• beta

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини кимлар тўлайди

15.07.2019

Фойда солиғини қуйидагилар тўлайди:

  • корхоналар – муайян шартларга жавоб берадиган Ўзбекистон резидентлари;
  • норезидентлар – Ўзбекистон ҳудудида даромад олганда;
  • нотижорат ташкилотлари – тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан олган даромадларидан, тижорат тузилмалари учун белгиланганидек шартларда.

Қонун ҳужжатларида юридик шахс солиқ тўловчининг даромадларидан фойда солиғини ушлаб қолиб, уни бюджетга тўлаши шарт эканлиги ҳам қайд этилган. Ушбу вазиятларда у фойда солиғи бўйича агент ҳисобланади.  

 

Ўзбекистон резиденти бўлган корхона қандай ҳолатларда фойда солиғини тўлаши лозим

Қуйидаги ҳолларда юридик шахс – Ўзбекистон резидентида фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади    :

а) унинг ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошса. У йил бошидан ортиб борувчи якун билан аниқланади. 1 млрд сўмлик чегаравий миқдордан ошиб кетса, корхона кейинги ойдан фойда солиғи тўловчисига айланади  ;

б) тушум ҳажмидан қатъи назар, у:

  • акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқарса. Акциз тўланадиган товарлар рўйхати 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорга  19-иловада келтирилган;
  • акциз тўланадиган уяли алоқа хизматларини кўрсатса;
  • ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб олса  .

 

Вазият
Матбаа корхонасининг жорий йил январь-март ойларидаги ялпи тушуми ҳажми 900 млн сўмни, январь-апрель ойларида эса 1 200 млн сўмни ташкил этди. Корхона апрель ойида 1 млрд сўмлик чегаравий миқдордан ошганлиги сабабли май ойидан бошлаб фойда солиғини тўлайди. Бунда январь-апрель ойлари учун солиқлар қайта ҳисобланмайди. Йил якунларига кўра белгиланган чегаравий миқдорга етганда ҳам кейинги йил бошидан бошлаб фойда солиғини тўлайсиз.

 

Вазият

Савдо корхонасининг 2019 йил январь-ноябрь ойларидаги ялпи тушуми ҳажми 950 млн сўм, 2019 йилда – 1 200 млн сўм. Корхона 2020 йил январдан бошлаб фойда солиғини тўлайди.

 

Эътибор беринг
Воситачилик ташкилотлари учун 1 млрд сўмлик чегаравий миқдор ялпи тушумга эмас, балки товар айланмасига (битим суммасига) нисбатан қўлланилади.

 

 

Вазият
Воситачи корхонанинг январь-март ойларидаги товар айланмаси 900 млн сўмни, воситачилик ҳақи суммаси 45 млн сўмни ташкил этди. Январь-апрель ойлари учун тегишинча – 1 200 млн сўм ва 60 млн сўм. Корхонанинг тушуми (60 млн сўм) белгиланган чегаравий миқдордан анча кам бўлса-да, май ойидан бошлаб солиқ солишнинг бошқа тизимини танлаш ҳуқуқисиз фойда солиғини тўлайди. Сабаби – товар айланмаси ҳажми – 1 200 млн сўм – 1 млрд сўмлик белгиланган чегаравий миқдордан ошган.

 

Корхона қандай шароитда фойда солиғини тўлашни танлашга ҳақли

Корхона қуйидаги ҳолларда ягона солиқ тўлови ўрнига фойда солиғи тўлашни мустақил равишда танлашга ҳақли:

  • давлат рўйхатидан ўтаётганда;
  • тушуми 1 млрд сўмдан ошмагунча.

 

 

Эътибор беринг
Қўшилган қиймат солиғини ҳам ўз ичига олувчи солиқ солишнинг умумбелгиланган тизими доирасидагина фойда солиғи тўланиши мумкин.

 

Вазият
Корхонани рўйхатдан ўтказаётганда солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимини танланг, агар:
  • маҳсулот етказиб берувчи ва харидорларингиз ҚҚС тўловчиси бўлса;
  • рентабеллигингиз (фойда/тушум x 100%) ўрта ҳисобда 30%дан ошмайдиган бўлса. 
Бу ҳолда:
  • фойда кўрмаган тақдирингизда солиқ тўламайсиз, ЯСТни эса корхона зарар кўриб ишлаётганда ҳам тўлашга тўғри келади;
  • фойда олганингизда солиқ суммаси ЯСТга нисбатан камроқ бўлади.

 

Вазият

Янги ташкил этилган юридик шахс қандай қилиб умумбелгиланган солиқларни тўлашни танлайди? 

 Тадбиркорлик субъекти – юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш учун аризани расмийлаштираётганда «Солиқ солиш тизими» 1.20-бандида солиқ солишнинг умумий тизимини танланг. Солиқ солишнинг умумий тизимини танлаганда янги корхона қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлайди.

Календарь йил давомида ялпи тушуми 1 млрд сўмга етмагунча юридик шахс ўз ихтиёрига кўра фойда солиғини ҳам (ҚҚС билан бирга) тўлаши мумкин  .

Умумбелгиланган солиқ солиш тизимига ўтишда умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтилаётган ҳисобот чорагининг дастлабки 10 куни давомида солиқ органларига ёзма билдириш тақдим этинг.  

 

Вазият
ЯСТ тўловчи корхонанинг 2019 йил I чорагидаги хўжалик фаолияти таҳлил қилинганда у умумбелгиланган солиқларни тўлаши фойдали эканлиги маълум бўлди. Корхона 10 апрелдан кечиктирмасдан солиқ органларига умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши тўғрисида ёзма билдириш тақдим этиши керак.

 

Нотижорат ташкилотлари фойда солиғини қачон тўлайдилар

Нотижорат ташкилотлари фойда олиш мақсадида ташкил этилмайди. Бироқ қонун ҳужжатлари уларнинг ўз устав вазифалари доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларини тақиқламайди.

Тадбиркорлик фаолиятидан олган даромадлари 1 млрд сўмдан ошмаса, улар солиқ солиш тизимини танлашга ҳақли. Ушбу чекланган миқдордан ошганда танлаш ҳуқуқисиз умумбелгиланган солиқларни тўлайдилар .

Фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага бошқа даромадлар сифатида қуйидаги тушумлар ҳам киритилади:

  • мол-мулкни оператив ёки молиявий ижарага беришдан;
  • номоддий активлардан фойдаланиш ҳуқуқини беришдан (роялти) .

 

 

Вазият
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ёш тадбиркорларга юридик ва таълим йўналиши бўйича кўмак бериб, устав фаолияти доирасида бизнесни йўлга қўйишда ёрдам беради. Ушбу фаолият жамғарма аъзоларининг мажбурий бадаллари ва бошқа шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига молиялаштирилади. Бундан ташқари жамғарма консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар тузади. Бундай шартномалар бўйича тушум тадбиркорлик фаолиятидан олинган солиқ солинадиган даромад бўлади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар фойда солиғини қачон тўлайдилар

Қуйидаги ҳолларда корхонангиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи деб ҳисобланади:

  • ушбу мақсадлар учун ажратилган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирса ва уни қайта ишласа;
  • ушбу фаолият умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50%ини ташкил этса.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи бюджетга ягона ер солиғини тўлайди. Бироқ бошқа фаолият турлари билан шуғулланганда қуйидаги ҳолларда умумбелгиланган солиқларни тўлайди:

  • акциз тўланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарганда (хизматларни кўрсатганда) ёки ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб олганда;
  • қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган фаолият бўйича 1 млрд сўмгача тушум тушганда – ўз ихтиёрига кўра;
  • қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган фаолият бўйича 1 млрд сўмдан ортиқ тушум тушганда – мажбурий тартибда.

 

Эътибор беринг
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бир вақтда бошқа фаолият турлари билан шуғуллансангиз, барча даромадлар ва харажатлар моддалари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритинг. Бу ҳар бир фаолият туридан олинган фойдани тўғри аниқлаш ва солиқларни тўғри ушлаб қолиш имконини беради.

 

Вазият
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобот йилининг январь-март ойларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан 1 500 млн сўм ва мева-сабзавот маҳсулотларининг улгуржи савдосидан 900 млн сўм миқдорида тушум олган. Январь-апрель ойларида ушбу кўрсаткичлар тегишинча 1 700 ва 1 100 млн сўмни ташкил этган.
Корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш доирасида ягона ер солиғини тўлайди Апрель ойида улгуржи савдо бўйича тушум 1 млрд сўмдан ошганлиги сабабли корхона ушбу фаолиятдан олинган даромадлар бўйича май ойидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни, шу жумладан фойда солиғини тўлайди. Бунда январдан апрелгача бўлган ўтган давр учун солиқлар (ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқлар) қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.

 

Йил якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бутун ишлаб чиқариш ҳажмининг 50%идан кам бўлиб чиқиши мумкин. Бунда корхонангиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган барча мезонларга жавоб бермай қолади. Бу ҳолда янги йилдан бошлаб ё ЯСТ (ўтган йилги фаолият тури ва тушум ҳажми даражаси тўғри келса), ёхуд умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтасиз. Бунда янги йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан тушган тушумга ҳам ушбу солиқлар солинади.

 

 

Вазият
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона узум етиштиради. Унинг бир қисмини сотади, бошқа қисмидан вино ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланади. Корхона ягона ер солиғи ва вино ишлаб чиқариш фаолияти доирасида умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Йил якунларига кўра винони реализация қилиш ҳажми узумни реализация қилиш ҳажмидан ошиб, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 50%идан ортиқни ташкил этди. Шу сабабли корхона янги йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни, шу жумладан узумни реализация қилишдан тушган тушумдан ҳам тўлаши лозим. Ушбу корхона солиқ солиш тизимини танлашга ҳақлими?  
 Йўқ, сабаби: вино – акциз тўланадиган товар ишлаб чиқарувчи ҳисобланади.

Ўзбекистон норезиденти бўлган корхона фойда солиғини қандай тўлайди

Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса (ДМ) орқали амалга ошираётган норезидентлар фойда солиғини тўлашлари шарт .

Норезидент кетма-кет 12 ой давомида 183 календарь кунидан ортиқ муддат Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланса, доимий муассасани рўйхатдан ўтказиши шарт  . ДМни рўйхатдан ўтказиш – норезидентнинг Ўзбекистондаги солиқ мақомини расман эътироф этиш демак.

Ўзбекистонда фаолият бошлаган кундан эътиборан 183 кундан кечиктирмасдан ДМ фаолият юритаётган жойдаги солиқ органларига доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза тақдим этинг. Аризага шартнома ёки норезидент номидан Ўзбекистонда иш юритиш учун берилган ишончнома, шунингдек мажбуриятларининг бажарилиши доимий муассаса ташкил топишига олиб келадиган шартномани илова қилинг  .

Солиқ органлари ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар асосида:

  • норезидентга солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) беради;
  • ҳисоб маълумотларини Ўзбекистон солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритади;
  • ариза берилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради.

Шундай қилинмаган бўлса ҳам, ишлар бажарила, хизматлар кўрсатила бошланган кундан доимий муассаса ташкил этилган деб ҳисобланади. Бу кунни белгилашнинг имкони бўлмаса, қуйидаги кунлардан бири доимий муассаса ташкил этилган кун деб ҳисобланади:

  • контрактда кўрсатилган ишлар бажарила, хизматлар кўрсатила бошланган кун;
  •  муайян контракт бўйича ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш мақсадида лицензия олинган бўлса, у амал қила бошлаган кун.

Норезидент бир нечта шартнома асосида Ўзбекистонда фаолият юритса, ҳар бир шартнома бўйича ДМни рўйхатдан ўтказинг ва ҳар бир ДМ бўйича алоҳида ҳисоб юритинг.

 

 

Эътибор беринг
Солиқ органларида ҳисобга туришдан бўйин товлаганлик учун, белгиланган 183 кундан ўтиб кетган бўлса, қуйидаги миқдорда жарима солиш назарда тутилган  :
  • кўпи билан 30 кун – 50 ЭКИҲ;
  • 30 кундан ортиқ — 100 ЭКИҲ.
 
 

ДМни рўйхатдан ўтказмагунингизча норезидент даромадларидан солиқни буюртмачи – даромад тўлаш манбаи ушлаб қолади. Бунда у солиқни фойдадан эмас, балки бутун даромадингиздан бошқа ставкаларда ушлаб қолади.

ДМни рўйхатдан ўтказгач, тўлов манбаида тўланган солиқни норезидентнинг солиқ мажбуриятларини узиш ҳисобига ҳисобга оласиз   .

Буюртмачи норезидентингиздан ортиқча солиқларни ушлаб қолмаслиги учун ДМни рўйхатдан ўтказган заҳоти норезидент доимий муассаса сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотномани буюртмачига тақдим этинг. Маълумотнома солиқ органларида тасдиқланган бўлиши керак   .

 

Норма тавсия қилади
Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва фойда солиғини тўғри ҳисоблаш учун 183 кун ўтишини кутмасдан доимий муассасани рўйхатдан ўтказинг. Рўйхатдан ўтказиш зарурлигини аниқлаш учун норезидент ваколатли шахс ёки буюртмачи билан тузган шартнома муддатига қаранг. У 183 кундан ошса, ДМни рўйхатдан ўтказишингиз мумкин. ДМни рўйхатдан ўтказишингиз билан норезидент ДМ сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги солиқ органларида тасдиқланган маълумотномани буюртмачига тақдим этинг. Унга асосланган ҳолда буюртмачи норезидентингизга даромад тўлаётганда солиқ ушлаб қолмайди.

 

Вазият
Норезидент компания Ўзбекистонда ишга тушириш-созлаш ишларини бажармоқда. Шартномага асосан ишларни бажариш муддати – январдан октябргача. Ишларнинг қиймати – 100 000 АҚШ доллари. Январь ойида 10 000 долларлик ишлар бажарилган. ДМ февраль ойида рўйхатдан ўтказилганлиги сабабли буюртмачи 10 000 доллардан 20% – 2 000 доллар ушлаб қолиб, уни бюджетга ўтказган. Шартномани бажариш якуни бўйича норезидентнинг фойдаси 20 000 АҚШ долларини ташкил этди. Фойда солиғи: 20 000 х 12% = 2 400 доллар. Норезидент бюджетга 2 400 – 2 000 = 400 доллар тўлаши лозим.

 

Корхона қандай ҳолатларда фойда солиғи бўйича агент ҳисобланади

Бунда корхонангизнинг фойдаси ҳақида эмас, балки у бошқаларга тўлайдиган даромадлар ҳақида сўз боради. Шу муносабат билан у мазкур даромаддан солиқни ушлаб қолиб, бюджетга ўтказиши, яъни солиқ агенти мажбуриятларини бажариши керак.

Қуйидагиларни тўлаётганда корхонангизда шундай мажбурият юзага келиши мумкин:

  • Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини доимий муассаса ташкил этмасдан амалга ошираётган норезидентларга даромадлар;
  • дивидендлар;
  • фоизлар.

Ушбу даромадларни тўлаётганда корхонангиз тўлов манбаи сифатида улардан солиқ ушлаб қолиб, бюджетга тўлаши керак. Бунда корхонангиз солиқ солишнинг қандай тизимидан фойдаланаётгани аҳамиятга эга бўлмайди.

 

 

Вазият
ЯСТ тўловчи корхона асбоб-ускуналарни монтаж қилиш хизматлари учун норезидентга даромад тўламоқда. Норезидент Ўзбекистонда ДМ сифатида рўйхатдан ўтмаган. Корхона 20%лик ставкада солиқ ушлаб қолиб, норезидентга даромад тўламоқда.

 

 

Эътибор беринг

Даромад олувчи солиқ тўловчи бўлишига қарамасдан, солиқларни ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиш учун жавобгарлик корхонангиз зиммасига тушади. Олувчининг даромадидан солиқ ушлаб қолмасангиз, тўлов муддатини ўтказиб юборганингиз учун пеня билан бирга уни ўз ҳисобингиздан тўлашингизга тўғри келади  .

 

Норезидент билан валютада ҳисоблашганда солиқ суммаси даромад тўлаш санасидаги МБ курси бўйича ҳисоблаб чиқарилади  .

Норезидентдан ДМ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида солиқ органлари томонидан тасдиқланган маълумотномани олгач, корхонангиз норезидентнинг даромадларидан солиқ ушлаб қолмай, даромадни тўлиқ миқдорда унинг счётига ўтказади. 

Норезидент бошқа мамлакат резидентлигига эгалигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган бўлса, солиқни ушлаб қолмаслик ёки пасайтирилган ставкада ушлаб қолиш лозим. Бунда Ўзбекистон ва норезидент юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган мамлакат ўртасида Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида келишув тузилган бўлиши керак .

Дивиденд ва фоизларни тўлаётганда ҳам корхонангиз улардан солиқ ушлаб қолиб, уни бюджетга ўтказади . Бу корхонангизнинг солиқ агенти сифатидаги мажбуриятидир.

Дивидендлар қуйидаги кўринишда бўлиши мумкин  :

  • акциялар бўйича тўланадиган даромад;
  • муассислар ўртасида тақсимланадиган соф ва (ёки) тақсимланмаган фойданинг бир қисми;
  • корхона тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган ёки муассис томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини (ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилган ҳолда) олгандаги даромад;
  • қўшимча акциялар кўринишида олинган даромад;
  • тақсимланмаган фойдани устав фондини кўпайтириш учун йўналтириш ҳисобига муассис улуши қийматининг ошиши кўринишида олинган даромад.

Кўриб турганимиздек, дивидендлар муассисларга фақат пул маблағлари шаклида тўланмайди. Бироқ барча ҳолларда корхонангиз солиқ ушлаб қолиши шарт:

  • резидентлардан – 5%лик ставкада;
  • норезидентлардан – 10%лик ставкада.

 

Вазият
Корхона муассислари тақсимланмаган фойданинг бир қисмини устав фондини кўпайтириш учун йўналтиришга қарор қилдилар. Ушбу ҳолатда улар ҳақиқатда ҳеч нарса олмайдилар. Бироқ ўз қарорлари билан бошланғич капиталларини тақсимланмаган фойданинг бир қисми ҳисобига кўпайтирдилар. Устав фондини кўпайтириш учун йўналтирилган сумма – дивидендлар бўлиб, улардан солиқ ушлаб қолиш керак.

 

Фоизлар – қарз талабларидан олинган даромад  .

Масалан, корхонангиз бошқа корхонадан йиллик 18% эвазига қарзга пул олди. Фоизлар қарз берувчи корхонанинг даромади бўлиб, уни қарз олувчи корхонангиз унинг пулларидан фойдалангани учун тўлайди.

Нафақат пул, балки бошқа ҳар қандай мол-мулк ҳам қарзга ёки вақтинчалик фойдаланишга берилиши мумкин.

Ҳисобланган фоизлардан солиқ ушлаб қолишингиз ва бюджетга тўлашингиз, фарқни эса қарз берувчига тўлашингиз керак. Ставкалар дивидендлар учун белгиланганидек миқдорда бўлади.   

Қуйидагиларга тўланадиган фоизлар бундан мустасно:

  • Ўзбекистон резиденти бўлган кредит ташкилотларига;
  • ижарага берувчиларга (лизингга берувчиларга) мол-мулк молиявий ижарага (лизингга) берилганда.

Улар олинган фоизлардан солиқни мустақил равишда ушлаб қоладилар. 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал