ЯИТ тўлаш харажатлари

2

Хизмат автотранспортини сақлаш ва ижарага олиш

3

Корхонани ташкил этиш ва бошқариш харажатлари

4

Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқарувнинг техник воситаларини сақлаш

5

Алоқа хизматлари: телефон, уяли, интернет учун ҳақ тўлаш

6

Маъмурий бинолар ижараси

7

Маъмурий аҳамиятга эга бўлган АВни сақлаш, таъмирлаш ва амортизация харажатлари

8

Юқори ташкилотни сақлашга ажратмалар

9

Ходимларни ва маъмурий аҳамиятга эга бўлган мол-мулкни суғурта қилиш

10

Бошқарув ходимларини хизмат сафарларига юбориш

11

Вакиллик харажатлари

12

Умумий овқатланиш корхоналарига хоналарни текин бериш

13

Ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлмаган, табиатни муҳофаза қилиш аҳамиятига эга бўлган асосий воситаларни сақлаш

14

Хизматлар қийматини ҳамда инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари, давлатнинг ишончли вакиллари ва ишончли бошқарувчиларга мукофотларни тўлаш

15

Маъмурий мақсадлар учун моддий харажатлар


Маъмурий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари ва уларнинг МҲТФдан ЯИТ

Уларни ишлаб чиқаришдаги ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари ва ЯИТ сингари аниқланг. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.

Маъмурий харажатларга маъмурий ходимлар: раҳбар, бухгалтерия, кадрлар хизмати ва ҳ.к. меҳнатига тўланган ҳақнигина киритинг.

Ходим маъмурий фаолиятни, мисол учун, ишлаб чиқариш фаолияти билан бирга олиб борса, у билан тузилган шартномада ишнинг ҳар бир тури учун тўланадиган ҳақ миқдорини белгиланг. Ишнинг ҳар бир тури учун тўланган ҳақни тегишли харажатлар турларига киритинг.  

Маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситаларни ижарага олиш, сақлаш ва таъмирлаш харажатлари

Уларни ишлаб чиқариш АВ бўйича худди шундай харажатлар сингари аниқланг. Батафсил бу ерда ўқинг.

Маъмурий харажатларга маъмурий аҳамиятга эга бўлган АВ билан боғлиқ харажатларнигина киритинг. АВ объектидан бир вақтнинг ўзида маъмурий ва бошқа мақсадларда фойдаланилса, харажатларни тақсимланг. Масалан, бинонинг бир қисми ишлаб чиқариш учун, қолган қисми эса офис учун ажратилган бўлса, бино бўйича умумий харажатларни ишлаб чиқариш ва маъмурий мақсадларда фойдаланиладиган майдонга мутаносиб миқдорда тақсимланг. Бу амортизацияга харажатларга ҳам тааллуқли.

Ходимларни ва маъмурий аҳамиятга эга бўлган мол-мулкни суғурта қилиш

Суғурта қилиш мажбурий ва ихтиёрий бўлиши мумкин. Сиз қуйидагиларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилишингиз шарт:

  • иш берувчининг;
  • транспорт воситалари эгаларининг – улар мавжуд бўлганда.

Ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича иш берувчи ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши шарт .

Корхонангиз давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 15 иш куни ичида суғурта шартномасини тузинг. Ушбу мажбуриятни бажармаганлик учун мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади .

Хизмат автотранспортига эга бўлсангиз, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилишингиз лозим  . Суғуртани автотранспортга эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб 10 кун ичида расмийлаштиринг.

Ходимларингизни ва маъмурий аҳамиятга эга бўлган активларни ҳам ихтиёрий равишда суғурта қилишингиз мумкин. Бунинг учун эҳтимолий суғурта рискларини танлаб, суғурта компанияси билан шартномани расмийлаштиринг.

Суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотини тўлаб, муайян муддатга суғурта полисини оласиз. Суғурта полиси суғурта компаниялари учун ҳисобварақ-фактура ўрнини босади .

Суғурта қилиш қийматини суғурта полиси амал қиладиган муддат давомида тенг улушларда маъмурий харажатларга ҳисобдан чиқаринг.

