ДИЛШОД СУЛТОНОВ ЖАВОБ БЕРАДИ: ижтимоий солиқ ва ЖШДС. Қандай қилиб МҲЭКМни қайта ҳисоблаш мумкин

preview

Солиқ қонунчилигининг долзарб саволларига молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг жавобларини эълон қилишни давом эттирамиз. Ушбу материалда – МҲЭКМни қайта ҳисоблаш қоидалари, таълим бўйича имтиёзларни қўллаш, ходимларга бўнак тўлаш чоғида ЖШДСни тўлаш ва иш ҳақига доир бошқа саволларга жавоб оласиз.

1. ДСҚ ва Молия вазирлигининг 30.12.2019 йилдаги ахборот хабарида ижтимоий солиқ 2020 йилда давлат ташкилотлари учун 12%ни ташкил этиши кўрсатилган,  янги таҳрирдаги Солиқ кодексида эса 25% ставка кўрсатилган. 2020 йил учун бюджет ташкилотларига ижтимоий солиқнинг қайси ставкаси белгиланган?

- Қуйидагилар учун ижтимоий солиқ ставкаси 25%дан 12%гача пасайтирилади:

  • давлат корхоналари;
  • устав фондида 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга юридик шахслар;
  • устав фондидаги 50% ва ундан ортиқ улуш 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга бўлган бошқа юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар;
  • юқорида санаб ўтилган субъектларнинг тузилмавий бўлинмалари.

Бюджет ташкилотлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 25% миқдорида сақлаб қолинди.

2. ЖШДС (совғалар ва моддий ёрдам) ва жисмоний шахсларга тўланган бошқа тўловлар бўйича имтиёз суммасини ҳисоблаб чиқариш учун қандай МҲЭКМ қўлланилади - йил бошидагими ёки охиридагими ёхуд тўлов санасидагими ?

- Солиқ солинмайдиган даромадларни ҳисоблашда ёки ЖШДС бўйича солиқ тўловчилар айрим тоифаларининг жами даромадлари суммасини камайтиришда тўлов кунидаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори олинади.

Агар Солиқ кодексида солиқ даври учун МҲЭКМга каррали солиқ солинмайдиган сумма чегараси кўрсатилган бўлса, йил якунлари бўйича имтиёз суммаси йил якунида амал қилган МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ушбу чегарадан ошмаслиги керак.

Мисол
Имтиёз солиқ давридаги МҲЭКМга нисбатан каррали миқдорда берилган.
Иш берувчи томонидан солиқ даври мобайнида ходимларга натура шаклида берилган, қиймати 2,11 МҲЭКМгача тенг бўлган совғаларга ЖШДС солинмайди . Мазкур ҳолатда йил якунлари бўйича имтиёз суммасини йил охиридаги МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда аниқлаймиз.

Суммалар солиқ даврига боғланмаган ҳолда МҲЭКМга каррали миқдорларда ифодаланган бўлса, улар тўлов амалга оширилган ойдаги МҲЭКМдан келиб чиқиб ҳисобланади.

Мисол
Тўлов солиқ даврига боғланмаган ҳолда МҲЭКМга каррали миқдорларда ифодаланган
Меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича жабрланувчи меҳнатда майиб бўлгунига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобидаги, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловларда (вояга етмаган шахс меҳнатда майиб бўлиб қолган тақдирда, зарарнинг ўрни унинг иш ҳақи (даромади) миқдоридан келиб чиққан ҳолда, лекин қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,76 бараваридан кам бўлмаган миқдорда қопланади) жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди . Ушбу сумма ҳар ойда тегишли ойнинг охирги санасидаги МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва тўланади. Демак, январь учун тўлов февралда тўланса, у январдаги МҲЭКМдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Эътибор беринг
Шахсий автомобилдан хизмат мақсадларида фойдаланилганлиги учун белгиланган нормалар доирасида тўланган компенсация тўловига жисмоний шахснинг даромадлари сифатида қаралмайди, хизмат сафарлари бундан мустасно. Нормалар 2.04.1999 йилдаги 154-сон ВМҚда иш ҳақига каррали миқдорларда белгиланган. Ушбу қарорга тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар норма базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиши лозим.
Мисол
Ходим шахсий автомобилидан хизмат мақсадларида фойдаланади.
Бир ойдаги компенсация миқдори 4,5 БҲМга тенг. 2020 йил январь ойи учун бу сумма 1 003 500 сўмни (223 000 сўм х 4,5) ташкил этади.

3. Иш берувчининг ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга оид харажатлари ижтимоий солиқ солиш объекти ҳисобланади . Жисмоний шахсларнинг фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича даромадларига ижтимоий солиқ солинадими?

