ЖШДС ҳисоб-китобида янги МҲЭКМ қандай ҳисобга олинади

preview

2022 йил 1 июндан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилди . Имтиёзли тўловлар бўлган тақдирда ЖШДСни ушлаб қолишда уни қандай ҳисобга олишни buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтирди:

 

– МҲЭКМга каррали бўлган солиқ солинмайдиган чегара қуйидагилар учун ўрнатилган:

     1) солиқ солинмайдиган муайян даромад турлари учун ;

     2) айрим тоифадаги жисмоний шахслар даромадлари учун .

 

1. МҲЭКМнинг муайян чегарасида солиқ солинмайдиган даромадлар

Қуйидагилар унинг жумласига киради:

а) моддий ёрдам суммалари:

  • вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга - МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача;
  • ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлиги билан боғлиқ ҳолда, бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан тўлов тарзида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзида - солиқ даври учун МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача;

b) иш берувчидан солиқ даври мобайнида МҲЭКМнинг 2,11 бараваригача бўлган қийматдаги:

  • ходимлар натура шаклида олган совғалар;
  • илгари мазкур иш берувчининг ходимлари бўлган ишламаётган пенсионерлар ва меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар, вафот этган ходимнинг оила аъзолари томонидан олинган совғалар ҳамда бошқа турлардаги ёрдам.

 

ЖШДСни ушлаб қолишда МҲЭКМнинг йил давомида ўзгаришини қай тарзда ва қачон ҳисобга олиш лозим

ЖШДС бўйича солиқ даври - бир йил.

Имтиёз солиқ даври мобайнида МҲЭКМнинг 4,22 баравари доирасида берилади. Яъни йил якунлари бўйича имтиёзли сумма йил охирида амал қилган МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган чегарадан ошмаслиги керак.

Солиқ базаси йил бошидан эътиборан ўсиб борувчи якун билан аниқланади . Яъни, январдан бошлаб ҳисобот ойига қадар - ҳар ойда жами даромад солиқ имтиёзлари (резидентлар учун) қўлланилишини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

СКнинг 378-моддаси бўйича имтиёзларни тўғри ҳисобга олиш учун ҳисобот ойи охирида амал қилган МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда имтиёзли чегарани аниқланг ва уни йил бошидан амалга оширилган имтиёзли тўловлар суммаси билан ўзаро нисбатини аниқланг. Агар имтиёзли тўловлар суммаси имтиёзли чегарадан ошса, ошиш суммаси солиқ базасига киритилади.

Масалан, 2022 йил май ойи учун солиқ базаси ҳисоб-китобида МҲЭКМнинг 4,22 баравари миқдоридаги имтиёзли чегара 3 468 840 сўмни (822 000 х 4,22) ташкил этди. Июнда эса у 3 882 400 сўмни (920 000 х 4,22) ташкил этади.

Агар 2022 йилнинг январь-май ойлари учун сиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун 4 000 000 сўм миқдорида моддий ёрдам ҳисоблаган бўлсангиз, май ойида имтиёз 3 468 840 сўмни ташкил этган, солиқ базасига эса 531 160 сўмни (4 000 000 – 3 468 840) киритиш зарур. Июнь ойида имтиёз 3 882 400 сўмни ташкил этади, солиқ базасига эса сиз 117 600 сўмни (4 000 000 – 3 882 400) киритасиз.

Агар МҲЭКМ йил охирига қадар ўзгармади, деб фараз қилсак, бу йил учун имтиёз (СКнинг 377-моддаси бўйича моддий ёрдам қисмида) тўлиқ қўлланган деб ҳисоблаш мумкин.

Агар  МҲЭКМ ўзгарса, солиқ базасини янги МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган имтиёзли чегарани ҳисобга олган ҳолда аниқланг. Шу тариқа, йил якунлари бўйича имтиёзли чегара СКга мувофиқ - йил охирига МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Замонавий бухгалтерлик дастурларида ушбу ҳисоб-китоб автоматик тарзда амалга оширилади. Бухгалтер эса фақат МҲЭКМнинг даврий кўрсаткичини уни қўллаш бошланадиган санаси билан киритиши лозим бўлади. Мисол учун, 920 000 сўм миқдоридаги МҲЭКМ 01.06.2022 йил санаси билан киритилади, шу боис дастур июнь ойи учун солиқ базасини янги МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган имтиёзли чегарани ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқаради.

 

2. Айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун имтиёзлар

СКнинг 380-моддасига биноан айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун имтиёзлар бошқача тарзда ҳисоблаб чиқарилади. Бу ҳолда МҲЭКМнинг 1,41 (3) баравари миқдоридаги имтиёзли чегара ҳар ойда аниқланади.

Яъни 2022 йилнинг январь-май ойлари учун даромадлар бўйича ушбу ойларда амал қилган МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган имтиёзли чегара, июнь ойидан бошлаб эса - 920 000 сўм суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган имтиёзли чегара қўлланилади.

Масалан, икки нафар 16 ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз она ҳар ойда МҲЭКМнинг 1,41 баравари миқдорида ЖШДС бўйича имтиёзга эга . Унинг иш ҳақи - ойига 5 000 000 сўм.

2022 йилнинг январь-май ойлари учун имтиёзли чегара бир ой учун - 1 159 020 сўм (822 000 х 1,41).

Июнь ойи учун имтиёзли чегара - 1 297 200 сўм (920 000 х 1,41).

Солиқ базаси йил бошидан ўсиб борувчи якун билан аниқланишига қарамай, МҲЭКМ ўзгариши муносабати билан январь-май ойлари учун имтиёзли чегара қайта ҳисоблаб чиқилмайди.

Эътибор беринг
Январь-июнь ойлари учун солиқ базасини июнь ойидаги МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда аниқланган имтиёзли чегарани ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқариш хато ҳисобланади.

 

Нотўғри ҳисоб-китоб:

Имтиёзли чегара: 920 000 х 6 ой х 1, 41 = 7 783 200 сўм.

Солиқ базаси: 5 000 000 х 6 ой – 7 783 200 = 22 216 800 сўм.

Тўғри ҳисоб-китоб:

Имтиёзли чегара: (822 000 х 5 ой + 920 000 х 1 ой) х 1, 41 = 7 092 300 сўм.

Солиқ базаси: 5 000 000 х 6 – 7 092 300 = 22 907 700 сўм.