Кўп тармоқли фирма солиқнинг қандай ставкасини қўллаши лозим

preview

Корхона электрон тижорат билан шуғулланади, кўриш қобилиятини аниқлаш бўйича шифокор хизматларини кўрсатади ва ўз ишлаб чиқаришини бошламоқчи. Бундай вазиятда фойда солиғининг қайси ставкасини қўллаш лозим? Саволга «Норма» эксперти Наталья МЕМЕТОВА жавоб берди:

- Ташкилот бир нечта фаолият турини амалга ошириши боис, даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини мутаносиб усул ёки тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули ёрдамида юритиши лозим.

Турли солиқ ставкаларининг қўлланилиши алоҳида-алоҳида ҳисобни юритиш заруратини келтириб чиқарган.

Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига киритилган корхоналар, жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича товарлар ва хизматлар билан электрон савдо қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг 90%ини ташкил этиши шарти билан, солиқнинг 7,5% ставкасини қўллайдилар.

Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда товар (хизмат)ларни электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80%ини ташкил этувчи, электрон тижоратда электрон савдо майдончалари, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи субъектлар киритилади .

Электрон тижорат -  бу ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдисидир .

Кўриш қобилиятини аниқлаш бўйича шифокор хизматлари, башарти тиббиёт муассасаси томонидан лицензия асосида кўрсатилса, тиббий хизматларга киритилиши мумкин.

Агар тиббий хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90%ини ташкил этса, ташкилот ижтимоий соҳа субъекти деб эътироф этилиши мумкин . Ижтимоий соҳа субъектлари учун мезонларга тўғри келган тақдирда у фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин.

Агар электрон тижорат ва ижтимоий соҳа субъектлари учун мезонларга риоя қилинмаган бўлса,  15% ставкани қўлланг.