Марказий банк пенсия карталарига боғлиқ вазиятни тушунтириб берди

13.05.2020

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда пенсия ва нафақа пули пластик карталарга ўтказилганлиги сабабли эътироз билдирилган хабарлар кўпайиб кетди. Барча пенсионерларга танлаш ҳуқуқи берилганда ёки бир хилдаги имкониятли карталар берилиб, бундай имкониятлар нималардан иборат эканлиги тушунтириб берилганда, саволлар бунчалик кўп бўлмас эди. Энди барча пенсионерлар вазиятга мослашишларига тўғри келади. Вuxgalter.uz ушбу масала бўйича масъул идораларнинг шарҳларини жамлади.

Бугунги кунда пенсия пули карточкага ўтказилган кўпчилик пенсионерлар банкоматлар ёрдамида пенсияларини нақдлаштириб олишмоқда. Уларнинг кўпчилиги эса айнан нима учун бошқаси эмас, шундай карточка берилганини тушунишмаяпти. Халқ банки томонидан чиқарилган HUMO ва Uzcard карточкалари имкониятлари турлича, улар бир-биридан фарқ қилади.

Халқ банки томонидан пенсионерларга «Пенсия картаси» деб номланган махсус карточкаларни бериш таклиф этилмоқда. Унинг афзалликлари –  нақдлаштиришда воситачилик ҳақи олинмайди, ой якунлари бўйича қолдиқ маблағларга йиллик 8% миқдорида фоиз ҳисобланади, овердрафт-кредитлар жуда фойдали шартларда берилади. Бироқ бундай сервис ва шартлар фақат Uzcard тизимида тақдим этилади.


Идораларда нима дейиляпти

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вакили Бехзод КАРИМОВ пенсионерлар ўртасида банк карталари тарқатилиши масалалари юзасидан Марказий банкка мурожаат этиш кераклигини тушунтирди.

«Банклараро Процессинг Миллий Маркази» МЧЖ  расмий сайтида жойлаштирилган материалда қуйидагилар қайд этилган: «қандай карта чиқарилиши ва кимларга берилиши банк томонидан ҳал этилади. БПММ томонидан карталар банк буюртмасида кўрсатилган миқдорда чиқарилади».

Айтиш жоизки, ушбу мақолада HUMO карталари эгалари тўқнаш келган техник муаммолар ҳам тушунтириб ўтилди. Сабаби – 7 ва 8 май кунлари соат 11.00 дан 13.00 гача тизимдаги иш юкламаси юқори бўлган. 

Халқ банкида муаммолар муқаррарлигини ҳамда берилган карталар юзасидан норозилик билдирган пенсионерларга ва нафақа олувчиларга ёрдам берилиши айтилмоқда. Халқ банкининг пластик карталар департаменти бош мутахассиси Тимур ШАКИРОВ buxgalter.uz портали вакили билан суҳбатда пенсионерлар ва нафақа олувчилар ўзлари танлаган карталарини олиш учун тумандаги банк филиалига паспорт ва ариза билан мурожаат этишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Уларнинг илтимослари қаноатлантирилади.

Бунда пенсионерлар ва нафақа олувчилар пенсия пули ўтказиладиган янги карталарига оид маълумотлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши ҳамда у ерда пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш учун қабул қилинишини назорат қилишлари лозим.

Ва ниҳоят, Марказий банк департаменти директори Аброрхўжа ТУРДАЛИЕВнинг  маълум қилишича, пенсияларни битта банк орқали картага ўтказиш тизими самара бермаган. Унинг сўзларига қараганда,  бундай вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда пенсия таъминоти тизими тубдан қайта кўриб чиқилган ва тегишли таклифлар ишлаб чиқилган.

Пенсионерларга пенсия олиш учун банк картасини очишда банкни танлаш имконияти берилади. Улар исталган банкда банк картасини очишлари мумкин. Бу банклар томонидан таклиф этиладиган хизматларни ҳисобга ҳолда, энг яхши банк маҳсулотини танлашга имкон беради. Шунингдек пенсионерларни нимадир қониқтирмаса, улар ўз хоҳишига кўра банкни алмаштиришлари мумкин.

Марказий банк раисининг таъкидлашича, янги тартибнинг жорий этилиши учун муайян вақт талаб этилади.

Олег ГАЕВОЙ

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал