Бухгалтерни муддатли шартнома бўйича ёллаш мумкинми?

preview

Умумий қоидага биноан иш берувчи ходимлар билан номуайян муддатга –муддатсиз меҳнат шартномаси тузиши шарт. Бунда баъзан ташкилотда “вақтинчалик” ходимни ишга қабул қилишга оқилона эҳтиёж  юзага келади. Қонунчилик ҳам бунга қатъий муайян вазиятларда йўл қўяди. Меҳнат ҳуқуқи бўйича “Норма” эксперти Ленара ХИКМАТОВА қандай шартларда бунинг имконияти мавжудлигини тушунтирди:

- “МКнинг 75-моддасига асосан меҳнат шартномалари:

  • номуайян муддатга;
  • 5 йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;
  • муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Фақат қуйидаги ҳолларда муддатли шартнома тузиш мумкин:

1) бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш имконини бермаса . Масалан:

  • сизда – мавсумий иш. У тугагандан кейин ходимга бўлган талаб йўқолади. Ёки ходим қандайдир объектнинг қурилиши тугагунга қадар қабул қилинади;
  • ишнинг ўзи доимий бўлиши мумкин, бироқ уни бажариш шарти муддатли меҳнат шартномаси расмийлаштирилишини талаб этади. Масалан, ходима “туғиш таътили”га чиқди, унинг ўрнига сиз ушбу “туғиш таътили”га чиққан ходиманинг ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан ёки бола парвариши таътилидан ишга чиқиши муддатига қадар бошқа одамни вақтинчалик ишга оласиз;
  • ходимнинг ўзи муайян муддатга шартнома тузилишидан холис манфаатдор бўлиши мумкин (айтайлик, 3 ойдан кейин ДЯЖга кетади ёки 2 ойдан кейин “ўзи орзу қилган компанияга” ишга жойлашишга келишиб олган ёхуд ўзининг бошқа ҳаётий ҳолатлари). Бу ҳолда ходим ўз аризасида нима учун сизда муддатсиз эмас, балки фақат муайян давр ишлашни хоҳлаши сабабини кўрсатгани маъқул. Бу иш берувчини кейинчалик ортиқча муаммолардан халос этади.

2) гап корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари ёки бош бухгалтерни ишга олиш хусусида бормоқда. Корхонада бош бухгалтер лавозими мавжуд бўлмаганда эса – унинг вазифаларини бажарувчи ходим билан ;

3) қонунда назарда тутилган ҳолларда муддатли шартнома тузиш .

Масалан, "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддаси ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун муддатли меҳнат шартномалари тузишга рухсат беради. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 79-моддаси шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинган ҳолда – АЖ директори ва бошқарув аъзолари билан 1 йил муддатга шартнома тузилишини назарда тутади.

Бундан ташқари, Президентнинг 24.05.2017 йилдаги ПФ-5052-сон Фармонининг 6-банди микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига ходимларнинг розилигини олган ҳолда, муайян муддатли меҳнат шартномалари, жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришга меҳнат шартномалари тузишга рухсат беради. Ушбу норма ўқишни тамомлаган даврдан бошлаб 3 йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришда қўлланилмайди.

Ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилишига йўл қўйиладиган ҳолатлар рўйхати – тугал ҳисобланади. Агар ходим МКнинг 76-моддаси қоидалари инобатга олинмаган ҳолда муайян муддатга қабул қилинган бўлса, шартнома муддати тўғрисидаги шарт ҳақиқий эмас ҳисобланади, ходим эса ишнинг биринчи кунидан бошлаб номуайян муддатга қабул қилинган ҳисобланади.

Шартнома қандай муайян муддатга тузилиши мумкин?

Меҳнат қонунчилиги муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиши даврининг энг кўп муддатини белгилайди – 5 йил . Қисқароқ муддатга меҳнат шартномаларини расмийлаштиришга тақиқ – мавжуд эмас. Бинобарин, муддатли меҳнат шартномалари ҳар қандай муддатга, бироқ 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга тузилиши мумкин (1 ой, 3 ой, ярим йил, йил ва ҳ.к.).

Эслатиб ўтамиз
6 ойгача муддатга ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгилаш мумкин эмас .

Амалиётда айрим иш берувчилар ходимларни “тонусда” – муддати ўтгач ишдан бўшатиш қўрқинчи остида ушлаб туриш учун уларни деярли барча ходимлар билан 1 йил муддатга расмийлаштирган ҳолда муддатли меҳнат шартномаси тузишни суиистеъмол қиладилар.

Такрорлаймиз: барча ходимлар билан кетма-кет муддатли шартномалар тузиш мумкин эмас. Буни фақат юқорида келтириб ўтилган асослар бўйича амалга ошириш мумкин”.