Агар мақсадли солиқ имтиёзларидан фойдаланмаган бўлсангиз, нима қилиш зарур

preview

Дастурий таъминот ишлаб чиқувчиси бўлган корхона солиқлар бўйича мақсадли имтиёзларни қўллайди. Уларнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин 1 йил ўтгач фойдаланилмаган қолдиқ мавжуд. Бу ҳолда қандай йўл тутишни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ тушунтирди:


- Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестрига киритилган корхоналар 2020 йил 1 январга қадар бўлган муддатга барча турдаги солиқлар, мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар ва божхона тўловларини тўлашдан озод этилган  .

Имтиёзлар - мақсадли, бўшайдиган маблағларни Миллий реестрга киритилган юридик шахсларнинг ходимларини рағбатлантириш, моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга йўналтириш шарти билан берилган.

Бунда имтиёзларнинг амал қилиш муддати, агар уларнинг ўзлари ишлаб чиқарган дастурий таъминот воситаларини экспорт қилиш ҳажми улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50%ини ташкил этган тақдирда, 2 йилга узайтирилади.

Солиқ имтиёзларини қўллаш натижасида бўшаган маблағлардан уларнинг амал қилиш муддати давомида ва ушбу муддат ўтгандан кейин 1 йил мобайнида мақсадли фойдаланиш зарур.

Агар сиз маблағлардан белгиланган муддатда фойдаланмаган ёки улардан мақсадга номувофиқ фойдаланган бўлсангиз, улар бюджетга ўтказилиши лозим (мақсадга номувофиқ фойдаланилган тақдирда - пеня ҳисобланган ҳолда) .


Ҳисобот

Маблағдан мақсадли фойдаланилганлигини тасдиқлаш учун ҳар йили солиқ органларига  йиллик молиявий ҳисобот билан бирга белгиланган шакл бўйича улардан фойдаланиш тўғрисида ҳисоб-китобни тақдим этинг . Ушбу шакл my.soliq.uz порталида “Электрон шакллар - Солиқ ҳисоботи”  бўлимида 11401_1 код билан жойлаштирилган.

Фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва бошқа солиқлар бўйича тасдиқланган шакллар бюджетга ўтказилиши лозим бўлган муддатида фойдаланилмаган мақсадли солиқ имтиёзлари суммасини акс эттиришни назарда тутмайди.

Солиқ органлари бундай суммаларни солиқ тўловчини фойда солиғи бўйича йиллик солиқ ҳисоботи муддатида (1 мартга қадар) тақдим этадиган аризаси асосида ёки солиқ текшируви чоғида аниқланганда солиқ тўловчининг шахсий карточкасида мустақил равишда акс эттиришлари керак. Бунда ушбу суммаларга улар бюджетга ўз вақтида ўтказилмаган тақдирда пеня ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчи солиқ имтиёзлари қўлланилиши натижасида бўшаган маблағлардан мақсадга номувофиқ фойдаланилганлигини аниқласа, у имтиёзли давр учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва  тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини ва уларга тегишли пеняларни тўлаши керак.

Агарда мақсадга номувофиқ фойдаланилганлиги солиқ текшируви чоғида аниқланса, суммалар пеняни ҳисобга олган ва молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда ундирилади. 


Ҳисобда акс эттириш

Агар мақсадли имтиёзларнинг фойдаланилмаган суммаларини бюджетга ўтказиш бўйича мажбурият юзага келса, бухгалтерлик маълумотномаси асосида 8840-счётда қолдиқ суммасига ўтказма амалга оширилади:

8840-счёт “Мақсадли фойдаланадиган солиқ имтиёзлари” дебети;

6410-счёт “Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича) кредити;

6520-счёт “Мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар” кредити.