2019 йил I чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловлар юзасидан маълумотномани ким топшириши керак

08.01.2019

2019 йилнинг I чораги учун юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномани фақат бу солиқни 2018 йилда ҳам тўлаган юридик шахслар топширишлари керак. Буни buxgalter.uz  сайтига Давлат солиқ қўмитасида тасдиқлашди.

Солиқ кодекси фойда солиғи бўйича жорий тўловлар тўланишини назарда тутади (СКнинг  164-моддаси).  Жорий тўлов – бу кутилаётган фойдадан солиқ тўловчининг ўзи ҳисоблайдиган аванс тарзидаги солиқ тўловидир. Ушбу ҳисоб-китоблар асосида солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун Маълумотнома тузилади. У I чорак учун солиқ органларига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тўққизинчи январь 24:00 гача тақдим этилиши керак.

Бироқ, ҳамма фойда солиғи тўловчилар ҳам бу маълумотномани топширишлари шарт эмас. 2019 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган юридик шахслар буни топширишлари зарур эмас.

Гап шундаки, I чоракда собиқ ЯСТ тўловчилар фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод қилинадилар (СКнинг 354-моддаси 3-қисми). Жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотнома эса уларнинг суммасини аниқлаш учун топширилади (СКнинг 164-моддаси). Модомики жорий тўловлар йўқ экан – маълумотнома зарур эмас.

Бинобарин, 2019 йилдан фойда солиғини тўлашлари шарт бўлган фойда солиғи тўловчилар I чорак учун  жорий тўловлар бўйича маълумотномани, шу жумладан ноль кўрсаткичлари билан топширишлари керак эмас.

Маълумотномани 2018 йилда фойда солиғини тўлаган ва 2019 йилда ҳам  тўловчи бўлиб қолган юридик шахслар тақдим этишлари шарт. Улар:

  • 1 чорак учун тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдани баҳолашлари;
  • биринчи чорак учун фойда солиғининг дастлабки суммасини тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдани 12%га (солиқ ставкаси) кўпайтирган ҳолда ҳисоблашлари;
  • фойда солиғи бўйича ҳар ойлик жорий тўловларни чораклик солиқ суммасини 3 га бўлган ҳолда аниқлашлари;
  • бу маълумотларни Маълумотномага киритишлари керак (МВ ва ДСҚ қарорига 1-илова, АВ рўйхат рақами 2439-сон, 22.03.2013 й.).

Тахмин қилинаётган фойдани 3 ёки 4 чорак натижалари асосида  унинг биринчи чоракда ўсиши эҳтимолини инобатга олган ҳолда баҳолаш мумкин. Кутилаётган фойдани жорий тўловларда “иқтисод” қилиш мақсадида камайтириш жарима санкциялари – пеняни тўлашга олиб келиши мумкин. Агар чорак якуни бўйича тўланган жорий тўловларнинг умумий суммаси шу чорак учун солиқнинг ҳақиқий суммасидан 10%дан кўпроқ кам бўлиб чиқса, уларни тўлашга тўғри келади (СКнинг 164-моддаси).

Эслатиб ўтамиз, солиқ ҳисоботларини тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик учун ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, бундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ЭКИҲнинг 3 бараваридан 10 бараваригача жарима тўлашга тўғри келади (МЖТКнинг 175-моддаси).

Ирина Ахметова,

«Норма» МЧЖ эксперти.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал