Ипотека бўйича аввалги имтиёзлардан фойдаланиш мумкинми

16.05.2020

Эътибор беринг
Ушбу материалга таҳририй тузатиш киритилган. Қуйидагича ўқилиши лозим: «Ушбу дастурлар асосида ипотека бўйича уй-жой сотиб олганлар, шартли равишда, банк билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилингунига қадар имтиёздан фойдаланишлари мумкин».

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан ипотека кредити бўйича тўлов тўлаётганлар учун ЖШДС бўйича имтиёзларни қўллаш шартлари ўзгарди. 2020 йил 1 январга қадар ипотека кредити олганлар имтиёзни қандай қўллайдилар ва кредитни қандай сўндирадилар?

Ушбу вазиятни buxgalter.uz портали мухбири Олег ГАЕВОЙ ва Юнусобод туман ДСИ бош солиқ инспектори Низомиддин СУЛТОНОВ муҳокама қилдилар.


Янги қоидалар бўйича

2020 йил 1 январдан «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кучга кирди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ 2007 йилги СКда назарда тутилган солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар 2020 йил 1 апрелгача амал қилган. Апрелдан бошлаб ҳисоб-китоб қилишда янги қоидалар қўлланилиши лозим.

СКнинг иккала таҳририда ҳам мавжуд нормага кўра ипотека кредити ва у бўйича фоизларни сўндиришга йўналтирилган солиқ тўловчининг иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди. Фақат уларни қўллаш шартлари турлича бўлади.

2007 йилги таҳрирдаги СКнинг 179-моддаси 30-бандига мувофиқ улардан қуйидагилар фойдаланиши мумкин бўлган:

  • якка тартибдаги уй-жойлар ёки кўп қаватли уйлар қуриш, реконструкция қилиш ва улардан квартиралар сотиб олишда ёш оилалар аъзолари;
  • қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича банк кредитлари ҳисобидан якка тартибдаги уй-жойлар қурадиган қарздор ҳамкорлар ҳисобланган қурувчилар ва уларнинг оила аъзолари.

СКнинг 378-моддаси 16-бандига мувофиқ қуйидаги шартларда якка тартибдаги уй-жой ёки кўп қаватли уйдан квартира олганларнинг барчаси имтиёздан фойдаланиши мумкин:

  • қиймати 300 млн сўмдан ошмаса;
  • дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса.

 Яна бир муҳим чеклов: имтиёзга эга бўлган барча солиқ тўловчиларга тақдим этилган солиқ солинадиган даромадларни камайтириш суммаси бир йил мобайнида жами 15 млн сўмдан ошмаслиги лозим. Мазкур сумма ва шартнома бўйича ҳақиқатда тўланган сумма ўртасидаги фарқ миқдорига умумий асосларда ЖШДС солинади.   

Кўриб турганимиздек, янги Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан ипотека кредитини сўндирувчилар орасида ушбу имтиёзни йўқотганлар ва имтиёзга эга бўлганлар ҳам бор.


Барча НҲҲлар ҳам Кодексга мувофиқлаштирилмаган

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга кўра илгари қабул қилинган қонун ҳужжатлари, шу жумладан Президент қарорлари 2020 йилги таҳрирдаги СКга мувофиқлаштирилиши лозим. Бироқ уларнинг бир қисмига ҳанузгача ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган. Ипотека кредитлари муддатларини белгилайдиган қуйидаги дастурий ҳужжатлар шулар жумласидандир, улар бўйича фоизли шартларда юзлаб оилалар уй-жой сотиб олганлар:

  • Президентнинг 21.10.2016 йилдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2639-сон қарори;
  • Президентнинг 22.11.2016 йилдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2660-сон қарори.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ НҲҲ ўртасида фарқ мавжуд бўлганда, юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжат нормаси қўлланилиши лозим. Мазкур ҳолатда бундай ҳужжат Солиқ кодексидир. СК – бу қонун ҳужжати, Президент қарори қонуности ҳужжати ҳисобланади.

Бироқ «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси учинчи қисмида қайд этилишича, 2020 йил 1 январгача қабул қилинган қонун ҳужжатлари, шу жумладан Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади.

Эътибор беринг
Экспертларнинг фикрича, ушбу дастурлар асосида ипотека бўйича уй-жой сотиб олганлар, шартли равишда, банк билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилингунига қадар имтиёздан фойдаланишлари мумкин. Вазият қонун чиқарувчи органлар томонидан эътибор қаратилишини ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тузатишлар киритилишини тақозо этмоқда.

Имтиёз қандай қўлланилади

Солиқ тўловчида имтиёзлардан фойдаланиш учун иккита вариант мавжуд.

1-вариант: иш берувчига ариза топшириш, бунда банк билан ипотека кредити бўйича ҳисоб-китоблар иш берувчи – солиқ агенти томонидан олиб борилади.

2-вариант:  имтиёзни мустақил қўллаш – ҳар йилги жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни топшириш орқали.

Ҳаммаси оддий, бироқ амалиётда бухгалтерда ва солиқ инспекторида кўпгина саволлар пайдо бўлади. Айниқса – ипотека кредитини сўндиришга ҳисса киритаётган қарздор ҳамкорлар бўлганда саволлар туғилиши табиий.

1. Ҳар бир қарздор ҳамкорнинг ипотека кредитини сўндиришга ҳиссасини қандай аниқлаш ва тасдиқлаш мумкин?

2. Ҳар бир қарздор ҳамкорга нисбатан ЖШДС солиниши лозим бўлмаган сумма ҳисоб-китобининг тўғрилигини тасдиқловчи қайси шаклдаги ва қандай ҳужжатлар ҳисоб-китобларга (декларацияга) илова қилиниши лозим?

  1. Ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва имтиёзни қўллаш учун асос бўладиган ҳужжатлар қандай қоидалар бўйича талаб қилиб олинади  ва жамланади?

Барча саволларга ваколатли органлар томонидан жавоблар Адлия вазирлигида мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиладиган ҳужжатда берилиши лозим.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал