Янги тартиб бўйича боқувчисини йўқотганлик нафақаси қандай ҳисоблаб чиқарилади

preview

1 июлдан бошлаб Президентнинг ПФ-6241-сон Фармонига мувофиқ боқувчисини йўқотганлик ҳолати бўйича меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари учун қўшимча тўлов белгиланган. Buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутахассислари мисолларда ҳисоб-китобнинг янги тартибини тушунтиришди:


2021 йил 1 июлдаги Фармоннинг 1-банди “г” кичик бандига асосан пенсия олувчининг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20%и миқдорида (52 494 сўм) қўшимча тўлов жорий қилинади.

Боқувчисини йўқотган оиланинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади.

Кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 256 675 сўм миқдорида энг кам пенсия тўланади.

Шунингдек, ПФ-6241-сон Фармоннинг 1-банди “г” кичик бандига асосан нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида бундай оилаларнинг кейинги ҳар бир кейинги меҳнатга қобилиятсиз аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланади.

Мисолларда батафсил кўриб чиқамиз:

1-мисол
Оилада 1 нафар меҳнатга қобилиятсиз аъзо мавжуд

2021 йил 1 июлдан бошлаб пенсиянинг энг кам миқдори 452,5 минг сўмни ташкил этади. Улардан:

  • пенсия – 400 000 сўм.;
  • қўшимча тўлов - 52 494 сўм.
2-мисол
Оилада 4 нафар меҳнатга қобилиятсиз аъзо мавжуд

2021 йил 1 июлдан бошлаб пенсиянинг энг кам миқдори 1 380 минг сўмни ташкил этади. Улардан:

  • бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун - 400 000 сўм;
  • кейинги 3 нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 256 675 сўмдан - 770 025 сўм;
  • тўрт нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов 52 494 сўмдан - 209 976 сўм.

Эслатиб ўтамиз: “Фуқароларнинг давлат

пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига асосан вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда Қонуннинг 19-моддаси “в” бандида кўрсатилган болалар ва шахсларга улар боқувчининг қарамоғида бўлган ёки бўлмаганлигилан қатъи назар пенсия тайинланади.

Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланадилар:

а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар;

б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар;

в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр(хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;

г) бува ва буви-агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.

Ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Қонуннинг 20-моддасига асосан 19-моддада кўрсатиб ўтилган оила аъзолари, агар улар марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган бўлсалар, бу ёрдам улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, марҳумнинг қарамоғида турган деб ҳисобланадилар.

Марҳумнинг бирон турдаги пенсия олаётган оила аъзолари, агар марҳумнинг ёрдами улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса-боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтиш ҳуқуқига эгадирлар.


Саида Ж
ОНИЗОҚОВА тайёрлади