2021 йилда фойда солиғи қандай тўланади

07.01.2021

2020 йилда Президентнинг 03.04.2020 йилдаги ПҚ-5978-сон Фармони фойда солиғи тўловчиларига кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб, фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаш ҳуқуқини тақдим этди. 2021 йилдан бошлаб ушбу норма СКга киритилган .

2021 йилда бу масалада қандай ўзига хос жиҳатларни ҳисобга олиш лозим? Buxgalter.uz сиз учун батафсил йўриқномани тайёрлади!

Бўнак тўловлари қандай тўланади

Солиқ кодексига асосан фойда солиғи тўловчилар бўнак тўловларини I чоракда 2020 йил IV чорак бўнак тўловлари суммасидан келиб чиқиб тўлайдилар.  II–IV чоракларда - олдинги чорак учун Ҳисоб-китоб бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан келиб чиқиб . Бунда бўнак тўловлари суммасини солиқ органлари ҳисоблаб чиқаради.

Бундан ташқари, корхоналар солиқ органларига бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномани чоракнинг биринчи ойининг 10-санасигача жорий чоракда кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб тақдим этишга ҳақлидирлар.

Масалан, 2020 йил IV чоракда корхона ҳар ойда 25 млн сўм миқдорида бўнак тўловлари тўлаган. Бу I чоракда ҳам у уларни шу миқдорда тўлашини билдиради.

Агар сиз жорий чоракда фойда даражасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўзгаришларни кутаётган бўлсангиз, солиқ органларига I чорак учун бўнак тўловлари тўғрисида маълумотномани тақдим этишингиз мумкин. Мўлжалланаётган солиқ солинадиган фойда ва бўнак тўловлари суммалари олдинги чоракнинг тегишли кўрсаткичларилан кам ёки кўп бўлиши мумкин.


Маълумотнома қандай тартибда тақдим этилади

Маълумотнома чоракнинг биринчи ойининг 10-санасигача тақдим этилади , яъни:

  • I чорак учун – 11 январдан кечиктирмай, 9 январь дам олиш кунига тўғри келишини ҳисобга олган ҳолда – .
  • II чорак учун – 10 апрелга қадар;
  • III чорак учун – 10 июлга қадар;
  • IV чорак учун – 11 октябрдан кечиктирмай.

Агар сиз маълумотномани тақдим этсангиз, олдинги чорак якунлари бўйича бўнак тўловлари ҳисоблаб чиқарилмайди.


Ҳамма фойда солиғи тўловчилар ҳам маълумотнома тақдим этишлари керакми

Йўқ, ҳаммаси эмас.

Биринчидан, ҳамма ҳам бўнак тўловлари тўловчилар ҳисобланмайди. Уларни фақат жами даромади 2020 йил учун ёки 2021 йил мобайнида киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган корхоналар тўлайди .

Жами даромади ҳажми 5 млрд сўмдан ошмайдиган корхоналар фойда солиғини чорак якуни бўйича ҳисоб-китоб асосида тўлайди.

Иккинчидан, фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўловчилар учун маълумотнома тақдим этиш - бу ҳуқуқ, мажбурият эмас.

Агар сиз бўнак тўловлари тўғрисида маълумотнома тақдим этмаган бўлсангиз, уларни олдинги чорак кўрсаткичлари бўйича тўлайсиз. Бу ҳолда сизнинг ҳар ойлик бўнак тўловларингизни солиқ органлари ҳисоблаб чиқаради.

Бўнак тўловларини тўлаш муддати (маълумотнома бўйича ёки олдинги чорак якунлари бўйича) - ҳар ойнинг 23-санасидан кечиктирмай.

Эътибор беринг!
Қарзни ундириш чоралари ўзгармади. Агар солиқ тўловчида бўнак тўловлари бўйича тўланмаган солиқ қарзи мавжуд бўлса, солиқ органи унга солиқларни тўлаш муддати ўтганидан кейин 3 кундан кечиктирмай солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборади.


Агар бўнак тўловлари тўловчи маълумотномани ўз вақтида тақдим этмаган бўлса, бунда даромад ва солиқ солинадиган фойда ҳажми қисқарган

Бу ҳолда сиз бўнак тўловларини 2020 йил IV чорак якунлари бўйича тўлайсиз.

I чорак учун фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ солинадиган фойданинг камайиши аниқланади. Бўнак тўловлари суммасининг ҳисоб-китоб солиғидан ошиши фойда солиғи ёки бошқа солиқлар бўйича бўлғуси тўловлар асосида ҳисобга олиниши мумкин.

Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига биноан унга тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин .

Бўнак тўловлари II чоракда I чорак якунлари бўйича ёки 10 апрелга қадар тақдим этиладиган маълумотнома асосида аниқланади.

Мисол
Фойда солиғини маълумотномани тақдим этмасдан тўлаш

 

Бўнак тўловлари суммаси IV чоракда - ҳар ойда 100 млн сўм. Корхона 2021 йил I чорак учун бўнак тўловлари тўғрисида маълумотнома тақдим этмади, шу боис ҳар ойда 100 млн сўмдан бўнак тўлайди.

2021 йил I чорак учун фойда солиғи - 240 млн сўм, 300 млн сўм (100 х 3) тўланган.

Фойда солиғи бўйича 60 млн сўм  (300 – 240) ортиқча тўлов ушбу солиқ бўйича бўлғуси бўнак тўловлари ҳисобига ҳисобга олинади.

II чоракда фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари икки усулдан бири билан аниқланади:

1) I чорак якунлари бўйича. Бу ҳолда улар 80 млн сўмга (240 : 3) тенг бўлади. Апрель учун бўнак тўлови қисман тўланган (60 млн сўм суммада). Корхона 23 апрелга қадар бўнак тўловининг қолган қисмини 20 млн сўм (80 – 60) тўлаши ва кейинги ойларда 80 млн сўмдан тўлаши зарур;

2) 10 апрелга қадар тақдим этилган бўнак тўловлар тўғрисида маълумотнома асосида.


Бўнак тўловлар тўғрисида “нолли” маълумотномани тақдим этиш мумкинми

Мумкин, агар сиз ҳисобот даври учун солиқ солинадиган фойда нолга тенг бўлишига ишончингиз комил бўлса.

Бироқ бунда шуни инобатга олиш лозимки, солиқ органлари тақдим этиладиган фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномага ўзгартиришлар киритишга ҳақли . Шу боис сизга тақдим этилган ҳуқуқни суиистеъмол қилманг.


Агар 2020 йил якунлари бўйича зарар кўрилган бўлса, 2021 йилда бўнак тўловларини тўлаш зарурми

Ҳа, агар 2020 йилда жами даромаднинг ҳажми 5 млрд сўмдан ошган бўлса. Бу ҳолда 2021 йилда сиз фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўловчиси бўласиз.

Бунда I чоракда сиз бўнак тўловларини 2020 йил IV чоракда тўланиши лозим бўлган бўнак тўловлари суммасида тўлашингиз керак.  Агар IV чоракда бўнак тўловлари “нолли” бўлган бўлса, 2021 йил I чоракда ҳам улар тўланмайди.

II чоракдан бошлаб бўнак тўловлари ёки олдинги чорак якунлари бўйича, ёхуд бўнак тўловлари тўғрисида маълумотнома асосида тўланади.

Эътибор беринг!
Сиз 2021 йил фойдасини 2020 йилда олинган зарарга фақат 2021 йил якунлари бўйича ва 60%дан ошмаган миқдорда камайтиришингиз мумкин .
Эслатиб ўтамиз
Зарарни 10 йилдан кўп бўлмаган муддат мобайнида келгусига ўтказишни амалга ошириш мумкин. 2020 йил 1 январга қадар ҳосил бўлган зарарлар: солиқ базасини 50%дан ошмаган миқдорда камайтиради; 5 йилдан кўп бўлмаган муддат мобайнида келгусига ўтказилади.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь