Фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

11.06.2020

Амалиётда бухгалтерларда муайян бир вазиятда СК нормаларини қандай қўллаш керак, деган саволлар кўп юзага келади. Турли солиқ солиш объектларига нисбатан фойда солиғини ҳисоблашда қандай шартлар харажатларнинг чегириладиган харажатларга киритилишини белгилайди?  «Норма» эксперти Наталья МЕМЕТОВА фойда солиғи бўйича семинар иштирокчиларининг саволларига жавоб берди. Мазкур тушунтиришдан парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

Диққат
Чегирилмайиган харажатлар бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди .
  • Суд харажатлари – чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

Фойда солиғини ҳисоблашда суд харажатлари чегириладиган харажатлар ҳисобланиш-ҳисобланмаслигини англаш учун суд жараёни нима билан боғлиқлигини билиш лозим. Солиқ солинадиган даромад олиш билан боғлиқ бўлса, у ҳолда суд харажатлари чегириладиган харажатлар бўлиши мумкин .

  • Шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун компенсация – норма доирасида чегириладиган харажат

Автотранспортдан ҳақиқатан ҳам Тартибга мувофиқ хизмат мақсадларида фойдаланилса, автотранспортдан норма доирасида фойдаланганлик учун компенсация – чегириладиган харажат. Белгиланган нормалардан ортиқ бўлган бундай компенсация чегирилмайдиган харажат ҳисобланади .

  • Бола туғилганда бериладиган туғиш нафақаси, бола 2 ёшга тўлгунча бериладиган нафақа, касал бўлганда бериладиган нафақа – чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

Бола туғилганда бериладиган туғиш нафақаси Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади ва сизнинг харажатингиз ҳисобланмайди.

Бола туғилиши муносабати билан моддий ёрдам тўласангиз, у чегирилмайдиган харажат деб ҳисобланади .

Бола 2 ёшга тўлгунча ва меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бўйича бериладиган нафақалар – чегириладиган харажатлар, сабаби қонун ҳужжатлари билан талаб қилинган .

  • Сирдарёга хайрия ёрдами – чегирилмайдиган харажат

Компания Сардоба сув омбори бузилиши муносабати билан Сирдарёга янги кийим-кечак жўнатди, шунингдек коронавирус пандемияси муносабати билан “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига пул ўтказди. Ушбу харажатни чегириладиган харажатга киритиш мумкинми?

Президентнинг 21.05.2020 йилдаги ПҚ-4722-сон қарори билан Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича таъминот чора-тадбирлари белгиланган. Хусусан, бюджетдан ва жамғармалардан маблағлар ажратилиши назарда тутилган. Ҳужжатда корхоналар кўрсатган хайрия ёрдамини чегириладиган харажатларга киритиш назарда тутилмаган.

Бу ҳолда хайрия ёрдами СК 317-м. 7-бандига мувофиқ чегирилмайдиган харажат бўлади.

  • Касаба уюшмалари ташкилотларига бадаллар – чегирилмайдиган харажатлар

Касаба уюшмаси ташкилотига МҲТФнинг 1%и миқдоридаги ойлик ажратмалар чегирилмайдиган харажатларга кирадими?

СК 317-м. 29-б. [U8] мувофиқ «нотижорат ташкилотларига тўланадиган бадаллар, йиғимлар ва бошқа тўловлар, бундан бундай бадалларни, йиғимларни ва бошқа тўловларни тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва (ёки) ушбу бадалларни, йиғимларни ва бошқа тўловларни тўлаган солиқ тўловчилар томонидан фаолиятни амалга оширишнинг шарти ёхуд мазкур ташкилотлар томонидан солиқ тўловчилар ўз фаолиятини юритиши учун зарур хизматлар тақдим этишнинг шарти бўлган ҳоллар мустасно», яъни чегирилмайди.

Касаба уюшмалари ташкилотлари – фуқароларнинг ихтиёрий жамоат бирлашмалари . Бинобарин, касаба уюшмалари ташкилотларига бадаллар – чегирилмайдиган харажат.

  • ССПга аъзолик бадаллари – чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлиш ихтиёрий саналади, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса – мажбурий .

Корхона учун ССПга аъзо бўлиш мажбурий бўлса, солиқ базасидан бадалларни чегириш мумкин. Аъзо бўлиш мажбурий бўлмаса, харажат чегирилмайдиган харажат ҳисобланади .

  • ТМҚни яроқсизлиги сабабли ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар – чегирилмайдиган харажат

СК 317-м. 34-б. мувофиқ товар-моддий қимматликларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар чегирилмайдиган харажат ҳисобланади. ТМҚ – айланма активлари. Асосий воситалар улар жумласига кирмайди.

  • Пеня ва жарималар – чегирилмайдиган харажатлар

Пеня, жарималар ва бюджет тизимига тўланиши лозим бўлган (тўланган) бошқа санкциялар чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади .

  • Спортзалга абонемент – чегирилмайдиган харажат

Спортзалга абонементлар – ходимларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари ва корхона учун чегирилмайдиган харажат .

  • Меҳнат шароитларини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар – чегириладиган харажатлар

Мажбурий суғурта, ходимларнинг саломатлиги учун қулай шароит яратиш (капсулалардаги ичимлик суви, махсус кийим-бош ва ниқоблар) бўйича харажатлар чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланадими? Ушбу харажатларни нархни белгилаш сиёсатида санаб ўтиш лозимми?

Мажбурий суғурта учун харажатлар – чегириладиган харажатлар, сабаби қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқади .

Шунингдек барча корхоналарда меҳнат учун хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитлар яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиш – иш берувчининг мажбурияти .

Меҳнатни муҳофаза қилиш мақсадида белгиланган тартибда маблағлар ва зарур материаллар ажратилади. Ушбу маблағлар ва материалларни бошқа мақсадлар учун сарфлаш тақиқланади. Улардан фойдаланиш тартиби жамоа шартномасида ёхуд иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади .

Юқорида кўрсатилган барча талабларга риоя этилган бўлса, меҳнат шароитларини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни чегириладиган харажатларга киритиш мумкин .

Нархлар барча харажатларни қоплаш ва корхона фойда олишини таъминлаш заруратини инобатга олган ҳолда шакллантирилиши зарурлиги боис юқорида кўрсатилган харажатлар нархни белгилаш сиёсатига киритилиши керак. Уларни йириклаштириб, мажбурий суғурта бўйича харажатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича харажатлар сифатида кўрсатиш мумкин.

Жамоа шартномасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича харажатларни батафсил қайд этиш тавсия этилади.

  • АВ эскириши бўйича харажатлар – белгиланган норма доирасида чегириладиган харажатлар

Корхона қўшимча ишлаб чиқариш учун АВ сотиб олган, бироқ ҳозирча харидорлар йўқлиги сабабли объектдан ҳанузгача фойдаланилмаяпти. АВга амортизация ҳисоблаш керакми? Керак бўлса, амортизация чегириладиган харажат ҳисобланадими?

Объект маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида фойдаланиш мақсадида сақланса, асосий восита сифатида тан олинади. Ёхуд – хўжалик фаолиятини юритиш чоғида узоқ вақт мобайнида маъмурий ва ижтимоий-маданий функцияларни бажариш учун .

Корхона уни сотадиган бўлса, объект товар сифатида малакаланиши лозим .

Корхона ундан ишлаб чиқаришда фойдаланса, амортизация ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулини қўллаш тавсия этилади, бунда амортизация суммаси ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ. Ишлаб чиқариш бўлмаганда амортизация ҳисобланмайди. Қўлланиладиган амортизация усулини ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

Амортизацияни ҳисоблашда СК 306-моддасида белгиланган нормалар доирасида ҳисобланган сумма чегириладиган сумма ҳисобланади.

  • Газ ва электр энергияси бўйича лимитдан ортиқ харажатлар – чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

Истеъмол қилинган электр энергияси ва газ учун ҳисоб-китоблар 12.01.2018 йилдаги 22-сон ВМҚ билан тасдиқланган Қоидалар билан тартибга солинади. Ҳисоб-китоблар белгиланган тарифлар бўйича электр ва газ таъминоти ташкилотлари билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади. Истеъмолчи ресурсларга бўлган эҳтиёжини тегишли ҳисоб-китоблар билан асослайди, улар асосида шартнома тузилаётганда корхона муайян тариф гуруҳига киритилади.  

Шартнома шартларига кўра корхона ресурсларни истеъмол қилишнинг белгиланган режимига риоя этиши шарт. Нормативдан ортиқ истеъмол қилган тақдирда ўсувчи коэффициент билан ҳақ ундирилади.

Газ ва электр энергияси учун нормативдан ортиқ харажатлар чегириладиган харажатлар ҳисобланиш-ҳисобланмаслигини англаш учун аввал нормативдан ортиқ сарфлаш сабабини аниқлаш лозим.

Агар у:

  • камчиликлар ва носозликларни бартараф этиш билан боғлиқ харажат ;
  • энергия ресурсларини ўғирлаш ;
  • даромад олишга йўналтирилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган харажат  бўлса ,

бу – чегирилмайдиган харажатлар.

Бошқа лимитдан ортиқ сарфлаш ҳоллари қуйидагилар оқибатида юзага келган бўлиши мумкин:

  • нормативнинг нотўғри белгилангани;
  • янги ишлаб чиқариш ёки янги маҳсулот ўзлаштирилаётгани.

Бундай ҳолларда СК 305-моддасининг чиқимларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар тўғрисидаги нормаларидан келиб чиқиш лозим.

Ҳақиқатдаги харажатларга мувофиқ келмайдиган норматив ресурсларга бўлган эҳтиёж нотўғри ҳисоб-китоб қилинганидан далолат беради. Ҳисоб-китобларингизга аниқлик киритиб, етказиб берувчилар билан янги нормативларни келишиб олинг.

Ҳисоб-китоблар ва тасдиқловчи ҳужжатлар ёрдамида нормативдан ортиқ чиқимларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослай олсангиз, уларни чегириладиган харажатларга киритиш мумкин.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал