• beta

Турли фаолият турлари учун реализация қилишдан олинган тушум қандай аниқланади

31.07.2019

Турли фаолият турлари учун реализация қилишдан олинган тушум қандай аниқланади

Реализация қилишдан олинадиган тушумни товарларни жўнатиш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ҳолларини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатлар асосида белгиланг :

  • ҳисобварақ-фактуралар;
  • бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар далолатномалари;
  • квитанциялар;
  • чеклар;
  • товарлар жўнатилганлигини тасдиқловчи бошқа хужжатлар.

Реализация қилишдан олинган соф тушумни (ёки даромадни) қуйидагиларни чегирган ҳолда аниқланг:

  • қўшилган қиймат солиғи;
  • акциз солиғи;
  • қайтариб берилган товарлар ва тайёр маҳсулотлар қиймати;
  • харидорларга сотиш нархидан берилган сийловлар.

Воситачилик хизматлари бўйича тушум қандай аниқланади

Ташкилот воситачилик хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида:

  •  комитентнинг (топшириқ берувчининг) товарларини (ишларини, хизматларини) реализация қилиши;
  •  комитент (топшириқ берувчи) учун товарларни (ишларни, хизматларни) ўз номидан ёки топшириқ берувчи номидан харид қилиши мумкин.

Воситачилик ташкилотлари учун тушум – тақдим этилган ҳисобварақ-фактурага асосан кўрсатилган хизматлар учун олиниши лозим бўлган ҳақ суммаси .

Масалан, комиссияга берилган товарни реализация қилиш шартномасида воситачининг счётига нафақат унинг воситачилик ҳақи, балки комиссияга берилган товарни реализация қилишдан олинган тушум тўлиқ тушишини белгилаш мумкин. Бироқ у – комитентнинг, товар эгасининг тушуми.

Сиз эса воситачи сифатида тушумни фақат ўз воситачилик ҳақингиз миқдорида акс эттирасиз. Одатда шартномада тарафлар воситачининг воситачилик ҳақи фоизини кўрсатадилар. Комитентнинг тушумини воситачилик ҳақини чегирган ҳолда, шартномада ана шундай ўзаро ҳисоблашиш тартиби назарда тутилган бўлса, унинг счётига ўтказасиз.

Бунда воситачилик ҳақи ҚҚСни ўз ичига олади. Уни 20%лик ставкада тўлаётган бўлсангиз, у ҳолда:

Реализация қилишдан соф тушум = воситачилик ҳақи /120 х 100

 

Воситачилик ташкилотининг соф тушумини аниқлашга доир мисол

Корхона унга 80 000 минг сўмлик қийматда комиссияга берилган товарни реализация қилади. Ҳисобот даврида товарни реализация қилишдан олинган тушум 120 000 минг сўмни ташкил этди. Шартнома бўйича воситачилик ҳақи фоизи – 10%. Воситачилик ҳақи қуйидаги миқдорни ташкил этади: 120 000 х 10% = 12 000 минг сўм., шу жумладан:

  • хизматларни реализация қилишдан олинган соф тушум – 10 000 минг сўм;
  • ҚҚС – 2 000 минг сўм.

Шартнома шартларига кўра товарни реализация қилишдан олинган тушум воситачининг счётига келиб тушади, ҳисобот даври якунларига кўра эса воситачилик ҳақи чегирилган ҳолда комитентнинг счётига ўтказилади.

Воситачида бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, м.сўмда

Дебет

Кредит

1

Комиссияга берилган товар олинди  

80 000

004-«Комиссияга қабул қилинган товарлар» 

 

1

Товар учун олдиндан тўлов келиб тушди (100%)

120 000

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар»  

2

Харидорга товар берилди

120 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

80 000

 

004-«Комиссияга қабул қилинган товарлар» 

3

 

Аванс ҳисобга олинди

 

 

120 000

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар» 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»  

4

Воситачилик хизматларини реализация қилишдан олинган соф тушум акс эттирилди

 

10 000

4011-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» (комитент)

