Ижтимоий соҳада фойда солиғининг ноль даражали ставкаси қандай қўлланилади

preview

Солиқ кодекси билан айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқи берилган. Ижтимоий соҳа субъектлари томонидан уни қўллаш тартибини «Норма» эксперти Олег ЦОЙ тушунтириб берди.

Корхонангиз қуйидаги соҳаларда фаолият кўрсатса, ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар жумласига киради:

  • лицензия асосида кўрсатиладиган тиббий хизматлар (бундан косметология хизматлари мустасно). Тиббий хизматлар жумласига қуйидагилар киради, хусусан, тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш:

а) ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари;

б) стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезларини ўрнатиш хизматлари;

  • таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш;
  • илм-фан соҳасидаги ваколатли орган томонидан аккредитация қилинган илмий ва (ёки) илмий-техникавий фаолият субъектлари томонидан фан соҳасида амалга ошириладиган фаолият (шу жумладан илмий тадқиқотлар ўтказиш, муаллиф томонидан илмий-интеллектуал мулкдан фойдаланиш, жумладан уни реализация қилиш);
  • жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар. Бундай хизматларга, хусусан, қуйидагилар киради:

а) жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида ўтказиш хизматлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;

б) спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;

в) спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар;

  • болаларни, кексаларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий таъминоти соҳасидаги хизматлар .

Бунда санаб ўтилган фаолият турларидан олинган даромадлар текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромаднинг камида 90%ини ташкил этиши керак. Шундагина фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллашингиз мумкин.

Диққат
Календарь йил бошидан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилиш ҳажми 90%дан камни ташкил этса, жорий йилнинг ўтган ҳисобот чораклари учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этган ҳолда бутун фойдага нисбатан 15%лик солиқ ставкаси қўлланилади .
Мисол
Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилиш ҳажмининг улушини аниқлаш
1-вазият: корхонанинг 2020 йил I чорагидаги жами даромади 200 млн сўмни, шу жумладан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан – 190 млн сўмни ташкил этди.
Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан олинган даромад 95%ни (190 : 200 х 100) ташкил этади, шу сабабли корхона бутун фойдага нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллайди.
2-вазият: I ярим йилликдаги жами даромад 400 млн сўмни, шу жумладан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан – 340 млн сўмни ташкил этди.
Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан олинган даромад 85%ни (340 : 400 х 100) ташкил этади, корхона ноль даражали ставкани қўллай олмайди. У I ярим йилликда олинган бутун фойдага нисбатан 15%лик ставкани қўллайди.
Бунда корхона фойда солиғини 15%лик ставкада қайта ҳисоблаган ҳолда I чорак учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.

Диққат
Ижтимоий соҳада хизматларни тақдим этишдан ташқари акциз тўланадиган товарларни реализация қилсангиз ёки фойдали қазилмаларни қазиб олсангиз, корхонангиз ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар жумласига кирмайди ва тегишинча, фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга бўлмайди.