- Солиқ кодексининг 371-моддасига мувофиқ предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга оид  тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар (бундан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар мустасно) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жумласига киритилади.

Ижтимоий солиқ солинадиган объект бўлиб ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича иш берувчиларнинг харажатлари ҳисобланади .

Бунда Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ҳамда Ўзбекистон Республикасида юридик шахсларнинг доимий муассасалари, ваколатхона ва филиаллари орқали фаолиятни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар иш берувчи ҳисобланади.

Ижтимоий солиқни ҳисоблаш учун солиқ базаси Солиқ кодексининг 371-моддасига мувофиқ тўланадиган харажатлар суммаси сифатида аниқланади.

Шу тариқа, Солиқ кодексининг 371-моддасига мувофиқ тўлов тўлайдиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса, ваколатхона ва чет эл юридик шахсларининг филиаллари орқали амалга оширадиган юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси норезидентлари  ижтимоий солиқни белгиланган тартибда тўлайдилар.

4. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида ўқиш учун ҳақ тўлашда ЖШДС бўйича имтиёзга таълим олаётганнинг эри (хотини) ҳам киритилди. Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга қачон ўзгартиришлар киритилади?

- Солиқ кодексининг 378-моддасининг 16-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловга йўналтириладиган солиқ тўловчининг солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига ЖШДС солинмайди.

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ушбу Низомга ўзгартиришлар ва қўшимчаларни тайёрлаяптилар. Бироқ, Солиқ кодексининг нормалари тўғридан-тўғри амал қилиши сабабли, таълим олаётганнинг эри (хотини) 2020 йил 1 январдан белгиланган имтиёздан фойдаланишга ҳақли.

5. Таълим учун ҳақ тўлашда ЖШДС бўйича имтиёзга таълим олувчининг эри (хотини) ҳам киритилди. 2107-сон Низомга мувофиқ, 2019 йил якунларига кўра контракт пулини тўлаган ота-онанинг солиқ солинадиган даромади 2019 йилда тўланган контракт пулидан кам бўлса, имтиёздан фойдаланишга ҳақли бўлган бошқа жисмоний шахслар бундай ҳуқуқдан фойдаланишга ҳақли бўлади. 2020 йилда таълим олувчи жисмоний шахснинг эри/хотини 2019 йил якунлари бўйича ушбу имтиёздан фойдаланиши мумкинми?

- Йўқ, мумкин эмас. 2019 йил якунлари бўйича ЖШДСни ҳисоб-китоб қилишда эр (хотин) имтиёздан фойдалана олмайди, чунки ҳисоб-китоб 2019 йилда амал қилган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 6. Тўлов манбаида ҳисобланган солиқ суммаси солиқ агенти томонидан солиқ тўловчига даромадлар тўлаш билан бир вақтда, бироқ солиқ ҳисоботи тақдим этиладиган муддатлардан кечиктирмай тўланади . 2020 йилда иш ҳақи бўйича аванслар тўлангандан ЖШДС тўлаш зарурми?

- Солиқ кодексининг 367-моддаси 2-қисмига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад олинганда, бундай даромаднинг олинган санаси деб, солиқ тўловчига меҳнат шартномаси (контракти) асосида меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги учун, унга даромадлар ҳисобланган ойнинг охирги куни эътироф этилади.

Бундан келиб чиққан ҳолда ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақи бўйича аванс олинганда ЖШДС тўланмайди.

7. ШЖБПҲ тўғрисидаги Қонунга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар ихтиёрий асосида ШЖБПҲга бадаллар киритиши мумкин. Солиқ кодексига мувофиқ барча солиқ тўловчилар даромадларига ЖШДС солинадиган бўлса, буни мажбурий тартибда амалга оширадилар. Якка тартибдаги тадбиркорлар ШЖБПҲга бадаллар тўлаши шартми?

- Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ШЖБПҲга ажратмалар тўлаш тартиби 2020 йилда сақланиб қолди, ўзгартирилмади. ШЖБПҲга ажратмалар ихтиёрий асосда тўланади.

8. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС суммаси жадвалига изоҳларда  айтилишича, жисмоний шахс - I ёки II гуруҳ ногирони фаолият тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқ суммасини белгиланган миқдордан 50%, бироқ бир ойда БҲМнинг 50%идан ошмайдиган миқдорда тўлайди. ЖШДСнинг қатъий белгиланган ставкасида қайси санадаги БҲМ қўлланилади?

- Мазкур ҳолатда тегишли ойнинг охирги санасидаги БҲМ қўлланилади.