1,5 ставкада ишловчи ходимнинг меҳнат таътили учун ҳақ тўлаш тартиби

preview

Ходим 1,5 ставкада ишлайди. Унга турли вазиятларда таътил учун ҳақни қандай ҳисоблаб чиқаришни  “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА мисолларда тушунтирди:

 

- “Таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариб кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни 1/12* га оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради .

* 6 ой тўлиқ ишлаганларга - 1/6 га; 7 ой тўлиқ ишлаганларга 1/7 га ва ҳ.к.).

Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади. Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади .

Бюджет ташкилотлари меҳнат таътилига (айрим таътил турларидан ташқари)  ҳақ тўлаш учун ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобида 17.03.2018 йилдаги 2985-сон Йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги

Йўриқномага амал қилишлари керак. Унда бюджет ташкилоти учун ўртача иш ҳақини (меҳнатга ҳам вақтбай, ҳам ишбай ҳақ тўлашда), таътил учун ҳақ тўлаш миқдорини аниқлаш ва уларни қайта ҳисоблаш, пуллик компенсация ҳисоб-китоби тартиби батафсил баён этилган. Тушунтиришлар мисоллар билан берилган.

Бюджет ташкилотлари ҳисобланмаган ташкилотлар учун ушбу Йўриқнома тавсиявий хусусиятга эга.

Шу тариқа, 1,5 ставкада ишловчи ходимларга таътил учун ҳақни ҳисоблаб чиқаришда ҳисоб-китоб даврида белгиланган тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошининг ошган суммасини 1/12 га оширган ҳолда ҳам асосий, ҳам ўриндошлик асосидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маоши ҳисоб-китобга қабул қилинади. Бироқ амалиётда ҳар хил вазият бўлиши мумкин, таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби ҳам бундан келиб чиқиб турлича бўлади.

 

I. Ички ўриндошлик

Ўриндошлик асосида ишлаш - бу ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажаришидир . Ўриндошлик асосида асосий иш жойида (ички ўриндошлик) вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда ишлаш мумкин .

Эътибор беринг

Ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (соғлиқни сақлаш тизими шифокор ходимлари бундан мустасно).

Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин. Ички ўриндошлик асосида ишлашда иш вақтини ҳисобга олиш асосий иш бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш бўйича алоҳида-алоҳида юритилади .

Ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида МКда белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади .

Эътибор беринг
Ҳар йилги асосий, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади .
Мисол
Ички ўриндошликда таътилларнинг ягона муддатида таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби
Ходим хусусий корхонада ишлайди:
  • 2020 йил 2 сентябрдан молиявий директор лавозимида 1 ставкада;
  • 2020 йил 2 октябрдан - қўшимча равишда тизим администратори лавозимида 0,5 ставкада, бу ички ўриндошлик бўйича буйруқ билан расмийлаштирилган.
2021 йил 8 ноябрдан ходим навбатдаги меҳнат таътилига чиқади. Молиявий директорнинг маоши таътилга чиқиш пайтида 8 млн сўмни, тизим администраторининг маоши - 5 млн сўмни ташкил этади. Лавозим маошларини ҳисоблашдан ташқари таътилдан олдинги 12 ой учун ҳеч қандай бошқа тўловлар бўлмаган. Барча ходимлар учун меҳнат таътилининг муддати жамоа шартномаси билан 15 иш куни этиб белгиланган.
Корхона ҳисоб-китобларда 2985-сон Йўриқномани қўлламайди.
Таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби:
  • 8 000 000 : 25,4 х 15 кун = 4 724 409,45 сўм (асосий лавозим бўйича);
  • (5 000 000 х 0,5) : 25,4 х 15 кун = 1 476 377,95 сўм (ички ўриндошлик асосида).
Таътил учун ҳақнинг умумий суммаси:
4 724 409,45 + 1 476 377,95 = 6 200 787,40 сўмни ташкил этади.
Мисол
Ички ўриндошликда таътилларнинг ҳар хил муддатларида таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби
Ходим хусусий корхонада ишлайди:
  • 2020 йил 2 сентябрдан молиявий директор лавозимида 1 ставкада;
  • 2021 йил 1 июлдан қўшимча равишда тизим администратори лавозимида 0,5 ставкада ички ўриндошлик бўйича меҳнат шартномасига асосан.
2021 йил 8 ноябрдан ходим навбатдаги меҳнат таътилига чиқади. Молиявий директорнинг маоши таътилга чиқиш пайтида 8 млн сўмни, тизим администраторининг маоши - 3 500 000 сўмни ташкил этади. Лавозим маошларини ҳисоблашдан ташқари таътилдан олдинги 12 ой учун ҳеч қандай бошқа тўловлар бўлмаган. Меҳнат таътили муддати жамоа шартномаси билан қуйидагича белгиланган:
  • молиявий директор учун - 24 иш куни;
  • тизим администратори учун - 15 иш куни.
Корхона ҳисоб-китобларда 2985-сон Йўриқномани қўлламайди.
Таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби:
  • 8 000 000 : 25,4 х 24 = 7 559 055,12 сўм (асосий лавозим бўйича 24 иш кунига таътил учун ҳақ);
  • (15 : 12) х 4 = 5 кун (ўриндошлик бўйича меҳнат таътилининг ҳақ тўланадиган иш кунлари сони);
  • (3 500 000 х 0,5) : 25,4 х 5 = 344 488,19 сўм (5 иш куни учун ички ўриндошлик бўйича таътил учун ҳақ).
Таътил учун ҳақнинг умумий суммаси:
7 559 055,12 + 344 488,19 = 7 903 543,31 сўм.

 

II. Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш

Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш - бу ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш ҳисобланади .

Бир неча касб ва лавозимда ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга :

  • шундай касб ва лавозим бўйича бўш иш ўрни мавжуд бўлганда ёки вақтинчалик йўқ бўлган ходимнинг вазифаларини бажаришда;
  • қоидага кўра, жумласига ушбу ходим кирадиган ходимларнинг ана шу тоифаси доирасида йўл қўйилади.

Ташкилотнинг ходими қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади .

Эътибор беринг
Касблар ва лавозимларда бир неча касб ва лавозим асосида ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун қўшимча ҳақ тўланади . Унинг миқдори, агар жамоавий шартномада ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда қабул қилинган бошқа ички ҳужжатда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишуви бўйича белгиланади .
Мисол
Бир неча касб ва лавозимда ишлашда таътилларнинг ягона муддатида таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби
Ходим хусусий корхонада ишлайди:
  • 2020 йил 2 сентябрдан дастурчи лавозимида 1 ставкада;
  • 2020 йил 2 октябрдан - қўшимча равишда тизим администратори лавозимида бир неча касб ва лавозимда ишлаган. Қўшимча иш учун иш ҳақига 3,5 млн сўм миқдорида ҳар ойда қўшимча устама ҳисобланади.
2021 йил 8 ноябрдан ходим навбатдаги меҳнат таътилига чиқади.
Дастурчининг маоши таътилга чиқиш пайтида 8 млн сўмни ташкил этади. Лавозим маошини ва тизим администратори иши учун устама ҳисоблашдан ташқари таътилдан олдинги 12 ой учун ҳеч қандай бошқа тўловлар бўлмаган.
Ходимнинг дастурчи лавозими ва тизим администратори бўйича меҳнат таътили муддати жамоа шартномасига асосан - 15 иш куни.
Корхона ҳисоб-китобларда 2985-сон Йўриқномани қўлламайди.
Таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби:
(8 000 000 + (3 500 000 х 12) : 12)) : 25,4 х 15 = 6 791 338,58 сўм.
Мисол
Бир неча касб ва лавозимда ишлашда таътилларнинг ҳар хил муддатларида таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби
Ходим хусусий корхонада ишлайди:
  • 2020 йил 2 сентябрдан молиявий директор лавозимида 1 ставкада;
  • 2020 йил 2 октябрдан 2021 йил 31 мартга қадар қўшимча равишда тизим администратори ишида бир неча касб ва лавозимда ишлаган. Қўшимча иш ҳажми учун иш ҳақига 3,5 млн сўм миқдорида устама ҳисобланган.
2021 йил 8 ноябрдан ходим навбатдаги меҳнат таътилига чиқади.
Молиявий директорнинг маоши таътилга чиқиш пайтида 8 млн сўмни ташкил этади. Лавозим маошини ва тизим администратори иши учун устама ҳисоблашдан ташқари таътилдан олдинги 12 ой учун ҳеч қандай бошқа тўловлар бўлмаган. Меҳнат таътили муддати жамоа шартномаси билан қуйидагича белгиланган:
  • молиявий директор учун - 24 иш куни;
  • тизим администратори учун - 15 иш куни.
Корхона ҳисоб-китобларда 2985-сон Йўриқномани қўлламайди.
Таътил учун ҳақ ҳисоб-китоби:
(8 000 000 + (3 500 000 х 6) : 12)) : 25,4 х 24 = 9 212 598,43 – 24 иш куни ҳисоб-китобидан келиб чиқиб.

Эслатиб ўтамиз, таътил учун ҳақ меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради , ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинади ва фойда солиғи бўйича чегириб ташланадиган харажатларга киради ”.