Давлат хизматларига харажатларни қандай ҳисобга олиш мумкин

preview

Buxgalter.uz ўқувчилари саволларига Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ жавоб беради:

- Қурилиш материаллари ва сантехника ишлаб чиқарувчи корхона Давстандарт, метрология, Давтабиатқўм хизматлари, ТЧМ, ЧЧМга, “СБХ” газетасига обуна учун  тўловни амалга оширади ва шунга ўхшаш бошқа харажатларга эга. Уларни асослантирилган деб ҳисоблаб, келгуси давр харажатлари сифатида тенг миқдорларда ҳисобдан чиқариш мумкинми?

- Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар асослантирилган ҳисобланади :

  • даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
  • тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
  • қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

Маҳсулотни белгиланган стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, уни сертификатлаштириш асослантирилган ҳисобланади, сабаби  қонун ҳужжатларининг талабларидан келиб чиқади.

Атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндилар жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган нормалар доирасида асослантирилган ҳисобланади. Нормативлардан ортиқча харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегирилмайди .

Молиявий-иқтисодий даврий нашрларга обуна ҳам иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ҳисобланади, чунки улар бизнесни тўғри юритишга ёрдам беради, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш соҳасида хатоларни қисқартиради.

Келгуси даврлар харажатлари жорий ҳисобот даврида амалга оширилади, бироқ келгуси ҳисобот даврларига тегишли бўлади. Улар жорий харажатларга тенг миқдорларда белгиланган муддат ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми ёки сонига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқарилади .

Бундай харажатларга хизмат обунаси, суғурта, ижарага харажатлар ва узоқ муддатли хизматларга олдиндан тўлов билан боғлиқ бошқа харажатлар киради.

Келгуси даврлар харажатларини жорий харажатларга ҳисобдан чиқариш СКда назарда тутилган солиқ солиш мақсадларида харажатларни ҳисобга олиш тартибига зид эмас. Асосийси, улар асослантирилган ва ҳужжат билан тасдиқланган бўлсин.