Мисол. Суғурта харажатларини ҳисобга олиш

Корхона иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини 1 йил муддатга 12 000 минг сўмга суғурталади. У суғурта қийматининг 1/12 қисми – 1 000 минг сўмни ҳар ой маъмурий харажатларга киритади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Суғурта мукофоти тўланди

12 000

6510-«Суғурта бўйича тўловлар»

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

2

Суғурта (суғурта полиси) расмийлаштирилди

12 000

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

6510-«Суғурта бўйича тўловлар»

3

Суғурта бўйича харажатлар ҳар ой ҳисобдан чиқарилмоқда

1 000

9420-«Маъмурий харажатлар»

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»


Бошқарув ходимларини хизмат сафарларига юбориш харажатлари

Уларни маъмурий харажатларга киритинг. Уларга қуйидагилар учун ҳақ тўлаш киради:

  • хизмат сафари жойига бориш ва қайтиб келиш учун йўлкира, шу жумладан чипталарни банд қилиш;
  • жой, шу жумладан банд қилиб қўйиш харажатлари;
  • хизмат сафарида бўлинган вақт учун суткалик харажатлар;
  • ходимнинг ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа зарур харажатлари.

Хизмат сафари харажатларини ҳисоблаш учун қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланинг:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқнома ;
  • Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом .
Эътибор беринг
Ходим хизмат сафари тугагач, 3 кун ичида аванс ҳисоботини тақдим этиши керак. Хизмат сафари харажатларини ушбу мақсадларга аванс берилган санада эмас, балки хизмат сафари бўйича аванс ҳисоботи тақдим этилган санада маъмурий харажатларга киритинг.

Вакиллик харажатлари

Вакиллик харажатларига қуйидагиларни қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш харажатларини киритинг:

  • ўзаро ҳамкорлик ўрнатган ёки уни сақлаб турган шахсларни;
  • корхонанинг бошқарув ва назорат органлари мажлисларига келган иштирокчиларни.

Улар қуйидагилар учун харажатлардир:

  • мазкур шахсларнинг расмий қабулини ўтказиш;
  • транспорт таъминоти;
  • овқатланиши ва турар жойи;
  • штатдан ташқари таржимон хизматига ҳақ тўлаш  .

Фойда солиғини ҳисоблаш чоғида вакиллик харажатлари чегирилади. Бунда улар келтирилган рўйхат доирасидан четга чиқмаслиги керак. Юқорида кўрсатилган шахслар билан боғлиқ бошқа харажатлар вакиллик харажатларига кирмайди.

 

Вазият
Вазият. Ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган шахсга қимматбаҳо совға тақдим этиш
Ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган шахсга қимматбаҳо совға тақдим этиш вакиллик харажатларига кирмайди. Унинг қиймати жисмоний шахс учун моддий наф тарзидаги даромад ва корхона учун чегирилмайдиган харажат ҳисобланади  ,  .

 

 

Вазият
Вазият. Ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган шахсга маҳсулот намунасини тақдим этиш
Ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган шахсга илгари суришни талаб этадиган маҳсулот намунасини тақдим этиш вакиллик харажатларига кирмайди. Унинг қийматини реклама харажатларига киритинг, намунанинг тақдим этилишини буйруқ ва ҳисобдан чиқариш далолатномаси билан асосланг  . Бу – чегириладиган харажатлар.·

Умумий овқатланиш корхоналарига хоналарни текин бериш харажатлари  

Ходимларингиз овқатланишини ташкил этиш масаласини шу тариқа ҳал этаётган бўлсангиз, ушбу харажатлар юзага келиши мумкин.

Улар қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:

  • ушбу хоналарни сақлаш ва таъмирлаш;
  • уларни тозалаш ва қўриқлаш учун масъул бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш;
  • ушбу ходимларнинг МҲТФдан ягона ижтимоий тўлов;
  • коммунал хизматлар ва электр энергияси учун тўланадиган ҳақ;
  • бошқа харажатлар.

Уларни 9420-«Маъмурий харажатлар» счётининг дебети бўйича ҳисобга олинг.

Маъмурий мақсадлар учун моддий харажатлар

Уларни ишлаб чиқариш, шунингдек сотиш билан боғлиқ моддий харажатлар билан чалкаштирманг. Моддий харажатларни ҳисобга олиш тартиби ишлаб чиқаришда ҳисобга олиш тартибидагидек бўлса ҳам. Батафсил бу ерда ўқинг.

Маъмурий мақсадлар учун фойдаланиладиган материалларга қуйидагиларни киритинг:

  • хизмат автотранспорти учун ёқилғи-мойлаш материаллари;
  • маъмурий ходимлар фойдаланадиган АВга кирмайдиган ҳар қандай мол-мулк (ёзув-чизув моллари, қоғоз, офис техникаси учун сарфлаш материаллари ва ҳ.к.).
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал