• beta

Шубҳали қарзлар бўйича захирага ажратмалар қандай ҳисобга олинади

02.12.2019

Шубҳали қарзлар бўйича захира корхонанинг молиявий ҳисоботида дебиторлик қарзини тўғри акс эттириш мақсадида ташкил этилади. Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар реал ундириладиган қарзни кўришлари керак.

Умидсиз қарзлар суммаларини захирага киритинг. Захира счёти олинадиган счётларга нисбатан контрактив эканлиги сабабли сўндирилиши мумкин бўлган дебиторлик қарзи суммасини кўриш имконини беради.

Ҳисобот йили охирида ўтказилган дебиторлик қарзининг инвентаризацияси натижалари асосида шубҳали қарзлар бўйича захира ташкил этинг .

Захира ҳажмини ҳар бир шубҳали қарз бўйича алоҳида – қарздорнинг тўлов қобилияти ва қарзни тўлаш эҳтимолини баҳолаш асосида аниқланг. Белгиланган муддатда қопланмаган ва тегишли кафолатлар билан таъминланмаган корхонанинг дебиторлик қарзи шубҳали қарз сифатида тан олинади.

Қуйидагилар сабабли қопланиши кафолатланмаган умидсиз қарзларни захирага киритинг:

  • суд қарорига биноан мажбуриятлар тугатилиши;
  • қарздорнинг банкротлиги, тугатилиши ёки вафот этиши;
  • даъво қилиш муддати ўтиши  .

Захира ташкил этилишини 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётининг дебети ва 4910-«Даргумон қарзлар бўйича резерв» счётининг кредити бўйича акс эттиринг.

Умидсиз қарзни ҳисобдан чиқариш чоғида ушбу харажатларни – ушбу қарзга тенг суммада фойда солиғи бўйича ССБдан чегиринг. Захира шакллантирилаётганда уни ташкил этиш харажатлари солиқ солинадиган фойдадан чегирилмайди .

Захира ташкил этилган йилдан кейинги йилнинг охиригача ундан тўлиқ фойдаланилмаса, сарфланмаган суммаларни тегишли йилдаги фойдага қўшинг ва фойда солиғини ҳисоблаётганда солиқ солинадиган базага киритманг.

Захирани ташкил этадиган суммани қуйидагиларда акс эттиринг:

  • Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 070-«Бошқа операцион харажатлар» сатрида;
  • Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илованинг 060-сатри 3-устунида.

Захира ҳисобига ҳисобдан чиқариладиган қарз суммасини Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илованинг 060-сатри 4-устунида кўрсатинг.

Мисол. Шубҳали қарзлар бўйича захира ташкил этиш ва захира ҳисобига умидсиз қарзни ҳисобдан чиқариш

Йил охирида дебиторлик қарзини инвентаризация қилиш натижаларига кўра корхона 20 000 минг сўм миқдорида шубҳали қарзлар бўйича захира ташкил этди. Жорий йилда фойда солиғи тўлангунига қадар олинган фойда 50 000 минг сўмни ташкил этди.

Келгуси ҳисобот йилида худди шу суммадаги қарз даъво муддати ўтганлиги муносабати билан захира ҳисобига ҳисобдан чиқарилди.

Шубҳали қарзлар бўйича захира суммаси солиқ солинадиган фойдага киритилади.

Биринчи ҳисобот йилидаги фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаймиз:

50 000 + 20 000 = 70 000 минг сўм.

Келгуси ҳисобот йилида захира ҳисобига ҳисобдан чиқарилган умидсиз қарз суммаси – 20 000 минг сўм фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чегирилади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

I ҳисобот йили

1

Шубҳали қарзлар бўйича захира ташкил этилди

20 000

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

4910-«Даргумон қарзлар бўйича резерв»

II ҳисобот йили

2

Умидсиз дебиторлик қарзи шубҳали қарзлар бўйича захира ҳисобига ҳисобдан чиқарилди

20 000

4910-«Даргумон қарзлар бўйича резерв»

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»


I
ҳисобот йилида захирани ташкил этадиган сумма – 20 000 минг сўмни қуйидагиларда акс эттирамиз:

  • Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 070-«Бошқа операцион харажатлар» сатрида;
  • Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илованинг 060-сатри 3-устунида.

II ҳисобот йилида захира ҳисобига ҳисобдан чиқарилган умидсиз қарз суммаси – 20 000 минг сўмни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илованинг 060-сатри 4-устунида акс эттирамиз.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал