IV чорак учун фойда бўйича прогнозни топшириш шартми

preview

Тошкент шаҳар ДСБ солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига хабарнома йўллади, унда жами даромади жорий солиқ давридан олдинги солиқ даври учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган барча солиқ тўловчилардан  IV чорак учун фойда бўйича прогнозлар билан маълумотномани топширишни сўраган. Ушбу маълумотномалар асосида фойда солиғи бўйича  бўнак тўловлари ҳисоблаб чиқарилиши тахмин қилинмоқда.

Прогнозларда хато ва ноаниқликларнинг олдини олиш мақсадида бухгалтерларни қуйидагилар қизиқтирмоқда: ушбу маълумотномани топширмаса ҳам бўладими ва бу ҳолда жарима солишмайдими? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни  солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

- Маълумотномани топширмаса ҳам бўлади, бунинг учун жарима санкциялари бўлмайди.

Президентнинг 03.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармонининг 15-бандида тадбиркорлик субъектига бундай маълумотномани топшириш ҳуқуқи тақдим этилаётганлиги айтилган. Бу у буни амалга ошириши шарт эканлигини англатмайди.

Бундай маълумотномани, айланмадан ортиқча маблағларни олиб қўймаслик учун, фақат III чоракда тушуми IV чоракда прогноз қилинаётган тушумга қараганда анча юқори бўлган  ташкилотлар топшириши мақсадга мувофиқдир. Қолган тадбиркорлик субъектлари бундай маълумотномани топширмасликлари мумкин. Бу ҳолда бўнак тўлови миқдори СКнинг 340-моддасида белгиланган қоидалар асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Бу жорий солиқ даврининг IV чорагида тўланиши лозим бўлган ҳар ойлик бўнак тўловининг суммаси 9 ойлик якунларига кўра солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган фойда солиғининг суммаси ва ярим йиллик якунлари бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқнинг суммаси ўртасидаги фарқнинг 1/3 га тенг этиб қабул қилинишини англатади. Агар ҳисоблаб чиқарилган ҳар ойлик бўнак тўловининг суммаси манфий ёки нолга тенг бўлса, кўрсатилган тўловлар тегишли чоракда амалга оширилмайди.

Солиқчилар томонидан йўлланган хабарнома ахборот тусига эга. Лекин яна бир бор таъкидлайман: бу ҳолда ҳуқуқни мажбуриятга айлантириш учун ҳеч қандай қонуний асослар мавжуд эмас.

Эслатиб ўтаман, жами даромади жорий солиқ давридан олдинги солиқ даври учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчилар СКнинг 340-моддасига мувофиқ ушбу моддада белгиланган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилган ҳар ойлик бўнак тўловларини ҳисобот даври ҳар бир ойининг 23 кунидан кечиктирмай тўлашлари керак. Коронавирус пандемияси туфайли Президентнинг 03.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармони қабул қилинган ва жорий солиқ даврида тушумни олдинги солиқ даврларига нисбатан камроқ прогноз қилаётган корхоналар учун талабни юмшатиш жорий қилинган. Бу ҳолда бўнак тўлови улар томондан солиқ органларига  тақдим этилган прогноз асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Яна мавзуга доир: солиқ тўловчилар кўпинча “нолли” маълумотномани топширса бўладими, деб савол беришади. – Топширса бўлади, бироқ фақат сиз ҳисобот даври учун солиқ солинадиган фойда нолга тенг бўлишига ишончингиз комил бўлган тақдирда. Бунда шуни эътиборга олингки, солиқ органлари тақдим этилаётган маълумотномаларга ўзгартиришлар киритиш ваколатига эга. Шу боис тақдим этилган бўнак тўловлари суммасини камайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилмаслик лозим .

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади