Пенсия ва иш ҳақини қандай қилиб битта картага олиш мумкин

01.06.2020

2020 йилнинг май ойидан бошлаб ишловчи пенсионерларга пенсиялар иш берувчининг иштирокисиз тўланади. Иш ҳақини ҳам, пенсияни ҳам битта картага тўлашнинг имкони борми? Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директорининг биринчи ўринбосари Медет ТЛЕУСОВ Buxgalter.uzга берган интервьюсида ҳозирги вақтда пенсияларни тўлаш тизими қандай тузилганлигини тушунтирди:

- Агар ишловчи пенсионер унга тўланиши лозим бўлган барча тўловларни битта банк картасига олиш истагини билдирса, иш берувчи иш ҳақини ходимнинг пенсия картасига ўтказиши мумкин. Бунинг учун пенсионер иш берувчига хизмат кўрсатиладиган банкда пенсия картасини очиши, шундан кейин унинг реквизитларини иш берувчи ва яшаш жойидаги Пенсия жамғармасига тақдим этиши зарур.

- Пенсияни иш ҳақи картасига олиш мумкинми?

- Йўқ. Барча пенсиялар тижорат банкларида очилган махсус пенсия ҳисобварақларига (22617) эга карталарга ўтказилади. Ушбу карталар бежиз пенсия карталари дейилмайди: нақд пулни ечишда улардан банк ҳақи ушлаб қолинмайди. Иш ҳақи карталарида бундай имтиёз мавжуд эмас. Шу боис пенсиялар фақат пенсия банк карталарига ўтказилади.

- Пенсия картасини қайси банкда очиш мумкин?

- Пенсионернинг танловига кўра исталган банкда. Халқ банки томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси билан биргаликда ишлаб чиқилган махсус маҳсулот - «Пенсия – овердрафт» картасига эътибор қаратишни тавсия этаман. Ушбу картада нақд пулни ечишда ҳақ ушлаб қолинмаслигидан ташқари, бошқа фойдали имкониятлар ҳам назарда тутилган. Хусусан – фойдали шартларда овердрафт-кредитлар ва ой якуни бўйича сумма қолдиғига автоматик тарзда йиллик 8%  тўлаш.

- Барча янгиликлардан кейин ишловчи пенсионернинг пенсияни нақд шаклда олиш ҳуқуқи сақланиб қолдими?

- Ҳа, албатта. Ўзгартиришлар фақат пенсияларни тўлаш тартибига дахл қилди. Бунгача – агар ишловчи пенсионерлар ҳақида гапирсак – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси зарур суммаларни иш берувчининг тегишли ҳисобварақларига ўтказиб берган, иш берувчи эса пенсияларни тўлаган.

Жорий йилнинг май ойидан бошлаб ишловчи пенсионерлар пенсияни тўғридан-тўғри бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан оладилар.Улар уни ҳам нақд шаклда, ҳам банк картаси орқали – нақд пулсиз шаклда олиш ҳуқуқига эгалар.

Бундан ташқари, пенсионерлар ўз ихтиёрига кўра пенсияни бир қисмини нақд шаклда, қолдиғини – пластик  картага олишлари  мумкин. Бунинг учун улар тегишли ариза билан яшаш жойидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлинмасига мурожаат қилишлари керак.

- Ишловчи пенсионерларга пенсия қандай муддатларда тўланади?

- Нақд шаклда пенсиялар яшаш жойи бўйича Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан тўланади. Тасдиқланган тўлов графиклари билан Халқ банки сайтида ёки маҳалла қўмитасида танишиш мумкин.

Пластик карталарга пенсиялар тўлов ойининг бошида, асосан, 1-5 кунлари ўтказилади. Карталарга пенсияларни тўлаш пенсияларни нақд шаклда тўлаш учун тасдиқланган графикларга боғлиқ эмас.

P.S.: Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг позицияси тушунарли ва кўп пенсионерлар пенсия картаси бонусларидан мамнун бўлишади. Бунда пенсионер унга пенсия олишни хоҳлайдиган пластик картани танлашнинг мавжуд тизими, фикримизча, ҳали ҳам мураккаб ва унинг имкониятларини чеклайди. Пенсия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш доирасида яқин вақтда пенсионер ортиқча сансалорликсиз пенсия ва иш ҳақини шунчаки унинг реквизитларини иш берувчи ва БПЖга тақдим қилган ҳолда ўзига қулай картага олиш учун шароит яратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Олег ГАЕВОЙ

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал