Декларантларни қандай пеня ва жарималар кутмоқда

12.07.2020

Президентнинг ПФ-5969-сон Фармонига мувофиқ, 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 1 августда тугайди. Сизга жарима ва пеня солмасликлари учун buxgalter.uz маслаҳатларидан фойдаланинг.

Юнусобод ДСИ бош солиқ инспектори Низомиддин СУЛТОНОВ:

– «ПФ-5969-сон Фармон эълон қилинишидан аввал декларация тақдим этган солиқ тўловчилар бор. Уларда қўшимча ҳисобланган суммалар юзага келган, 2007 йил таҳриридаги СК 193-моддасига мувофиқ уларни 1 июнгача тўлашлари керак эди. Қўлларида тўлов хабарномаси бор. Бироқ ПФ-5969-сон Фармон эълон қилингач, уларнинг айримлари қўшимча ҳисобланган суммаларни тўлашга шошилмай, ҳанузга қадар 1 августгача вақтимиз бор демоқдалар. Бу билан жиддий хатога йўл қўймоқдалар, тўлов хабарномаси қўлингизга келиб тушгани сабабли қўшимча ҳисобланган суммаларни 1 июнгача тўлашингиз керак эди, дея огоҳлантираётган солиқ инспекторига қулоқ солишни истамаяптилар. Дастур автоматик равишда уларга пеня ҳисоблайди, уни ҳам тўлашларига тўғри келади. Чунки Фармонда декларацияни тақдим этишнинг сўнгги муддати кўчирилган, бироқ қўшимча ҳисобланган суммаларни тўлаш муддати ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

Яна бир вазият: декларация тақдим этиши керак бўлган фуқаролар орасида энг охирги кунга тақаб солиқ идорасига бормоқчи бўлганлар ҳам бор. «Ҳали улгураман», «карантин тугаганда ўзим бораман» дея ҳеч шошмаяптилар. Солиқ инспекциясидагилар улар 31 июлда иш куни охирлаб қолганда келсалар ҳам, декларацияларини қабул қилишга мажбурлар. Бироқ қўшимча ҳисобланган сумма юзага келса, қаерга борадилар? Улар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Шу куниёқ уни тўлашга улгурадиларми? Бу оддий масала эмас, баъзида бир неча млн сўм қўшимча ҳисобланиши мумкин. СКда декларация тақдим этишнинг сўнгги кунидан (1 апрелдан) кейин қўшимча ҳисобланган суммаларни тўлаш учун 2 ой муҳлат берилади . Бироқ июлнинг сўнгги кунларида декларация тақдим этганларда бундай вақт бўлармикин? ПФ-5969-сон Фармонда фақат декларация тақдим этиш муддати узайтирилган, қўшимча ҳисобланган суммаларни тўлаш муддатларини узайтириш ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Бу борада ваколатли давлат органлари тушунтириш ҳам бермаганлар.

Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, 1 августдан кейин ҳам ўзи келадиганлар топилади дея оламан. 1 августдан кейин баъзиларини ўзимиз чақирамиз. Декларацияни кечиктирмай – 2020 йил 1 августгача тақдим этган ҳолдагина солиқ тўловчилар МЖТК 174-моддасида назарда тутилган жаримани тўламайдилар».


Декларацияни сайт орқали тақдим этиш мумкинми?

ДСҚнинг расмий Телеграм-каналида даромадлар тўғрисидаги декларацияни электрон шаклда тақдим этиш мумкинлиги ҳақида хабар берилган. Buxgalter.uz сервис қўшимча ишлов беришга муҳтож эканлиги ҳақида ёзган эди. Бироқ ҳозирча ҳаммаси шундайлигича турибди.

Солиқ тўловчи soliq.uz янгиланган асосий саҳифаси орқали электрон декларациялашга ўтиши мумкин. Бунинг учун «джойстик»да «Жисмоний шахс» тугмачасини, ундан кейин «Солиқ декларацияларини қабул қилиш» тугмачасини босиши керак. 

Бунда тизим йўриқномасидан жавобини топиб бўлмайдиган кўплаб саволлар юзага келади:

  1. Декларант «Асосий бўлмаган даромад манбалари сони» сатрида айнан нималарни кўрсатиши керак? Бу ерда муаллифлик ҳақи, грантлар бўйича даромадлар, дивидендлар, фоизлар ва қуйироқда берилган расшифровкалардаги бошқа кўрсаткичларни ҳисобга олиш керакми?
  2. «Қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа даромадлар бўйича имтиёзлар» сатри қандай тўлдирилади? Ҳозир унда илгаригидек исталган нарсани қайд этиш мумкин, бу эса тизимда жиддий камчиликлар ва носозликлар борлигидан дарак беради. Бу ерда ҳам, бошқа сатрларда бўлгани каби, белгиланган жавоб шакли бўлиши керак деб ҳисоблайман.

Бундай саволлар рўйхатини давом эттириш мумкин...

Хулоса: электрон шаклдаги декларацияни тақдим этиш хизмати ҳанузгача тўлақонли ишламаяпти: мустақил равишда тўлдирганда хатога йўл қўйиш эҳтимоли катта.


Солиқ тўловчи нима қилиши керак?

  1. Декларацияни тақдим этиб, тўлов хабарномаси қўлига келиб тушганлар имкон қадар тезроқ бюджет билан ҳисоб-китоб қилсинлар. Айниқса ПФ-5969-сон Фармон эълон қилинишидан олдин уни олганлар шошганлари маъқул, акс ҳолда пеня автоматик равишда ортиб бораверади.
  2. Энди декларация тақдим этмоқчи бўлганлар муддат тугашидан лоақал 10 кун олдин доимий прописка қилинган жойдаги ДСИга мурожаат қилсинлар. Қўшимча ҳисобланган суммалар юзага келган тақдирда уларни ортиқча оворагарчиликларсиз 1 августгача тўлашга вақтингиз бўлади.

Олег ГАЕВОЙ.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал