ДСИнинг фойда солиғи бўйича аванс тўловлари юзасидан хатти-ҳаракатларига қандай муносабат билдириш лозим

preview

III чорак учун ҳисобот даври тугади, солиқчилар нима учун аванс тўловлари миқдори олдинги ҳисобот маълумотларидан камлиги юзасидан бир кун мобайнида тушунтириш беришни сўраб оммавий равишда хат йўллашди. Баъзи солиқ тўловчиларнинг эса умуман “омади келмади”:

-фойда солиғи бўйича шахсий карточкага уларга “боқимонда” – III чорак учун фойда солиғи суммаси ва IV чорак учун жорий тўловлар суммаси ўртасидаги ижобий фарқ ҳисобланди;

-шундан кейин ушбу “боқимонда”ни инкассо топшириқномаси билан бюджетга ечиб олишди.

buxgalter.uz порталига мурожаат қилган бухгалтерлар, юмшоқроқ қилиб айтганда, ўз “ҳамкорлари”нинг хатти-ҳаракатларидан “таажжубда”лар: “Нега бундай бўлди? Биз фойдани кейинги чорак учун прогнозга тийинигача мос равишда режалаштира олмаймиз? Қандай асосга кўра ҳисобварақдан инкассо топшириқномаси билан пул ечиб олишди? Нима қилиш лозим???”

Биз вазиятни шарҳлаб беришни сўраб солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАга мурожаат қилдик.

Солиқчилар нимани сўрашмоқда?

Амалиётдан мисол.Корхона томонидан 2019 йилнинг III чораги учун фойда солиғи бўйича ҳисоб-китобга биноан бюджетга тўланиши лозим бўлган фойда солиғи суммаси 127 млн сўмни ташкил этади. 2019 йилнинг IV чораги учун тақдим этилган аванс маълумотномасида тахмин қилинаётган солиқ суммаси 30 млн сўмни ташкил этади. 26.06.2018 йилдаги ПҚ-3802-сон қарорга ва Солиқ кодексининг 164-моддаси иккинчи қисмига ҳавола қилган ҳолда ДСИ бир кун мобайнида нима учун IV чорак учун прогноз қилинаётган фойда олдинги чоракка нисбатан кам бўлганлиги сабабларини тақдим этишни сўради.

Сиз ушбу хатларни қандай баҳолайсиз?

Уларда III чорак жорий чорак билан таққосланмоқда. Бундай таққослаш Солиқ кодексида белгиланмаган. 2020 йил Кодекси лойиҳасида эса аксарият корхоналар учун фойда солиғи бўйича аванс тўловлари олдинги чорак даражасида бўлиши назарда тутилмоқда. Яъни келаси йили, башарти лойиҳа қабул қилинса, жорий тўловлар бўйича маълумотномалар бўлмайди. Солиқчилар жорий тўловларни олдинги чоракдан келиб чиқиб ҳисоблайдилар ва солиқ тўловчилар уларни тўлашлари шарт бўлади. Тўлашмаган тақдирда – солиқчилар уларни инкассо бўйича ечиб олишлари мумкин бўлади.

Аммо бу келаси йилдан бўлади. Бу йил бухгалтернинг  ўзи жорий тўловлар суммасини прогноз қилинаётган реализация қилиш ҳажмлари ва харажатлардан келиб чиқиб аниқлайди. Солиқчилар нима учун жорий тўловлар олдинги чорак фактидан камлигини билишни хоҳлашмоқда. Бироқ, нима учун бунчалик шошилиш керак – 1 кун мобайнида жавоб бериш лозим. Ва умуман солиқ органи жорий тўловнинг “тўланмаган” қисмини инкассо бўйича ечиб олиши ҳеч қандай ҳуқуқий асослашга тўғри келмайди.

Бундай вазиятлар мавжудми?

Ҳа, битта эмас. Инспекция III чорак учун ҳақиқий суммани жорий тўловлар прогнози билан солиштиради. Ва тўланган жорий тўлов олдинги чорак фойда солиғидан 1/3 га кам бўлган тақдирда шахсий карточкага қўшимча солиқ ҳисобланади ва дарҳол – инкассо бўйича ечиб олинади. Айтайлик, битта ташкилотдан 130 минг сўм ечиб олишди. Раҳбари солиқ органига борди, улар эса унга: “Биласизми, режани бажариш керак. Сиз эса нимагадир ўтган чорак фактига нисбатан камроқ режалаштирибсиз”, дейишади.

Бошқа корхонадан 75 млн сўм ечиб олишган. Бухгалтер муҳокама қилишга борди – у иш ҳақи беришни, хом ашё, материаллар харид қилишни хоҳлаганди. Қайтаришга ваъда беришди – “хат ёзиб, тушунтириш беринг, биз уни албатта кўриб чиқамиз. Ва қайтарамиз...”

Бундай хатти-ҳаракатларга қандайдир юридик асослар борми?

Йўқ. Фақат қонунчиликда қатъий айтиб ўтилган ҳолларда олдиндан солиқ тўловчининг розилигини олмасдан унинг ҳисобварағидан пул маблағларини олиб қўйиш мумкин. Дастлаб солиқ мажбурияти вужудга келади. Агар у ўз вақтида бажарилмаса – қарздорлик юзага келади. У солиқ тўлаш муддати ўтгандан кейин уч иш кунидан кечиктирмасдан инкассо бўйича ечиб олиниши мумкин . Бунда солиқ органи олдиндан сизни бу ҳақда хабардор қилмасдан боқимондани ундиришга ҳақли эмас. Билдиришнома ёзма талабнома кўринишида расмийлаштирилиб, солиқларни тўлаш муддати ўтгандан кейин уч иш кунидан кечиктирмасдан юборилиши керак .

Бизнинг вазиятимизда солиқ қарздорлиги вужудга келмайди. Солиқ тўловчининг фойда солиғи бўйича жорий тўлови кимнингдир тахминига жавоб бермаса, бу уни инкассо бўйича ечиб олиш мумкинлигини билдирмайди. Буни ҳеч қандай ҳуқуқий нормалар билан асослаб бўлмайди.

Хулоса: навбатдаги чорак учун режалаштирилаётган фойданинг олдинги даврлар учун маълумотларга нисбатан камайиши – бу ҳуқуқбузарлик ҳам, хато ҳам эмас! Бу хўжалик амалиётида тез-тез учрайдиган вазият. Фарқни боқимонда сифатида бюджетга ундириш эса – бу яққол мансабдор шахслар томонидан ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган қонунчиликда белгиланган ваколат доирасидан четга чиқиш.

Солиқ тўловчи нима қилиши лозим?

Энг аввало, ушбу пулларни қайтариш юзасидан ДСИга хат ёзиш зарур. Маблағлар қонунга хилоф равишда олиб қўйилиши муносабати билан корхонангизда қандай муаммолар юзага келишини баён этинг. Унда IV чорак учун ҳисоблаш прогнози нима учун олдинги чорак фактидан камлигини тушунтиринг. Бу ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, мавсумий омил, талабнинг пасайиши ва ҳоказо бўлиши мумкин.

Агар пулларни қайтаришмаса, судга мурожаат қилинг. Бу ҳолда корхона маблағларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги учун сизга фоиз  тўланиши лозим.

Яна битта тавсия. Агар сизга инкассо қўйилмаган бўлса, бўшашманг. Фойда солиғи бўйича шахсий карточкани текшириб кўринг, у ерда қандайдир асосланмаган равишда солиқларни қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмаганмикин. Зарурат бўлганда солиқ органлари билан солиштиришни амалга оширинг.

Р.S. Биз buxgalter.uz гуруҳи қатнашчилари орасида сўров ўтказдик. Жавоб берганларнинг 47%и (220 нафардан) фойда солиғи бўйича аванс тўловлари тўғрисида хат олганликларини, 27%и (190 нафардан) - маблағлар қонунга хилоф равишда олиб қўйилганлигини тасдиқлашди.