Қандай қилиб зарар кўрган корхона чиқиб кетган таъсисчи билан ҳисоб-китоб қилади

20.05.2021

Корхона МЧЖ таъсисчилари таркибидан чиқмоқда, унга улушининг ҳақиқий қийматини тўлаш зарур. Жамиятда қопланмаган зарар мавжудлиги, хусусий капитал эса фақат устав фондидан ташкил топганлиги боис, улушнинг ҳақиқий қиймати - номинал қийматидан камлиги келиб чиқади.

Бундай вазиятда қандай йўл тутиш лозимлигини buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Олег ЦОЙ тушунтирди:


- МЧЖ чиқиб кетган таъсисчининг улуши жамиятга ўтган пайтдан эътиборан бир йил ичида (агар уставда камроқ муддат назарда тутилган бўлмаса) :

  • унга улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаши;

ёки

  • унинг розилиги билан худди шундай қийматдаги мол-мулкни бериши шарт.


Улушнинг ҳақиқий қиймати қандай ҳисоблаб чиқарилади

Улушнинг ҳақиқий қиймати - бу чиқиб кетган таъсисчининг улуши миқдорига мутаносиб бўлган МЧЖ соф активларининг бир қисми .

Соф активларни қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқаринг :

Соф активлар = Узоқ муддатли ва жорий активлар - Узоқ муддатли ва жорий мажбуриятлар = Баланснинг 400-сатри - Баланснинг 770-сатри = Баланснинг 480-сатри = Хусусий капитал

Улушнинг ҳақиқий қийматини қуйидаги формула бўйича аниқланг:

Улушнинг ҳақиқий қиймати = Соф активлар х Таъсисчининг МЧЖ устав фондидаги улуши

Эътибор беринг!
Чиқиб кетган таъсисчига улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаш - бу ҳуқуқ эмас, балки корхонанинг мажбурияти. Агар жамият улушнинг ҳақиқий қийматини тўламаса ёки уни тўланиши лозим бўлган миқдордан кам миқдорда тўласа, у даромад олади ва уни фойда солиғи  ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасига киритади .


Устав фондини қопланмаган зарар суммасига камайтириш

Улушнинг ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўзининг устав фондини етишмаётган суммага камайтириши шарт .

Жамиятда 8710 ёки 8720-счётда қопланмаган зарар мавжуд, хусусий капитал эса фақат устав фондидан ташкил топган вазиятлар ҳам бўлади. Бу ҳолда МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан устав капитали миқдорини зарар суммасига камайтириш лозим бўлади.

Устав фондини камайтириш иштирокчилар улушларининг номинал қийматини камайтириш йўли билан амалга оширилади, бунда улушлар миқдорлари сақлаб қолиниши керак .

Бундай камайтиришдан кейин соф активлар устав капиталига тенг бўлади, чиқиб кетган таъсисчига эса унинг улушининг номинал қиймати тўланади (янги миқдорда).

Мисол
Қопланмаган зарар мавжуд бўлганда чиқиб кетган таъсисчи билан ҳисоб-китоблар

 

Таъсисчига МЧЖ устав фондидаги 20% тегишли, у жамият иштирокчиларининг таркибидан чиқишга қарор қилди.

Жамиятнинг УФ - 100 млн сўм, қопланмаган зарар - 30 млн сўм. Соф активлар суммаси 70 млн сўм (100 – 30).

Чиқиб кетган таъсисчи улушининг ҳақиқий қиймати 14 млн сўм (70 х 20%), бу унинг устав фондига ҳиссасидан кам - 20 млн сўм (100 х 20%).

Жамият ўз устав капиталини қопланмаган зарар суммасига камайтириши, кейин эса чиқиб кетган таъсисчига унинг устав фондидаги улушини тўлаши лозим.

МЧЖ устав фондини зарар суммасига қандай камайтириш ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.

Камайтиришдан кейин МЧЖ устав фонди 70 млн сўмга тенг, бу соф активлар суммасига мувофиқ келади. Чиқиб кетган таъсисчига 14 млн сўм (70 х 20%) миқдорида унинг улуши тўланади. Бизнинг мисолда у пул маблағлари билан тўланади.

Хўжалик муомаласининг мазмуни

Сумма,
млн сўм

Счётларнинг боғланиши

дебет

кредит

Жамиятнинг чиқиб кетган таъсисчига унинг устав фондидаги улуши қийматини тўлаш бўйича қарзи акс эттирилди

14

8630*

6620

Улуш қиймати пул маблағлари билан тўланди

14

6620

5110

*Ишчи режага 8630-счётни “Жамиятга ўтган улушлар” киритишни тавсия қиламиз”.

Солиқ оқибатлари

Жамият учун

Улушнинг ҳақиқий қийматини пул маблағлари билан тўлашда солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Жамиятнинг мол-мулкини (АВ, ТМЗ ёки бошқа активлар) таъсисчига унинг улуши қийматини тўлаш ҳисобига ўтказиш товарларни реализация қилиш бўйича айланма  ҳисобланади. Жамиятда ҚҚС, акциз солиғи, фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин.

Чиқиб кетган таъсисчи учун

Юридик шахс иштирокчилари таркибидан чиқиш (чиқиб кетиш) чоғида устав фондига қўшилган ҳисса доирасида олинган маблағлар фойда солиғи  ёки айланмадан олинадиган солиқ  ҳисоб-китобида даромад сифатида ҳисобга олинмайди.

Иштирокчининг устав фондига ҳиссасидан ошадиган ҳақиқий қийматнинг бир қисми унинг дивидендлари ҳисобланади  уларга тўлов манбаида - жамиятда солиқ солинади    ”.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь