Нима учун солиқ органлари бўнак тўловларини қайта ҳисоблаб чиқаришлари мумкин

12.04.2021

Корхона I чорак учун фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари бўйича маълумотномани тақдим этди. Шунга қарамай солиқ органлари 2020 йил IV чорак учун фойда суммасидан бўнак тўловларини қайта ҳисоблаб чиққан ҳолда корхонанинг ҳисобварағидан пулларни ечиб олди. Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси инспектори Лола МАМАТХОЖАЕВА шарҳлаб берди:


- Бўнак тўловларини жами даромади олдинги йил учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган корхоналар тўлайди . Тўлаш муддати - ҳар бир ойнинг 23 кунидан кечиктирмай.

Бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқаришнинг иккита варианти мавжуд :

1) солиқ органи томонидан;

2) бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотнома бўйича.

Солиқ органлари I чорак учун бўнак тўловининг суммасини ўтган йилнинг IV чорагида тўланиши лозим бўлган жорий (ҳар ойлик) тўлов миқдорида аниқлашади .  

Масалан, агар 2020 йил IV чоракда корхона ҳар ойда 30 млн сўмдан тўлаган бўлса, 2021 йил I чоракда у бўнак тўловларини худди шу миқдорда тўлайди.

Солиқ тўловчи мустақил равишда жорий чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар - жорий чоракда кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда, фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этишга ҳақли:

  • I чорак учун –10 январга қадар;
  • II чорак учун – 10 апрелга қадар (12 апрелдан кечиктирмай, сабаби 10 апрель – дам олиш куни  ;
  • III чорак учун – 10 июлга қадар (12 июлдан кечиктирмай, сабаби 10 июль – дам олиш куни);
  • IV чорак учун – 10 октябрга қадар (11 октябрдан кечиктирмай, сабаби 10 октябрь – дам олиш куни).
Мисол
Олдинги даврга нисбатан солиқ солинадиган фойдани камайтириш

 

2020 йил IV чоракда фойда солиғи тўловчиси бўлган корхона ҳар ойда 30 млн сўм миқдорида бўнак тўловлари тўлаган.

2021 йил I чоракда корхона ўтган йилнинг IV чорагига нисбатан даромадларнинг камайишини кутмоқда.

10 январга қадар у бўнак тўловлари тўғрисида маълумотнома тақдим этиб, унда I чорак учун мўлжалланаётган солиқ солинадиган фойдани - 500 млн сўмни кўрсатди, ундан фойда солиғини - 75 млн сўм (500 х 15%) тўлаш лозим. Маълумотномани тақдим этиш корхонага бўнак тўловларини 15 млн сўмга (30 х 3 – 75) камайтириш имконини беради.

Фойда солиғининг якуний суммасини корхона солиқ ҳисоботини 20 апрелдан кечиктирмай тақдим этган ҳолда, чорак якунлари бўйича аниқлайди. Агар ҳисобот бўйича солиқ суммаси тўланган бўнак тўловлари суммасидан ошса, корхона фарқни худди шу муддатда қўшимча тўлайди.

Эътибор беринг!

Кутилаётган фойда суммаси асоссиз камайтириб кўрсатилган тақдирда солиқ органлари тақдим этиладиган солиқ бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномага ўзгартиришлар киритишга ҳақли .

Агар солиқ тўловчи олдинги солиқ даврига нисбатан солиқ солинадиган фойдани камайтириш билан маълумотнома тақдим этса, тегишли тушунтиришларни тақдим этган ҳолда, солиқ солинадиган фойдани камайтириш сабабларини асослаши лозим.

Асослаш мавжуд бўлмаган тақдирда солиқ органлари олдинги ҳисобот даври даражасигача бўнак тўловларига тузатиш киритадилар.


II чоракда бўнак тўловлари қандай тўланади

20 апрелдан кечиктирмай солиқ тўловчи I чорак учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиши керак. Ҳисоб-китобда акс эттирилган солиқ суммаси II чорак учун бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун асос ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчида, масалан, I чорак учун Ҳисоб-китоб бўйича солиқ суммаси 150 млн сўм бўлса, II чоракда у ҳар ойда бюджетга 50 млн сўмдан (150 : 3) тўлаши керак.

Агар солиқ тўловчи фойданинг камайишини кутса, у 10 апрелга қадар II чорак учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишга ҳақли. Бунда у солиқ органлари бўнак тўловларига I  чорак даражасигача тузатиш киритмасликлари учун камайтириш сабабларини асослаши керак.

Сабаблар корхонадаги ишларнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттирадиган узрли сабаблар бўлиши керак. Мисол учун, ишларнинг мавсумий хусусиятга эга эканлиги муносабати билан тушумнинг қисқариши, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш муносабати билан сарфларнинг ошиши ва ҳ.к.

Бўнак тўловларини камайтириш ҳуқуқи солиқ тўловчининг ҳақиқий вазияти ва молия-иқтисодий ҳодатини ҳисобга олган ҳолда солиқни тўлаш имконини беради.

Эътибор беринг!

Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ким тўлаши ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.

Фойда солиғи тўловчилари ва уни тўлаш тартиби тўғрисида - бу ерда ва бу ерда ўқинг.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь