Товарлар ёки хизматларни турли нархда реализация қилинганда, қўшимча солиқларга асос яратмаслик мумкин

preview

Кўп ишлаб чиқарувчилар турли улгуржи харидорлар учун “нарх танлови”ни қўллашади. Якуний нарх шартнома шартларига боғлиқ бўлади. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА қандай қилиб бу ҳолда СКнинг 248-моддаси 4-қисмига биноан қўшимча солиқларни  ҳисоблашларга асос яратмасликни тушунтирди.

 

– Солиқчилар бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча солиқ ҳисоблаш ҳуқуқига эга. Вазиятга боғлиқ ҳолда ушбу қўшимча ҳисоблашлар қоидалари турлича бўлади.

ҚҚС базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ бозор нархи қуйидаги ҳолларда ҳисоблаб чиқарилади:

  • товарларни (хизматларни) бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаб реализация қилишда;
  • юридик шахснинг мол-мулкидан шахсий мақсадларда фойдаланишда;
  • товарларни (хизматларни) бепул беришда (кўрсатишда).

Агар трансферт нархни белгилаш аломатлари бўлса, СКнинг VI бўлими қоидаларига амал қилинади. Яъни нарх ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимларда шаклланади ва (ёки) мустақил шахслар ўртасида битимлар тузилаётганда таққосланадиган иқтисодий шароитларда қўлланилиши мумкин бўлган холис тарзда шаклланадиган нархдан фарқ қилади.

Бироқ, товар нархи бозор нархидан паст бўлганда ушбу нормалар остига тушмайдиган бошқа вазиятлар ҳам бўлади. Бу ҳолларда солиқчилар СКнинг 248-моддаси 4-қисмига ҳавола беришади, унда агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли, дейилган. ДСҚ томонидан тегишли Низом тасдиқланиши назарда тутилган ВМҚ лойиҳаси муҳокамага қўйилган бўлса-да, бугунги кунда ушбу норма ўзининг қонуний ривожига эга бўлмади. Бироқ ҳужжат ҳануз қабул қилинмаган.

Кимдир яна битта НҲҲ чиқиши билан нархни белгилаш ҳаддан ташқари тартибга солиниши мумкин, деб қарор қилиши мумкин. Мен бундай позицияга қўшилмайман. Бундай ҳужжат бўлмагунча, масала солиқчилар томонидан ўз тушунчаларига кўра ҳал қилинаверади. Уларда эса бозор нархи сифатида қандай нархни олиш юзасидан аниқ тушунча йўқ.Бунга мисоллар:

  • солиқчилар “Малика”да ушбу техника сотиладиган нархга таянган ҳолда кондиционер ишлаб чиқарувчига қўшимча солиқ ҳисоблашга уринишди;
  • колбаса ишлаб чиқарувчи бир таёқча колбасани якка тартибдаги тадбиркорга 40 минг сўмга сотади, супермаркетлар тармоғига эса худди шу туркумдаги айни шу колбаса - 50 минг сўмдан сотилади. Солиқчилар 50 минг сўм нархидан келиб чиқиб қўшимча солиқ ҳисоблашга қарор қилишади.

Бунда кўпинча солиқчилар ўз ҳаракатларини асослаш учун СКнинг моддасига ҳавола бериш етарли, деб ҳисоблашади, нима учун айнан бу ҳолда у қўлланилганлигини тушунтиришмайди.

Солиқчилар арзонлаштирилган нарх туфайли қўшимча солиқ ҳисоблашда ўз ҳисоб-китобларини асослашлари ва исботлашлари керак, деб ҳисоблайман. Бунда ҳали мавжуд бўлмаган қонунчилик нормалари ёрдам бериши керак.

Агар тадбиркор битта шартнома бўйича товарни бошқа шартномаларга қараганда анча арзон нархда сотса, бу унда нархни белгилаш бозор қоидаларига биноан амалга оширилганлигини кўрсатади.

Нима учун колбаса ишлаб чиқарувчи товарни битта мижозга бошқасига қараганда арзонроқ сотади? Шартнома шартлари турлича бўлиши мумкин. Масалан, товарни яроқлилик муддати ўтган тақдирда қайтариш имкониятисиз ишлаб чиқаришдан мустақил равишда олиб чиқиш мажбуриятини олганларга товар анча арзон нархда реализация қилинган. Бунда супермаркет айни бир маҳсулотни юқори нархда оладиган бўлса, бу тўлиқ ўзини оқлайди, чунки у билан тузилган шартномада турли шартлар назарда тутилган: ишлаб чиқарувчи маҳсулотни чакана савдо шохобчаларига етказиб бериши ва агар у белгиланган яроқлилик муддатида реализация қилинмаса, уни утилизацияга олиб кетиши шарт.

СК 248-моддасининг худди шу 4-қисмида солиқ тўловчи солиқ органининг қарори юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли, дейилган. Аниқ қоидалар бўлмаганда идора билан низолашиш мураккабдир. СК нормаси эса жуда умумий.

Мен маслаҳат берган тадбиркорлар ўз позицияларини ҳимоя қила олишди ва уларга қўшимча солиқ ҳисобланмади. Айрим ҳолларда ҳатто судга ҳам мурожаат қилинмади. Солиқ тўловчилар қўлида қуйидагилар бўлганлиги уларга ўз позицияларини ҳимоя қилишга ёрдам берди:

  • техник ҳужжатлар нормалари (ишлаб чиқаришнинг техник шартлари ва стандартлари) билан тасдиқланган маҳсулот таннархи ҳисоб-китоби, хом ашё харид қилиш учун шартнома ва ҳисобварақ-фактура, бошқа харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • мижоз билан тузилган шартнома шартларига боғлиқ ҳолда нархни белгилаш қоидалари батафсил ёзилган Корхонанинг нарх сиёсати;
  • Корхонанинг нарх сиёсатига мувофиқ етказиб бериш ва ҳамроҳ хизматлар ҳажми аниқ ёзилган мижозлар билан тузилган шартнома.

 Асосийси - ушбу ҳужжатларнинг барчас корхонада аввалбошдан тартибга келтирилган эди, солиқчилар билан муҳокамалар учун махсус тайёрланмаган.

Юқорида кўрсатилган барча ҳужжатларга олдиндан эга бўлишни тавсия қиламан. Зарур бўлганда қўлингизда бўлмагандан кўра, талаб қилинмаган тақдирда ҳам улар хужжатлар тўпламида бўлгани яхши.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади