Қарзни ҳисобдан чиқариш ва ўтказиш чоғида солиқ базаси қандай аниқланади

12.06.2020

Мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш ва қарзни учинчи тарафга ўтказиш механизми, шу жумладан ушбу вазиятларда фойда солиғини аниқлаш ҳақида «Норма» эксперти Наталья МЕМЕТОВА гапириб берди:


– Қуйидаги ҳолларда мажбуриятлар ҳисобдан чиқарилади:

  • 3 йиллик даъво муддати ўтганда ;
  • суд ёки ваколатли давлат органининг қарорига кўра.

Ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган мажбуриятлар – турли сабабларга кўра сўндирилмаган:

  • етказиб берувчилар, пудратчилар, муассислар, харидорлар олдидаги кредитор қарзлар (масалан, кредитор тугатилгани, шартнома шартлари бўйича унинг тарафлари ўртасидаги келишмовчиликлар, корхонангизнинг тўловга ноқобиллиги ва ҳ.к. сабабли);
  • мисол учун, ходим ишдан бўшаган ва у билан алоқа йўқотилган бўлса, тўланмаган иш ҳақи ёки бошқа ҳисобланган суммалар бўйича ходимлар олдидаги депонент қарзлар.

Даъво муддати ўтганда ёки суднинг қарори мавжуд бўлганда қарзни ҳисобдан чиқариш тўғрисида буйруқ ёки фармойиш расмийлаштиринг. Унинг асосида бухгалтерия ҳисобида даромадни қуйидаги проводка билан акс эттиринг:

  • Дт «Қарз счёти»;
  • Кт 9360 «Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар».

Ҳисобдан чиқарилган қарз суммасини Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 090-сатрида акс эттиринг.

Кредиторнинг розилиги билан қарз учинчи шахсга ўтказилганда қарзни ўтказиш шартномаси тузилади .

Қарз учинчи шахсга текинга ўтказилганда сизда ўтказиш пайтида қарз суммаси миқдорида даромад юзага келади. Сиз учун бу қарзни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромад бўлади:

  • Дт «Қарз счёти»;
  • Кт 9360 «Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар».

Қарз суммасини тўлиқ тўлаш шарти билан қарз учинчи шахсга ўтказилганда сизда фақат қарздор алмашади. Ушбу операция даромадлар ёки харажатлар тан олинишига олиб келмайди:

  • Дт «Қарз счёти». Субконто – 1-Қарздор;
  • Кт «Қарз счёти». Субконто – 2-Қарздор.

Тўлиқ бўлмаган қарз суммаси тўланса, сўндирилмайдиган сумма қисмидаги даромадни тан олишингиз керак. Бунда бухгалтерия ҳисобида сумманинг бир қисмини бошқа қарздорга ўтказасиз, сўндирилмаган қисмини эса 9360-счёт кредити бўйича акс эттириб, даромадга киритасиз.

Даромадни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 090-сатрида акс эттиринг.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал