Ходимга ижтимоий нафақани қандай олишни айтиб туринг

preview

Кўпинча кадрлар хизмати мутахассисига ўзининг бевосита вазифаларини бажаришдан ташқари корхона ходимларига турли масалалар бўйича маслаҳатлар беришига тўғри келади. Buxgalter.uz шпаргалкани таклиф этади - “Кимга ижтимоий нафақа тўланиши лозим” ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га қандай тушиш мумкин”.

 

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби махсус Низом билан тасдиқланган. Ушбу мақсадлар учун 2020 йилдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизимидан фойдаланилади .

Муҳтож оилани қуйидаги тарзда Ягона реестрга киритиш мумкин:

  • шахсан бориб - ўз туманидаги “Ягона дарча” давлат хизматлари марказида;
  • масофали режимда - ЯИДХП орқали;
  • яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла) орқали.

Ягона реестр вазирлик ва идораларнинг электрон базаларига уланган ва улардан барча зарур маълумотларни (иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, мавжуд кўчмас мулк, автотранспорт воситалари, ишсизлар мавжудлиги ва ҳ.к. тўғрисида) олади.

Нафақа тайинлаш ёки уни рад этиш ҳам - инсон иштирокисиз автоматик тарзда амалга оширилади. Қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчи смс-хабарнома воситасида хабардор қилинади.

Молия вазирлигининг маълумотларига кўра,  @sr_mf_uzbot Телеграм-ботининг ишга туширилиши тизим ишидаги сўнгги янгилик бўлди, у қуйидагиларни билиш имконини беради:

  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ҳақида;
  • аризанинг мақоми тўғрисида;
  • ариза бериш тартиби тўғрисида;
  • нафақани рад этиш сабаблари қандай эканлиги;
  • тайинланган нафақа миқдори тўғрисида.

Бунинг учун ариза берувчи ботни ишга тушириши, ҳамкорлик қилиш тилини танлаши, ўз ЖШШИРини киритиши зарур бўлади.

ЯИДХПда қуйидаги сервислардан фойдаланиш мумкин:

  • Нафақа тайинлаш учун ариза бериш;
  • Тайинланган пенсия (нафақа) ҳақида маълумот;
  • Кам таъминланган деб эътироф этилган оила тўғрисида маълумотнома олиш (Реестрда мақомини текшириш).

Ушбу хизматлар бир неча сония ичида бепул ва ЭРИсиз кўрсатилади (фақат OneID тизимида идентификациядан ўтиши зарур).

Нима учун нафақани рад этишлари мумкин

Нафақа тайинлашни рад этишлари мумкин бўлган сабаблар 05.03.2021 йилдаги 122-сон ВМҚга 1-илованинг 19-бандида кўрсатилган. Улар орасида:

  • жуда юқори даромад. Оила кам таъминланган деб эътироф этилиши учун оиланинг ҳар бир аъзосига даромад 0,527 МҲЭКМдан (433 194 сўм – 01.09.2021 йилдан) камни ташкил этиши керак;
  • оила аъзоларидан бирида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки мавжудлиги (яшаш турар жойидан ташқари яна битта мавжуд бўлганда);
    • ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган автомобиль мавжуд бўлганда. Агар автомобиль 7 йилдан ошган бўлса, оила нафақа олиши мумкин;
    • оилада иккита ва ундан ортиқ техник ҳолати соз бўлган автомобиллар мавжуд бўлганда;
    • ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг депозит ҳисобварақларида ариза берган кунда МҲЭКМнинг 5 баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда, шунингдек қимматли қоғозлар қиймати шу миқдорни ташкил этганда;
    • оилада кимдир ишсизлик нафақасини олаётган бўлса;
    • оиланинг ишсиз аъзолари жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган, меҳнат органларига мурожаат қилмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисобланишмаган ва иш изловчи сифатида рўйхатга киритилмаган. Ёки - улар ҳисобда туради, бироқ охирги 12 ой давомида меҳнат органларининг ишга доир таклифларини икки маротаба рад этган.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади