ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботида филиалнинг ШЖБПҲ қандай акс эттирилади

14.05.2020

Алоҳида бўлинмалари ёки филиаллари мавжуд корхоналар бухгалтерларида жорий йилнинг январь ойидан бошлаб ШЖБПҲга мажбурий бадалларни ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботида  акс эттириш юзасидан қийинчиликлар юзага келди. Боқимонда ва пеня ҳосил бўлмаслиги учун буни қандай тўғри бажариш лозим?

Вазиятни «Норма» эксперти Дилором САИДОВА ва Buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтиришди:

- Ходимлари 25 нафардан ортиқ бўлган юридик шахслар, шу жумладан алоҳида бўлинмаларга ва (ёки) филиалларга эга бўлганлари, бундан йирик солиқ тўловчилар мустасно, ушбу алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ходимларига нисбатан ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботини - алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ҳисобда турган жойдаги солиқ органига тақдим этади .

Эътибор беринг
Солиқ органлари томонидан юридик шахснинг алоҳида бўлинмасини эътироф этиш, сиз унга қандай ваколатлар берганлигингиздан ва унинг ташкил этилиши бўйича юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида ёки бошқа ташкилий-бошқарув ҳужжатларида акс эттирган ёки эттирмаганлигингиздан қатъи назар, амалга оширилади. Агар сизда бош корхона жойлашган жойдан ташқарида қаердадир доимий иш жойлари бўлса, демак, сизда бўлинма ёки филиал мавжуд.

ЖШДСни акс эттириш билан ҳаммаси тушунарли! ШЖБПҲ қисмида эса бироз фикр юритамиз. ШЖБПҲга мажбурий бадаллар жисмоний шахс (ходим) учун ўзига хос турдаги имтиёз ҳисобланади, сабаби улар унинг иш ҳақидан ушлаб қолинмайди. ШЖБПҲ ходимнинг даромадларидан ҳисобланган ