• beta

Сотиш харажатлари қандай шакллантирилади

19.11.2019

Сотиш харажатлари қандай шакллантирилади

Сотиш харажатларини Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 050-сатрида акс эттиринг ва 040-«Давр харажатлари» сатрига киритинг.

Уларни 9410-«Сотиш харажатлари» счётининг дебети бўйича ҳисобга олинг.

Барча харажатларни бошланғич ҳужжатлар билан тасдиқланг  .

Сотиш харажатлари таркиби

Сотиш харажатлари таркибига қуйидагиларни киритинг  :

Т/р

Харажатлар моддаси

1

Маҳсулотларни, товарларни ташиш харажатлари. Транспорт воситалари бекор туриб қолганлиги учун тўланган жарималар

2

Ходимларнинг сотиш билан боғлиқ меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари, уларнинг МҲТФдан ижтимоий суғуртага ажратмалар

3

Савдо эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган асосий воситаларни ижарага олиш, сақлаш ва таъмирлаш харажатлари

4

Сотишда фойдаланиладиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси

5

Инвентарь ва хўжалик анжомларини ҳисобдан чиқариш ҳамда уларни яроқли ҳолатда сақлаш харажатлари

6

Газ, ёқилғи ва электр энергияси харажатлари

7

Товарларни сақлаш, уларга ишлов бериш ва уларни сортларга ажратиш харажатлари

8

Маркетинг ва реклама харажатлари

9

Ташиш, сақлаш ва сотиш чоғида товарларнинг, маҳсулотларнинг йўқотилиши

10

Товар идишлари, бир марта фойдаланиладиган идишларга харажатлар ва сотиш бўйича бошқа моддий харажатлар

11

Мол-мулкни мажбурий ва ихтиёрий суғурта қилиш харажатлари

12

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги харажатлари

13

Умумий овқатланиш ва савдо ходимлари тиббий кўрикдан ўтказилганлиги учун ҳақ тўлаш

14

Касса хўжалигини ва тушум инкассациясини юритиш чиқимлари

15

Сотиш бўйича бошқа харажатлар


Айрим харажатлар моддаларини батафсил кўриб чиқамиз.

Маҳсулотларни, товарларни ташиш харажатлари

Одатда уларга тегишли лицензияга эга бўлган ихтисослаштирилган юк ташувчи ташкилотлар хизматларига ҳақ тўлаш киради . Сизнинг айбингиз билан автотранспорт бекор туриб қолганда шартнома шартларига кўра ташувчиларга тўланган жарималарни ҳам ушбу моддага киритинг.

Маҳсулотлар, товарлар ўз кучи билан ташилганда қуйидагиларга комлекс харажатлар юзага келади:

  • ёқилғи-мойлаш материаллари;
  • ҳайдовчининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ЯИТ;
  • автотранспорт амортизацияси ёки уни ижарага олиш;
  • автотранспортга техник хизмат кўрсатиш, уни таъмирлаш ва ҳ.к.
Эътибор беринг
 Товарларни ўз кучингиз билан ташиганда уларни ташишга лицензия олиш зарурати туғилиши мумкин.
 Қуйидаги ҳолларда лицензия олиш керак эмас:
  • етказиб бериш шартномаси шартларига кўра товарларни харидорга етказиб берсангиз;
  • етказиб бериш қиймати маҳсулотлар ёки товарлар қийматига киритилган бўлса.
 

Етказиб бериш қиймати:

  • шартномада белгиланган бўлса;
  • ҳисобварақ-фактурада алоҳида сатрда акс эттирилган бўлса, юк ташиш хизматларига лицензия олиш зарур.

Эътибор беринг

Тайёр маҳсулотлар ва товарларни харидоргача ташиш харажатлари ҳамда ишлаб чиқариш хом ашёси ва материалларни улардан фойдаланиш жойигача ташиш харажатларини фарқланг. Биринчи ҳолатда – бу сотиш харажатлари. Иккинчисида – хом ашё ва материаллар таннархига киритиладиган харажатлар  .

 

Ходимларнинг тайёр маҳсулотлар, товарларни сотиш билан боғлиқ меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари ва уларнинг МҲТФдан ЯИТ

Уларни ишлаб чиқариш ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари ва ЯИТ сингари аниқланг. Батафсил йўриқномани бу ерда ўқинг.

Ходимларнинг сотиш билан боғлиқ меҳнатига тўланган ҳақнигина сотиш харажатларига киритинг. Масалан, сотиш бўйича менежерлар, маркетинг ва реклама бўйича мутахассислар, сотувчилар ва ҳ.к.

Ходим сотиш билан боғлиқ фаолиятни ишлаб чиқариш ёки маъмурий фаолият билан бирга олиб борса, у билан тузилган шартномада ишнинг ҳар бир тури учун тўланадиган ҳақ миқдорини белгиланг. Ишнинг ҳар бир тури учун тўланган ҳақни тегишли харажатлар турларига киритинг.  

Савдо эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган асосий воситаларни ижарага олиш, сақлаш ва таъмирлаш харажатлари

Уларни ишлаб чиқариш асосий воситалари бўйича худди шундай харажатлар сингари аниқланг. Батафсил бу ерда ўқинг.

Савдо эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган асосий воситалар билан боғлиқ харажатларнигина сотиш харажатларига киритинг.

Мисол. Бинони ижарага олиш харажатларини тақсимлаш

Корхона бинони ижарага олади, унда майдони 1 000 кв.метрлик ишлаб чиқариш цехи ва майдони 100 кв.метрлик фирма дўкони бор.

1 кв.м учун ижара тўлови – ойига ҚҚСсиз 25 минг сўм. Коммунал хизматларни қоплаш қиймати – ойига ҚҚСсиз 2 000 минг сўм.

Ишлаб чиқариш цехини ижарага олиш қиймати:

1 000 х 25 = 25 000 минг сўм.

Дўконни ижарага олиш қиймати:

100 х 25 = 2 500 минг сўм.

Коммунал хизматларни қоплаш қийматини майдонга мутаносиб равишда тақсимлаймиз:

  • ишлаб чиқариш цехи: 2 000 / (1000 + 100) х 1 000 = 1 818 минг сўм;
  • фирма дўкони:  2 000 / (1000 + 100) х 100 =  182 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Ишлаб чиқариш цехининг ижара суммаси ҳисобдан чиқарилди

25 000

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»

6910-«Тўланадиган оператив ижара»

2

Дўконнинг ижара суммаси ҳисобдан чиқарилди

2 500

9410-«Сотиш харажатлари»

6910-«Тўланадиган оператив ижара»

3

Ишлаб чиқариш цехи бўйича коммунал хизматлар қоплами ҳисобдан чиқарилди

1 818

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

4

Дўкон бўйича коммунал хизматлар қоплами ҳисобдан чиқарилди

182

9410-«Сотиш харажатлари»

6990-«Бошқа мажбуриятлар»


Ишлаб чиқариш цехи бўйича харажатлар ишлаб чиқариш харажатларига киритилган бўлиб, маҳсулотларни ишлаб чиқариш таннархининг бир қисми ҳисобланади, у сотиш қисмида Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 020-сатрида акс эттирилади.

Дўкон бўйича харажатлар – сотиш харажатлари. Улар Ҳисоботнинг 040 ва 050-сатрларига киритилади.

Сотишда фойдаланиладиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси

Уларни ишлаб чиқариш АВ амортизацияси сингари аниқланг. Батафсил бу ерда ўқинг.

Бунда ишлаб чиқариш АВ ва сотишда фойдаланиладиган АВ амортизациясининг турли усулларини қўллашингиз мумкин.

Бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш ва сотиш мақсадида фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари бўйича амортизация ҳисобланганда амортизация суммасини турли мақсадлар учун фойдаланиладиган майдонларга мутаносиб равишда тақсимланг.

Мисол. Бино амортизацияси бўйича харажатларни тақсимлаш

Корхона балансида майдони 1 100 кв.метрлик бино бор.

Шундан 1 000 кв.метри – ишлаб чиқариш цехининг майдони, 100 кв.метри – дўкон майдони.

Бино бўйича амортизация мутаносиб усулда ҳисобланади ва ойига 3 500 минг сўмни ташкил этади.

Амортизация суммасини ишлаб чиқариш цехи ва дўкон ўртасида тақсимлаймиз.

Ишлаб чиқариш цехи амортизацияси:

3 500 / (1 000 + 100) х 1 000 = 3 182 минг сўм.

Дўкон амортизацияси: 3 500 / (1 000 + 100) х 100 = 318 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Ишлаб чиқариш цехи амортизацияси ҳисобланди

3 182

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»

0220-«Бино, иншоот ва узатувчи мосламаларнинг эскириши»

2

Дўкон амортизацияси ҳисобланди

318

9410-«Сотиш харажатлари»

0220-«Бино, иншоот ва узатувчи мосламаларнинг эскириши»


Ишлаб чиқариш цехи амортизацияси ишлаб чиқариш харажатларига киритилиб, маҳсулотларни ишлаб чиқариш таннархининг бир қисми ҳисобланади, у сотиш қисмида Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 020-сатрида акс эттирилади.

Дўкон амортизацияси сотиш харажатларига тааллуқли бўлиб, Ҳисоботнинг 040 ва 050-сатрларига киритилади.

Маҳсулотлар, товарларни сотиш бўйича моддий харажатлар

Улар маҳсулотлар ёки товарларни сотиш учун зарур бўлган материалларга харажатлар бўлиб, улар ишлаб чиқарилганидан ёки харид қилинганидан кейин юзага келади.

Уларни ишлаб чиқариш моддий харажатлари билан чалкаштирманг. Уларни ҳисобга олиш тартиби ишлаб чиқаришда ҳисобга олиш тартибидагидек бўлса ҳам. Батафсил бу ерда ўқинг.

Сотиш учун фойдаланиладиган материалларга қуйидагиларни киритинг:

  • савдо инвентари;
  • тайёр маҳсулотлар, товарларни ташиш учун фойдаланиладиган автотранспорт учун ёқилғи-мойлаш материаллари;
  • товар идишлари;
  • умумий овқатланиш корхоналари учун бир марта фойдаланиладиган идишлар, салфеткалар, дастурхонлар;
  • бошқа материаллар.

Сақлаш, ишлов бериш, сортларга ажратиш

Товарларнинг сифати кўп жиҳатдан сотиш пайтида тўғри сақланишига боғлиқ. Бу айниқса озиқ-овқат, мева-сабзавот, дори маҳсулотларига тааллуқли. Сақлаш учун:

  • тегишли шароитларга эга бўлган ташкилотни жалб этишингиз;
  • ўз кучингиз билан омборхона ташкил этишингиз мумкин.

Иккинчи ҳолатда у қуйидагиларни ўз ичига оладиган комплекс харажатлар моддаси бўлади:

  • омборхона ва зарур ускуналар (кондиционерлар, вентиляторлар ва маҳсулотлар, товарларни жойлаштириш учун бошқа ускуналар) ижараси ёки амортизацияси;
  • электр энергияси, сув, омборхонани тозалаш учун тўланадиган ҳақ;
  • маҳсулотлар ва товарлар қабул қилиниши, жойлаштирилиши, берилиши ва бут сақланишини таъминлаш учун омборхона ходимларининг иш ҳақи. Зарурат туғилганда улар товарни сортларга ажратишлари ёки майдароқ туркумларга қадоқлашлари ҳам мумкин;
  • омборхона ходимларининг иш ҳақидан ЯИТ;
  • бошқа харажатлар.

Реклама ва маркетинг харажатлари

Уларнинг таркибига қуйидагиларни киритинг:

  • маҳсулотларни илгари суриш ва турли ташувчиларда реклама жойлаштириш хизматларига ҳақ тўлаш. Улар босма нашрлар, сайтлар, билбордлар, исталган предметлар ва ҳ.к. бўлиши мумкин;
  • манфаатдор шахслар ўртасида тарқатиладиган маҳсулот ёки товарларингиз реклама намуналарининг қиймати;
  • бошқа харажатлар.

Мисол. Реклама харажатларини ҳисобга олиш

Корхона реклама мақсадларида:

  • ўз маҳсулоти ҳақида сайтда эълон бериш учун ҚҚСсиз 3 000 минг сўм тўлади;
  • 1 000 та ручка ва 1 000 та блокнот харид қилди, уларда ўз корхонасининг логотипини жойлаштирди. Ручка қиймати – 5 минг сўм, блокнот – 8 минг сўм, логотип туширишнинг умумий қиймати – ҚҚСсиз 300 минг сўм; 
  • йиллик кўргазмада қатнашди, унда бир бирлигининг қиймати 80 минг сўм бўлган маҳсулотнинг 50 та намунаси, шунингдек логотипли ручка ва блокнотларни тарқатди.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Реклама эълони берилди

3 000

9410-«Сотиш харажатлари»

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

2

Ручкалар кирим қилинди

1 000 дона

5 000

1090-«Бошқа материаллар»

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

3

Блокнотлар кирим қилинди

1 000 дона

8 000

1090-«Бошқа материаллар»

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

4

Ручка ва блокнотларга логотип туширилди

300

9410-«Сотиш харажатлари»

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

5

Ручка ва блокнотлар ҳисобдан чиқарилди

(5 000 + 8 000)

1 000 донадан

 

13 000

9410-«Сотиш харажатлари»

1090-«Бошқа материаллар»

6

Маҳсулот намуналари кўргазмага берилди (50 х 80)

50 дона

 

4 000

2820-«Кўргазмадаги тайёр маҳсулотлар»

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»

7

Маҳсулот намуналари ҳисобдан чиқарилди

50 дона

4 000

9410-«Сотиш харажатлари»

2820-«Кўргазмадаги тайёр маҳсулотлар»


Ташиш, сақлаш ва сотиш чоғидаги йўқотишлар

Улар қуйидагилар натижасида юзага келади:

  • сифатсиз упаковка қилиш;
  • сақлаш шароитларини бузиш;
  • ўғирликлар ва ҳ.к.

Аниқланган камомадларни инвентарлаш далолатномасида акс эттиринг. Улар айбдор ходим ёки етказиб берувчи ташкилот томонидан тўлиқ ёки қисман қопланиши мумкин.

Қопланмаган йўқотишларни сотиш харажатларига киритинг.

Эътибор беринг
Моддий қимматликларнинг табиий камайиши нормаларидаги ортиқча йўқотишлар ва бузилишлар чегирилмайдиган харажатларга киради ва фойда солиғи солинадиган базага киритилади  . Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.

Мисол. Сотиш чоғида йўқотишларни ҳисобга олиш

Корхона сотган шиша блокларни истеъмолчига етказиб беради, бунинг учун транспорт ташкилотини жалб этади. Корхона ходими ташиладиган шиша блокларни юклаб ортади ва маҳкамлайди.

Ташиш чоғида қиймати 2 000 минг сўмлик битта шиша блокка дарз кетди. Томонлар транспорт ташкилоти унинг қийматининг 50%ини қоплашини келишиб олдилар. Блок қийматининг 25%ини юклаб ортиш пайтида яхши маҳкамламаган ходим қоплайди. Қолган 25%и – корхона йўқотишлари.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма,

минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Транспорт ташкилотига даъво билдирилди

(2 000 х 50%)

1 000

4860-«Даъволар бўйича олинадиган счётлар»

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»

2

Транспорт ташкилоти қопламни тўлади

1 000

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

4860-«Даъволар бўйича олинадиган счётлар»

3

Ходим қоплайдиган моддий зарар суммаси аниқланди 

500

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»

4

Ходим зарарни қоплади

500

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»

5

Сотиш чоғидаги йўқотишлар аниқланди

500

9410-«Сотиш харажатлари»

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал