Асосий восита “топилди” – қандай ҳисобга олинади?
Цехни инвентарлаш жараёнида ҳисобга олинмаган асосий воситалар аниқланди. Ушбу вазиятни бухгалтерия ҳисобида тўғри акс эттиришни ва солиқ оқибатларини buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтирди:
- Ҳар йили ташкилотнинг молиявий ҳисоботини тузишдан олдин инвентарлашни ўтказадилар, унда моддий қимматликларнинг камомади каби ортиқча чиққани ҳам аниқланиши мумкин.
Асосий воситаларнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш ва уларнинг бутлигини назорат қилиш мақсадида 2 йилда камида бир марта уларни инвентарлаш ўтказилади, кутубхона фондлари эса – 5 йилда бир марта инвентарланади . Уни ўтказиш тартиби ва муддатлари корхонанинг бухгалтерия ҳисоби сиёсатида акс эттирилган бўлиши керак.
Ҳисобга қабул қилинмаган объектлар, шунингдек, ҳисоб регистрларида уларни тавсифлайдиган маълумотлар бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар кўрсатилган объектлар аниқланган тақдирда инвентарлаш комиссияси баённома тузган ҳолда инвентарлаш рўйхатига ана шу объектлар бўйича етишмайдиган ёки тўғри маълумотларни ва техник кўрсаткичларни киритиши керак .
Инвентарлаш комиссиясининг хулосаси (инвентарлаш рўйхати, солиштириш қайдномаси, баённома) асосида бухгалтерия ҳисобга олинмаган асосий восита бўйича ҳужжатни – кирим юкхатини расмийлаштиради.
Шунингдек, инвентарлаш комиссияси айбдор шахслар ва АВ объекти корхонанинг бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмаганлиги сабабларини аниқлаши керак.
“Топилма” бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?
Инвентаризация жараёнида аниқланган ҳисобга олинмаган (ортиқча чиққан) АВ объектлари, ортиқча чиқиш аниқланган санадаги бозор қиймати бўйича уларнинг ҳақиқий аҳволини ҳисобга олган ҳолда акс эттирилади .
Бухгалтерия ўтказмалари:
Дт 0100 “Асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётлар”;
Кт 9390 "Бошқа операцион даромадлар".

Асосий воситалар таркибига қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган моддий активлар киритилади:
1) қиймати БҲМнинг 50 бараваридан ортиқ бўлган (агар корхонанинг ҳисоб сиёсатида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса);
2) бир йилдан ортиқ хизмат муддати . Ҳар қандай аниқланган АВ ёки ТМҚ бозор қиймати бўйича кирим қилиниши ва бошқа даромадга киритилиши лозим.
Солиқ оқибатлари
Инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча чиққан АВ объектлари – бу корхонанинг “реализация қилишдан ташқари” даромади . Ушбу даромадга ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича айланмадан олинадиган солиқ солинади
, фойда солиғини тўловчилар учун эса – солиқ ҳисоб-китобида ҳисобга олинади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, аниқланган ҳисобга олинмаган асосий восита тарзидаги даромад айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар учун нафақат мазкур солиқ бўйича солиқ оқибатларига олиб келиши, балки жами даромаднинг 1 млрд сўмдан ошиши хавфини келтириб чиқариши мумкин, бу солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтишга сабаб бўлади
.
- Квартира ҳадя қилишнинг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатлари
- ҚҚС ва фойда солиғи бўйича ҳисоб-китоблардаги даромадлар доим ҳам мос келадими
- Мақсадли имтиёзлар ҳисобига олинган мол-мулкни амортизация қилишнинг хусусиятлари
- Жисмоний шахсга квартира қандай сотилади: ҳисобини юритиш ва солиқ оқибатлари
- Муассисга дивидендлар ҳисобига квартирани қандай қилиб бериш мумкин