Агар норезидент билан контрактда ишга тушириш-созлаш хизматлари қиймати ёзилмаган бўлса, солиқ қандай ҳисоблаб чиқарилади

11.06.2021

Норезидент бўлган юридик шахс асбоб-ускунани монтаж қилиш ва созлаш, шунингдек ходимларни унда ишлашга ўқитиш бўйича хизматлар кўрсатди. СКнинг 351-моддасида айтилишича: агар шартномада хизматлар суммаси кўрсатилмаган бўлса, норезидентнинг солиқ солинадиган даромади - асбоб-ускунақийматининг 20%и. Агар солиқ органи ҳеч қандай тушунтиришларсиз асбоб-ускуна қийматининг 20%и миқдорида солиқ ҳисобласа, у тўғри йўл тутган бўладими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни ДСҚ солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бош давлат солиқ инспектори Беҳзод БОТИРАЛИЕВ тушунтирди:


- Йўқ, нотўғри, солиқ органи СК нормаларига риоя қилиши керак.

СКнинг 351-моддаси 3-қисмига асосан, агар норезидент томонидан монтаж ва (ёки) ишга тушириш-созлаш хизматлари, ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа шу каби хизматлар кўрсатилишини назарда тутувчи асбоб-ускуналар (қурилмалар, механизмлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар) сотиб олиш (сотиш) бўйича ташқи савдо шартномасида (контрактда) кўрсатиладиган хизматлар қиймати алоҳида кўрсатилмаган бўлса, норезидентнинг солиқ солинадиган даромади бундай асбоб-ускуналар (қурилмалар, механизмлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар) қийматининг 20%ига тенг деб қабул қилинади.

Ҳатто агар ушбу шартномада (контрактда) норезидент томонидан монтаж ва (ёки) ишга тушириш-созлаш хизматлари, ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа шу каби хизматлар кўрсатилиши назарда тутилмаган бўлса, ҳақиқатда эса улар кўрсатилган бўлса ҳам шунга ўхшаш норма қўлланилади.

Шубҳасиз иккала вазиятда асбоб-ускуна қийматининг 20%ига тенг сумма норезидентнинг даромади ҳисобланади, у кейинчалик солиқ суммасини аниқлаш учун солиқ базаси бўлади.

Масалан, агар асбоб-ускунанинг қиймати - 100 млн сўм бўлса, кўрсатилган хизматлар қиймати (норезидентнинг даромади) 20 млн сўмни (100 млн. сўм х  20%) ташкил қилади. Бинобарин, бюджетга 4 млн сўм солиқ (20 млн. сўм х  20%) тўлаш лозим бўлади.

Агар солиқ органлари вакили билан келишмовчиликлар юзага келса, ДСҚга (71) 244-98-98 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь