Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома нима учун керак

31.08.2020

2019 йилдан ЖШДСнинг бир текис шкаласи жорий этилган, бироқ Солиқ кодексида жисмоний шахс илгариги иш жойидан тўланган Даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши ҳақидаги талаб сақланиб қолган. «Норма» эксперти Дилором САИДОВА бу нима учун кераклигини тушунтириб берди:


– 2019 йилгача ЖШДС шкаласи прогрессив бўлган, ходим йил мобайнида асосий иш жойини ўзгартирган тақдирда илгариги иш жойидан Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани олиб келиши керак бўлган. Акс ҳолда ЖШДС энг юқори шкала бўйича ҳисоблаб чиқарилар, бу ходимнинг ўзига зарар келтирарди.

2019 йилдан ЖШДС шкаласи бир текис бўлди, бироқ Маълумотномани тақдим этиш ҳақидаги талаб сақланиб қолди. Савол юзага келади – унинг тақдим этилмаслиги солиқ суммасига таъсир кўрсатмаса, уни нима сабабдан тақдим этиш керак?

Хуллас, янги ишга қабул қилинган ходим дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани ёки СТИРни тақдим этмаса, у ҳолда ЖШДС имтиёзлар қўлланилмаган ҳолда ушлаб қолинади:

  • моддий ёрдам суммалари –МҲЭКМнинг 7,5 баравари миқдорида; 
  • бошқа даромадлар бўйича имтиёзлар – МҲЭКМнинг 1,41 баравари миқдорида.

Маълумотнома ва СТИР тақдим этилган тақдирда солиқ суммаси илгари асосий иш жойида олинган даромадлар инобатга олинган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади .

Бундай вазиятларни шартли мисоллар ёрдамида кўриб чиқамиз.

1-мисол

2020 йил 15 июлда корхонадаги асосий иш жойига II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходим қабул қилинган. Ходим тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномасини тақдим этган.

Ходим 2020 йилда ишга қабул қилингунига қадар бошқа корхонада ишлаган, бироқ илгариги иш жойидан Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган. Шу сабабли бухгалтер 2020 йил июль ойи учун иш ҳақини ҳисоблаётганда МҲЭКМнинг 1,41 бараварини чегириш кўринишидаги имтиёзни қўлламаган (957 855,3 сўм (679 330 х 1,41)) .

Август ойида ходим илгариги иш жойидан Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани олиб келган. Энди бухгалтер август ойи учун иш ҳақини ҳисоблаётганда имтиёзни ва илгариги иш жойида олинган даромадни инобатга олган ҳолда ж.й. июль ойи учун илгари ушлаб қолинган солиқни қайта ҳисоб-китоб қилади.

2-мисол

Янги ишга қабул қилинган ходим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам олган.

Корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун барча ходимларга 5 млн сўм миқдорида моддий ёрдам тўлашга қарор қилган. Бухгалтер имтиёзни қўллаб, ҳамманинг пластик картасига моддий ёрдам суммасини тўлиқ ўтказиб берган .

Бироқ ходимлар орасида янги ишга қабул қилинган, илгариги иш жойидан Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома тақдим этмаган ходим бор эди. Бухгалтер унга моддий ёрдам тўлаётганда имтиёзни қўлламаслиги керак эди.

Август ойида бухгалтер ушбу хатога йўл қўйганини билиб қолди.

Диққат
Ходим ой охиригача илгариги иш жойидан Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаса, бухгалтер ж.й. август ойи учун иш ҳақини ҳисоблаётганда тўланган моддий ёрдам суммасидан ЖШДС ушлаб қолиб, бюджетга тўлаши керак бўлади.

Бунда ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган сумманинг 50%идан ортиб кетмаслиги лозим .

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал