Бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича бериладиган нафақадан ушлаб қолинган ЖШДС қандай қайта ҳисобланади

23.07.2020

Ниҳоят Президентнинг ПФ-6029-сон Фармони чиқди, унга биноан бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича бериладиган нафақа ЖШДСни ҳисоблашда жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди. 2020 йилнинг апрель-июнь ойларида нафақа суммасидан ЖШДС ушлаб қолган бухгалтерлар 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармонга ҳавола берган ҳолда қайта ҳисоб-китобни топширишларига тўғри келади.

ДСҚнинг Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВнинг тушунтиришича, 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармон чиқиши билан бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича бериладиган нафақа ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш чоғида 2020 йилда, жумладан “апрель-июнь” даврида жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди. II чоракда имтиёзни қўлламаган бухгалтерлар ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини камайиш томонга қайта топширишлари лозим.

Дарҳол савол туғилади: қайси давр учун қайта топшириш зарур – 2020 йилнинг ярим йиллиги учунми ёки фақат II чораги учунми?

Сизда иккита аҳамияти бир хил вариант мавжуд.

1. ПФ-6029-сон Фармоннинг бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича бериладиган нафақа жисмоний шахснинг жами дармадига киритилмаслиги тўғрисидаги нормасига амал қилган ҳолда йил бошидан бошлаб қайта ҳисоб-китобни топширишингиз мумкин. Бунда:

  • I чорак учун (январь-март) ҳисобланган нафақа суммасини бошқа даромаддан – Ҳисоб-китобнинг 012-сатри, имтиёзлар рўйхатидан – Ҳисоб-китобга 2-иловада 030-сатр, шунингдек жисмоний шахслар даромадларининг фамилиялари бўйича ёйилмасидан – Ҳисоб-китобга 6-илованинг 4 ва 5-графаларидан чиқариб ташлаш зарур;
  • II чорак (апрель – июнь) учун ҳисобланган нафақа суммасини бошқа даромаддан – Ҳисоб-китобнинг 012-сатри, шунингдек жисмоний шахслар даромадларининг фамилиялари бўйича ёйилмасидан – Ҳисоб-китобга 6-илованинг 4 ва 5-графаларидан чиқариб ташлаш зарур.

2.  I чоракда бухгалтерлар 1 апрелга қадар амал қилган 2 ёшга тўлгунга қадар бериладиган нафақа суммасига имтиёзни қўллаганликлари ва у ўша пайтда ЖШДС ҳисоб-китоби шакли – 2-иловада назарда тутилганлигини инобатга олган ҳолда, 2020 йилнинг I чораги учун қайта ҳисоб-китобни тақдим этмаса ҳам бўлади. Солиқ тўловчининг Шахсий карточкасида ҳисобланган ва тўланган ЖШДС суммасига бу ҳеч қандай тарзда таъсир кўрсатмайди.

II чорак учун (апрель – июнь) ЖШДС қайта ҳисоб-китобини тақдим этинг, унда бошқа даромаддан – 012-сатрдан ва жисмоний шахслар даромадларининг фамилиялари бўйича ёйилмасидан – ЖШДС ҳисоб-китобига 6-илованинг 4 ва 5-графаларидан ҳисобланган нафақа суммасини чиқариб ташланг.

Бухгалтер берадиган кейинги савол: корхона солиқ солинадиган базани камайиш томонга ЖШДС бўйича қайта ҳисоб-китобни тақдим этган ҳолда камерал текширув остига тушмайдими?

Амалдаги қонунчилик доирасида солиқ суммаси камайтирилган аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилиши камерал солиқ текшируви ўтказиш учун асос ҳисобланади. У аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан 3 кун ичида бошланади .

Бироқ мазкур ҳолатда ЖШДС қайта ҳисоб-китоби мажбурий чора ҳисобланиб, солиқ тўловчининг айбисиз амалга оширилади ва солиқ солишдан бўйин товлаш ёки солиқ тўловчининг инсофсизлигига алоқаси йўқ. Шу боис фикримизча, мазкур вазият бўйича камерал текширув ўтказилиши даркор эмас ва, ишонамизки, солиқ органлари бу ҳолатни инобатга олишади.

Buxgalter.uz тавсия қилади
ЖШДС қайта ҳисоб-китобини жўнатиш билан параллел равишда ДСХОга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёзма мурожаат йўлланг. Унда ПФ-6029-сон Фармонга ҳавола берган ҳолда ЖШДС қайта ҳисоб-китоби сабабини тушунтиринг.

 

Дилором САИДОВА, «Норма» эксперти,

Татьяна ЛИМАРЕВА, buxgalter.uz эксперти

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал