Экспорт қилувчилар фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қандай қўллайдилар

preview

Солиқ кодекси билан айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқи берилган. Товарлар ва хизматлар экспорт қилинганда уни қўллаш тартибини «Норма» эксперти Олег ЦОЙ тушунтириб берди.

Товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошса, фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўлланг .

Экспорт қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ноль даражали ставка қўлланилади:

  • контракт ёки унинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси;
  • товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;
  • Ўзбекистон божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.

Товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун воситачилик (топшириқ) шартномасини ҳам тақдим этиш лозим.

Товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун хўжалик юритувчи субъект амалга ошираётган фаолият турига қараб бошқа ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин .

Диққат
Товарлар (хизматлар) экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида товарлар ёки хизматлар экспортидан чет эл валютасида даромад келиб тушмаган бўлса, фойда солиғининг ноль даражали ставкаси қўлланилмайди .

 

Мисол
Валюта тушуми келиб тушадиган муддатни бузиш
Корхона 2020 йил апрель ойининг бошида маҳсулотни экспорт қилиб, I ярим йиллик учун фойда солиғини ҳисоблаб чиқараётганда ушбу реализация бўйича ноль даражали ставкани қўллади. Бироқ ушбу операция бўйича чет эл валютасидаги тушум товарлар экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ўтгач – 2020 йил ноябрь ойида келиб тушди.
Шу сабабли корхона 9 ой учун фойда солиғи бўйича ҳисоботни тайёрлаш чоғида экспортдан олинган фойдага нисбатан 15%лик ставкани қўллади. Бундан ташқари, корхонанинг товарлар экспортидан олинган фойдани ноль даражали ставкада солиқ солинадиган фойдадан чиқариб ташлаб, I ярим йиллик учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишига тўғри келди.

Диққат

Ноль даражали ставка қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • рўйхати Президентнинг қарори билан тасдиқланадиган хом ашё товарлар экспортига;
  • халқаро ташишлар хизматларига, бундан автотранспортда ташишлар мустасно;
  • товарларни қувурлар орқали ва газ қувурлари орқали ташиш бўйича хизматларга .

Даромадлар ва харажатларни алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш  

Бир нечта фаолият турларини амалга ошириб, уларнинг айримлари бўйича ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўлсангиз, даромадлар ва харажатларни алоҳида-алоҳида – мутаносиб ёки тўғридан-тўғри усулда ҳисобга олинг .

Мутаносиб усулда даромадлар ва харажатларни реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида ушбу фаолият турлари бўйича (ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда) тушум улушига мутаносиб тарзда муайян фаолият турларига киритинг .

 

Мисол
Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усули
Корхона маҳсулот ишлаб чиқариб, уни ички бозорда ва экспортга реализация қилади. Ҳисобот даврида товарларни реализация қилишдан тушган тушум ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаганда 5 400 млн сўмни, шу жумладан экспортга – 2 160 млн сўмни ташкил этди. Бошқа даромад олмаган.
Ушбу даврда чегириладиган харажатлар 3 600 млн сўмни ташкил этди. Экспортга реализация қилишдан тушган тушумнинг жами даромаддаги улуши – 40% (2 160 : 5 400 х 100).
Товарлар экспортидан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошгани сабабли корхона товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича солиқнинг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга.
Корхона даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўллайди. Экспорт билан боғлиқ чегириладиган харажатлар 1 440 млн сўмни (3 600 х 40%) ташкил этди, бунда 40% – товарларни экспортга реализация қилишдан тушган тушумнинг реализация қилишдан тушган тушум умумий суммасидаги улуши.
Экспорт бўйича фойда – 720 млн сўмга (2 160 – 1 440) ноль даражали ставкада фойда солиғи солинади.

Тўғридан-тўғри усулда даромадлар ва харажатларни, улар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритинг. Фаолиятнинг фақат битта аниқ турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолият турлари бўйича тақсимланг.

Мисол
Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг тўғридан-тўғри усули
Корхона маҳсулот ишлаб чиқариб, уни ички бозорда ва экспортга реализация қилади. Ҳисобот даврида товарларни реализация қилишдан тушган тушум ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаганда 5 400 млн сўмни, шу жумладан экспортга – 2 160 млн сўмни ташкил этди. Бошқа даромад олмаган.
Экспортга реализация қилишдан тушган тушумнинг жами даромаддаги улуши – 40% (2 160 : 5 400 х 100).
Товарлар экспортидан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошгани сабабли корхона товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича солиқнинг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга.
Корхона даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг тўғридан-тўғри усулини қўллайди.
Экспортга реализация қилинган товарлар таннархи ва товарлар экспорти билан боғлиқ бўлган бошқа чегириладиган харажатлар 1 310 млн сўмни ташкил этди.
Товарларни ички бозорга ёки экспортга реализация қилишга тўғридан-тўғри киритиб бўлмайдиган умумий чегириладиган харажатлар 260 млн сўмни ташкил этди. Мутаносиб усулда экспортга киритиладиган харажатлар суммасини аниқлаймиз:
260 х 40% = 104 млн сўм, бунда 40% – товарларни экспортга реализация қилишдан тушган тушумнинг реализация қилишдан тушган тушум умумий суммасидаги улуши.
Экспортга киритиладиган чегириладиган харажатларнинг умумий суммаси 1 414 млн сўмни (1 310 + 104) ташкил этади.
Экспорт бўйича фойда – 746 млн сўмга (2 160 – 1 414) ноль даражали ставкада фойда солиғи солинади.

 

Диққат
Алоҳида-алоҳида ҳисобга олишнинг қўлланиладиган усулини ҳисоб сиёсатида албатта акс эттиринг.