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

5

ҚҚС ҳисобланди (20%)

2 000

4011-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» (комитент)

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз – ҚҚС» 

6

Воситачилик ҳақи суммасига муқобил талаблар ҳисобга олинди

12 000

6990-«Бошқа мажбуриятлар» (комитент)

4011- «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» (комитент)

7

Комитент олдидаги қарз қопланди

 

108 000

6990-«Бошқа мажбуриятлар» (комитент)

5110-«Ҳисоб-китоб счёти» 


Воситачилик хизматларини кўрсатиш шартномаларининг ҳар хил турлари мавжуд:

  • воситачилик;
  • топшириқ;
  • бошқа.

Воситачилик шартномасига кўра сиз воситачи сифатида шартноманинг бошқа тарафи – комитент топшириғи бўйича ўз номингиздан ва унинг ҳисобидан битимни амалга оширасиз  .

Шу сабабли комиссияга берилган товарни реализация қилганда  ўз номингиздан харидорга икки нусхада ҳисобварақ-фактура тақдим этасиз. Ҳисобварақ-фактуранинг «Етказиб берувчи» сатрида номга қўшимча равишда «Воситачи» дея қайд этинг. 

Воситачилик шартномасига кўра комитент учун товарларни харид қилганингизда сотувчи ҳисобварақ-фактурани сизнинг номингизга тақдим этади. Сиз ўз навбатида комитентга тақдим этадиган ҳисобварақ-фактурада сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни акс эттирасиз (уни ўз номингиздан қайта тақдим этасиз). Бунда «Етказиб берувчи» сатрида номга қўшимча равишда «Воситачи» дея қайд этасиз.  

Топшириқ шартномасига кўра сиз вакил сифатида шартноманинг бошқа тарафи – топшириқ берувчининг номидан ва унинг ҳисобидан битим тузасиз  .

Шу сабабли товарни реализация қилганда топшириқ берувчи (товар эгаси) номидан харидорга ҳисобварақ-фактурани тақдим этасиз. Топшириқ берувчи ва харидорнинг реквизитларидан ташқари ўзингизнинг (вакилнинг) реквизитларни ҳам кўрсатинг. Ҳисобварақ-фактурани уч нусхада: харидор, топшириқ берувчи ва ўзингиз учун расмийлаштиринг.

Топшириқ шартномасига кўра товарларни харид қилганда сотувчи топшириқ берувчининг номига ҳисобварақ-фактурани тақдим этади.

Ҳар ой тугаши билан 5 кун ичида комитентга (топшириқ берувчига) қуйидагилар акс эттирилган ҳисоботни тақдим этинг:

  • ҚҚС ажратиб кўрсатилган ҳолда реализация (харид) қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) миқдори ва қиймати. Ҳисоботга товарлар (ишлар, хизматлар) комитентнинг (топшириқ берувчининг) манфаатида реализация (харид) қилинганлигини тасдиқловчи шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, далолатномалар ва бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилинг;
  • қопланиши лозим бўлган, қилинган харажатлар қиймати;
  • ҚҚС ҳисобга олинган воситачилик ҳақи суммаси;
  • комитентдан (топшириқ берувчидан) олинган аванслар суммаси;
  • воситачилик (топшириқ) шартномасини бажариш билан боғлиқ тўланиши лозим бўлган сумма.

Бир ойда бажарилган иш якунлари бўйича бажарилган ишлар далолатномасини ва ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда воситачилик ҳақи суммасига ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг. Улар тушумингизни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлади  .

 

Эътибор беринг

Корхонангиз соддалаштирилган тартибда ҚҚС тўловчиси бўлса, товар обороти (тушум суммаси эмас, битим суммаси) кўрсаткичини назорат қилишингиз керак. У 3 млрд сўмдан ошса, кейинги ойдан бошлаб ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтишингиз керак  .

 

Воситачилик корхонаси ҚҚСни тўлашнинг соддалаштирилган тартибидан ҚҚСни тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтишига доир мисол

7%лик ставкада соддалаштирилган тартибда ҚҚС тўловчи корхона, январь-май ойларида 2 900 млн сўмлик, I ярим йилликда эса 3 500 млн сўмлик комиссияга берилган товарни реализация қилди. Воситачилик ҳақи фоизи – 10%. Ярим йиллик учун воситачилик ҳақи – 350 млн сўм, реализация қилишдан соф тушум: 350 / 107 х 100 = 327,1 млн сўм.

I ярим йилликда реализация қилишдан тушум 350 млн сўмни ташкил этганига қарамай, ярим йиллик учун товар обороти 3 млрд сўмдан ошганлиги сабабли корхона июль ойидан 20%лик ставкада ҚҚС тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтиши лозим.

Июль ойидан реализация қилишдан соф тушум қуйидаги формула бўйича аниқланади: воситачилик ҳақи / 120 х 100. 

 

Газета ва журналларни реализация қилиш

Нашриёт ва таҳририятлар учун газета ва журналларни реализация қилишдан олинган тушум уларда рекламани жойлаштиришдан олинган даромадлар киритилган ҳолда аниқланади .

Муайян йилга газета ва журналларга обуна у бошланишидан бир неча ой аввал бошланади. Кейинги йилги обуна учун келиб тушаётган маблағларни кечиктирилган даромадлар (6230-счёт) сифатида акс эттиринг. 

Газеталар чоп этилишига қараб кечиктирилган мажбуриятларни аста-секин сўндирган ҳолда ҳар ойда уларни реализация қилишдан олинган тушумни акс эттиринг.

Нашрларда реклама жойлаштирсангиз, уни реализация қилишдан олинган тушумни ҳисобот даврида чоп этилган нашрларда жойлаштирилган реклама ҳажмидан келиб чиқиб аниқланг.

Нашрларни реализация қилишдан олинган тушум обунадан ва реклама жойлаштиришдан олинган тушумга тенг.

Газеталарни реализация қилишдан олинган соф тушумни аниқлашга доир мисол

Таҳририят газеталарнинг йиллик обунаси учун аванс тариқасида 3 600 млн сўм  олди.

Тузилган реклама шартномалари бўйича олдиндан тўлов 10 млн сўмни ташкил этди.

Ҳисобот ойида:

  • рекламадан тушум – 6 млн сўм, шу жумладан ҚҚС – 1 млн сўм;
  • обунадан тушум – 3 600 / 12 = 300 млн сўм. Босма маҳсулотларни реализация қилиш оборотига ҚҚС солинмайди   ;
  • реализация қилинган газеталар таннархи – 280 млн сўм.

Ҳисобот ойида газеталарни реализация қилишдан олинган соф тушум қуйидаги миқдорни ташкил этди: 300 +6 – 1 = 305 млн сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Газета обунаси учун аванслар келиб тушди

 

3 600 000

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»  

6230-«Бошқа кечиктирилган даромадлар» 

2

Реклама учун аванслар келиб тушди 

10 000

5110-«Ҳисоб-китоб счёти» 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар» 

Ҳисобот ойида:

3

Обунадан тушум

 

300 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» 

9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар» 

4

Аванслар ҳисобга олинди

300 000

6230-«Бошқа кечиктирилган даромадлар» 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» 

5

Рекламадан тушум

 

5 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» 

6

Реклама оборотидан ҚҚС

 

1 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз» 

7

Аванслар ҳисобга олинди

6 000

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар» 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» 

8

Реализация қилинган газеталарнинг таннархи

280 000

9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи» 

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар» 

 

Фоизлар, роялти, ижара, талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш

Мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар фойдаланишга берилганда, шунингдек талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечганда даромад юзага келади. Унинг суммаси товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаддан ортиқ бўлса, хизматларни реализация қилишдан олинган даромад деб эътироф этилади  .Уни Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 010-сатрида реализация қилишдан олинган соф тушум сифатида акс эттиринг.

У товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаддан ошмаса, у ҳолда бошқа даромад бўлади. Бунда у реализация қилишдан ялпи молиявий натижада акс эттирилмайди, бироқ фойда солиғи тўлангунга қадар молиявий натижага таъсир кўрсатади . Уни Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 090, 110-160-сатрларида акс эттиринг.

Нотижорат ташкилотлари мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни фойдаланишга беришдан, шунингдек талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган даромадларга фақат бошқа даромадлар сифатида қарайдилар.

Уларни батафсил кўриб чиқамиз.

Пул маблағларини фоиз эвазига қарзга бериб, пулларингиздан фойдаланиш ҳуқуқини берганингиз учун фоиз кўринишида даромад оласиз.

Интеллектуал активларни (патентлар, технологиялар, дастурий таъминот, савдо маркалари ва ҳ.к.) фойдаланишга бериб, роялти кўринишида даромад оласиз  .

Узоқ муддатли моддий активларни (кўчмас мулк, асбоб-ускуналар ва ҳ.к.) фойдаланишга бериб, ижара тўлови кўринишида даромад оласиз  .

Талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича қарзни тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини олган бўлсангиз, тўланган қарз суммаси билан уни олиш суммаси ўртасидаги ижобий фарқ сизнинг даромадингиз бўлади  .

Масалан, талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича корхона кредитордан 100 млн сўмлик қарзни 90 млн сўмга сотиб олди. Кейинроқ қарздор қарзни тўлиқ тўлади. Натижада корхона даромад олди: 100 – 90 = 10 млн сўм.

Мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни беришдан ва талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган жами даромад маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромаддан ошмаган вазиятда

Ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобот даврида қуйидаги даромадларни олди (ҚҚСсиз):

  • маҳсулотларни реализация қилишдан – 50 000 минг сўм; 
  • пулни қарзга беришдан фоизлар – 5 000 минг сўм; 
  • патентдан фойдаланиш ҳуқуқи учун роялти – 3 000 минг сўм;
  • омборларни ижарага беришдан – 30 000 минг сўм;
  • талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан – 10 000 минг сўм.

Мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни беришдан ва талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган жами даромад: 5 000 + 3 000 + 30 000 + 10 000 = 48 000 минг сўм. Бу маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромаддан кам, шу сабабли ушбу даромадларнинг барчасига бошқа даромадлар сифатида қараймиз.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромад (соф тушум)  

50 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» 

9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар» 

2

Қарз бўйича фоизлар 

5 000

4830-«Олинадиган фоизлар» 

9530-«Фоизлар кўринишидаги даромадалар» 

3

Тўлов манбаида ушлаб қолинган фоизлардан солиқ (5%)

 

250

9810-«Фойда солиғи бўйича харажатлар»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»  

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

4830-«Олинадиган фоизлар» 

4

Патентдан фойдаланиш ҳуқуқи учун роялти 

3 000

4850-«Олинадиган роялти»  

9510-«Роялти кўринишидаги даромадлар» 

5

Омборларни ижарага беришдан олинган даромад 

30 000

4820-«Оператив ижара бўйича олинадиган тўловлар» 

9350-«Оператив ижарадан даромадлар» 

6

Талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган даромад 

10 000

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» 

9390-«Бошқа операцион даромадлар» 


Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда қуйидагиларни акс эттириш лозим:

  • маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромад – 010-«Сотишдан соф тушум» сатрида; 
  • пулни қарзга беришдан фоизлар – 130-«Фоизлар шаклидаги даромадлар» ва 110-«Молиявий фаолиятнинг даромадлари» сатрларида;
  • роялти – 160-«Молиявий фаолиятнинг бошқа даромадлари» ва 110- «Молиявий фаолиятнинг даромадлари» сатрларида;
  • ижарадан ва талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган даромадлар – 090-«Асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари» сатрида.

Мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни беришдан ва талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган жами даромад маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромаддан ошган вазиятда

Ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобот даврида қуйидаги даромадларни олди (ҚҚСсиз):

  • маҳсулотларни реализация қилишдан – 45 000 минг сўм; 
  • пулни қарзга беришдан фоизлар – 5 000 минг сўм; 
  • патентдан фойдаланиш ҳуқуқи учун роялти – 3 000 минг сўм;
  • омборларни ижарага беришдан – 30 000 минг сўм;
  • талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан – 10 000 минг сўм.

Мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни беришдан ва талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган жами даромад: 5 000 + 3 000 + 30 000 + 10 000 = 48 000 минг сўм. Бу маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромаддан кўп, шу сабабли ушбу даромадларнинг барчасига хизматларни кўрсатишдан олинган даромадлар сифатида қараймиз.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромад (соф тушум)  

45 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» 

9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар» 

2

Қарз бўйича фоизлар 

5 000

4830-«Олинадиган фоизлар» 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» 

 

3

Тўлов манбаида ушлаб қолинган фоизлардан солиқ (5%)

 

 250

9810-«Фойда солиғи бўйича харажатлар»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз» 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

4830-«Олинадиган фоизлар» 

4

Патентдан фойдаланиш ҳуқуқи учун роялти 

3 000

4850-«Олинадиган роялти»  

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» 

5

Омборларни ижарага беришдан олинган даромад 

30 000

4820-«Оператив ижара бўйича олинадиган тўловлар» 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» 

6

Талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган даромад 

10 000

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» 


Улар хизмат
ларни кўрсатишдан олинган даромадлар бўлгани учун 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» счёти билан корреспонденцияда 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» счётидан фойдаланиш мумкин.

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда юқорида санаб ўтилган барча даромадларни 010-«Сотишдан соф тушум» сатрида акс эттирамиз.

Узоқ муддатли контрактлар бўйича реализация қилиш

Узоқ муддатли контрактларни бажаришдан олинадиган даромадларни уларнинг ҳақиқатда бажарилишига тааллуқли қисмида ҳар ой ҳисобга олинг. Бунда ҳисобварақ-фактурани ойнинг охирги кунида расмийлаштиринг  .

Ҳисобот давридаги узоқ муддатли контракт бўйича даромад суммасини ушбу даврда қилинган харажатларнинг контрактни бажариш учун кетадиган харажатларнинг умумий суммасидаги солиштирма салмоғидан келиб чиқиб аниқланг .

Ҳисобот давридаги даромадни қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланг:

Ҳдд = Ҳдх / Кх х Кд, бунда:

Ҳдд – ҳисобот давридаги даромад;

Ҳдх – ҳисобот давридаги харажатлар;

Кх – контрактни бажариш учун қилинадиган харажатлар;

Кд – контракт бўйича даромад.

Контрактни бажариш учун қилинадиган харажатларни смета ёки унга калькуляция бўйича аниқланг.

Ҳисобот давридаги харажатларни аниқлаш учун 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётининг дебети бўйича ишлаб чиқариш таннархини шакллантиринг. Ёрдамчи (2310-счёт) ва умумишлаб чиқариш харажатлари (2510-счёт) контракт сметасида назарда тутилган бўлса, уларни таннархга киритинг. 

Сметада ишлаб чиқариш таннархидан фоиз сифатида қайд этилган қўшимча харажатлар мавжуд бўлса, ҳақиқатдаги қўшимча харажатларни аниқлаш чоғида ҳам ушбу ҳисоб-китоб тартибидан фойдаланиш мумкин.

Моҳиятан олганда у контракт бўйича харажатларга тўғри келадиган давр харажатларининг (9400-гуруҳидаги счётлар) бир қисми бўлади.

Контракт бўйича даромад – ҚҚС чегирилган шартнома қиймати.

NORMA даромад ҳисоб-китобини ҳужжат кўринишида расмийлаштиришни тавсия этади:

Контракт бўйича даромад ҳисоб-китобини ҳар ой маълумотнома ёки далолатнома кўринишида расмийлаштиринг. Ҳужжат буюртмачида, кейинчалик эса солиқ органларида даромадни аниқлаш юзасидан саволлар юзага келишига ўрин қолдирмайди.

Узоқ муддатли контракт бўйича даромадни аниқлашга доир мисол

Корхона бошқа ишлар қатори узоқ муддатли контракт бўйича 20%лик ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 2 400 млн сўмлик ишларни бажаради. Ишларни бажариш муддати – 20 ой. Смета бўйича ишларнинг таннархи – 1 400 млн сўм. Смета бўйича қўшимча харажатлар – 200 млн сўм.

Смета бўйича харажатларнинг умумий суммаси – 1 600 млн сўм.

Ҳисобот ойида:

контракт бўйича ишлаб чиқариш харажатлари 70 млн сўмни ташкил этди;

давр харажатлари – 30 млн сўм.

Ҳисобот ойидаги контракт бўйича ҳақиқатдаги харажатларни аниқлаймиз.

Смета бўйича қўшимча харажатлар 200 / 1 400 х 100 = таннархнинг 14,3%ини ташкил этади.

Контракт бўйича ҳақиқатдаги қўшимча харажатлар: 70 х 14,3% = 10 млн сўм.

Ҳисобот ойидаги контракт бўйича харажатлар: 70 + 10 = 80 млн сўм.

Ҳисобот ойидаги контракт бўйича даромадни (соф тушумни) аниқлаймиз:

80 / 1 600 х (2 400 / 1,2) = 100 млн сўм.

Корхона ҳисобот ойида контракт бўйича ҳисобварақ-фактурада қуйидагиларни акс эттиради:

  • ҚҚСсиз тушум – 100 млн сўм; 
  • ҚҚС – 20 млн сўм;
  • ҚҚС ҳисобга олинган тушум – 120 млн сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Операция

Сумма, минг сўмда

Дебет

Кредит

1

Бажарилган ишларнинг ишлаб чиқариш таннархи

 

70 000

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи» 

Харажатларни ҳисобга олувчи счётларга корреспондент счётлар

(0200,1000, 6000, 6500, 6700 ва б.)

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

2

Давр харажатлари  

30 000

9400 – давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар 

Харажатларни ҳисобга олувчи счётларга корреспондент счётлар

(0200,1000, 6000, 6500, 6700 ва б.)

3

Контракт бўйича ишларни бажаришдан олинган даромад

100 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

4

ҚҚС (20%)

20 000

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»


Қурилиш ва илмий ишлар

Қурилиш қуйидаги ишларни ўз ичига олади:

  • қурилиш;
  • қурилиш-монтаж;
  • ишга тушириш-созлаш;
  • лойиҳа-қидирув;
  • объектларни фойдаланишга тайёр қилиб қуриш.

Қурилиш ва илмий ишлар бўйича даромадни ҚҚСсиз шартномавий баҳолардан келиб чиқиб,  буюртмачи томонидан тасдиқланган ҳисоб-китоб ҳужжатларига асосан аниқланг .

Масалан, қурилишда бажарилган ишлар ҳажмлари «Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура» билан тасдиқланади. Ҳужжатда бажарилган ҳажмлар физик ва қиймат кўрсаткичларида – ишларнинг босқичлари ва турларига тақсимланган ҳолда акс эттирилади.

Буюртмачи номувофиқликларни аниқлаганда асосланган мулоҳазалари билан қайта ишлаш учун ҳужжатни пудратчига қайтариш ҳуқуқига эга  .

Таннархдан паст баҳода реализация қилиш

Товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан ёки олинган баҳосидан паст баҳоларда реализация қилинганда, шунингдек улар бепул топширилганда солиқ солиш мақсадлари учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни уларнинг таннархи ёки улар олинган баҳо асосида, товарни олиш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда аниқланг.

Бунинг учун қуйидагиларни акс эттиринг:

  • Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 010-сатрида – реализация қилишдан ҳақиқатдаги соф тушумни. Бепул топширилганда у нолга тенг бўлади;
  • Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 020-сатрида – таннарх (ёки олиш баҳоси) билан реализация қилиш қиймати ўртасидаги фарқни. Бепул топширилганда фарқ таннархга (ёки олиш баҳосига) тенг бўлади.

Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 020-сатрини тўлдириш ҳақида батафсил бу ерда ўқинг.

Таннархдан паст баҳода реализация қилишни ҳисоботда акс эттиришга доир мисол

Ҳисобот даврида 10 млн сўмлик товар реализация қилинди. Товарни олиш қиймати – 12 млн сўм.

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 010-сатрида 10 млн сўмни акс эттирамиз.

Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 020-сатрида: 12 – 10 = 2 млн сўмни.

Товарни бепул топширишни ҳисоботда акс эттиришга доир мисол

Ҳисобот даврида корхона 12 млн сўмга олинган товарни бепул топширди.

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 010-сатрида 0 дея қайд этамиз.

Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 020-сатрида: 12 млн сўмни.

Ушбу қоидадан истиснолар мавжуд.

1.Баҳолари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солиниши назарда тутилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун реализация қилишдан олинадиган тушум белгиланган баҳолар (тарифлар) асосида аниқланади.

Нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган товарларни таннархидан паст баҳода реализация қилишни ҳисоботда акс эттиришга доир мисол

31.10.2016 йилдаги ПҚ-2647-сон қарор  билан Қатъий белгиланган нархларда реализация қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати  тасдиқланган.

Корхона ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситаларини олиш қийматидан паст бўлган қатъий белгиланган нархда (олиш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда реализация қилади. Реализация қилиш қиймати – 20 млн сўм, олиш қиймати – 21 млн сўм.

Дори-дармон воситалари давлат томонидан тартибга солинадиган нархларда реализация қилиниши сабабли:

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 010-сатрида 20 млн сўмни, яъни реализация қилишдан ҳақиқатдаги тушумни акс эттирамиз.

Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 020-сатрида – 0. Реализация қилишдан кўрилган зарар акс эттирилмайди.

2. Ўзи ишлаб чиқарган товарлар Махсус эксперт комиссиясининг қарори асосида таннархидан пст нархлар бўйича хорижий валютага экспорт қилинганда, солиқ солиш мақсадида товарларни реализация қилишдан олинган тушум товарларни реализация қилишнинг ҳақиқий баҳосидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Ҳисоботда худди шундай тартибда акс эттирилади:

  • Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 010-сатрида реализация қилишдан ҳақиқатдаги тушумни акс эттирамиз;
  • Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 020-сатрида – 0. Реализация қилишдан кўрилган зарар акс эттирилмайди.

Хорижий валютада реализация қилиш

Хорижий валютада экспорт қилишдан тушум олган бўлсангиз, уни даромад тан олинган санадаги МБ курси бўйича сўмда қайта ҳисобланг  .

Экспорт бўйича ҳисобварақ-фактурада кўрсаткичларни хорижий валютада ҳам, сўмда ҳам акс эттиринг .

 

Норма тавсия қилади
Қулай бўлиши учун ҳисобварақ-фактурада ҳужжат расмийлаштирилган санадаги МБ курсини кўрсатинг.

 

 

Сўмга қайта ҳисобланган хорижий валютадаги тушумни сўмда олинган тушум билан бирга ҳисобга олинг ва ҳисоботда акс эттиринг.

Хизматлар экспортида даромадни аниқлашга доир мисол

Ҳисобот даврида корхонанинг даромади қуйидаги миқдорни ташкил этди:

  • хизматлар экспортидан – 12 000 доллар;
  • мамлакат ичида хизматларни реализация қилишдан – 75 000 минг сўм.

Экспортдан даромад тан олинган (ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган) санада доллар курси 8 458,16 сўмни ташкил этган.

Хорижий валютадаги даромадни сўмга қайта ҳисоблаймиз:

12 000 х 8 458,16 = 101 497,9 минг сўм.

Ҳисобот даврида хизматларни реализация қилишдан жами даромад:

75 000 + 101 497,9 = 176 497,9 минг сўм.

Ушбу суммани Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 010-сатрида акс эттирамиз.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал