Агар 2019 йилда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллашни “унутган” бўлсангиз, нима қилиш лозим

26.05.2020

Агар бу ўз вақтида амалга оширилмаган бўлса, ўтган 2019 йил даромадларига нисбатан 2007 йил таҳриридаги СКнинг 179-180-моддаларида назарда тутилган ЖШДС бўйича имтиёзларни ҳозир қўллаш мумкинми? Юнусобод туман ДСИ бош солиқ инспектори Низомитдин СУЛТОНОВнинг фикрича, солиқ тўловчи бунга нисбатан тўлиқ ҳуқуққа эга:

- 2019 йил даромадлари ва имтиёзлари кўриб чиқилаётганлиги боис, барча масалалар 2007 йил таҳриридаги Солиқ кодексига мувофиқ ҳал қилиниши керак.

Солиқ тўловчи-жисмоний шахс 2007 йил таҳриридаги СКнинг 179-180-моддаларида назарда тутилган имтиёз  ҳуқуқига  ушбу моддаларда кўрсатилган ҳолатлар рўй берган пайтдан бошлаб эга бўлади – моддий ёрдам бериш, ногиронлик гуруҳини ўрнатиш ва ҳ.к. Ҳаётда кўпинча шундай бўладики, кадрлар бўйича мутахассис ёки бухгалтер бу жиҳатни ўтказиб юборади, ходим эса у олиши лозим бўлган имтиёз тўғрисида билмаслиги ҳам мумкин.

Пул ифодасида ушбу имтиёзлар кичик сумма бўлмайди. Солиқ тўловчи бу ҳақда билгач, табиийки, унга қайта ҳисоб-китоб қилишларини талаб қила бошлайди. Ва бу талаб қаноатлантирилиши керак.

Бухгалтерлар бу вазиятда кўпинча хато тарзда ходимни солиқ инспекциясига қайта йўналтиришади. Бошқалар – буни уларга нисбатан ундирув чоралари кўрилишидан хавфсираб, қасддан қилишади. Натижада солиқ тўловчи умидсизланади ва ҳаммадан хафа бўлади, турли инстанцияларга шикоят ёзишни бошлайди. Таъкидлайманки, бугунги кунда бундай ҳоллар талай.

- Қандай тўғри амалга ошириш мумкин?

- ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш жисмоний шахснинг асосий иш жойи бўйича, асосий иш жойи мавжуд бўлмаганда – давлат солиқ хизмати органлари томонидан яшаш жойи бўйича йиллик жами даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқни ҳисоблаш чоғида амалга оширилади.

Хатони тўғирлаш – бу ҳам солиқ агенти, яъни иш берувчининг иши. Бухгалтер бунда 2007 йилдаги СКнинг 46 ва 184-186-моддаларига амал қилиши керак. Қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

  • қайта ҳисоб-китоб қилиш ва ходимга ориқча ушланган маблағларни қайтариш;
  • солиқ ҳисоботини қайта топшириш.

Агар хатони бухгалтернинг ўзи аниқласа ва уни текширувга қадар тузатса, жарималар ва санкциялар қўлланмайди.

Фақат солиқ тўловчи мажбурий декларацияланиши лозим бўлган даромадларга эга бўлган тақдирда солиқ инспектори қайта ҳисоб-китоб қилиши ва ортиқча тўланган сумма қайтарилишида кўмаклашиши мумкин. 2020 йилда декларацияни топшириш муддати 1 августга қадар узайтирилди .

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилдаги СКнинг 189-моддасига асосан декларация асосида солиқ солинадиган даромадларга Ўзбекистон Республикаси резидентларининг тўлов жойида солиқ солинмаган қуйидаги даромадлари киради:

  • мулкий даромадлар;
  • фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар;
  • асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар;
  • солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар.

Эътибор беринг
2007 таҳриридаги СКнинг 38-моддасига асосан солиқ тўловчи нафақат 2019 йил учун имтиёзга ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш ва қайта ҳисоб-китобни талаб этиш ҳуқуқига эга. Солиқ низолари бўйича даъво қилиш муддати солиқ даври тугаганидан кейин 5 йилни ташкил этади.

Олег ГАЕВОЙ

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал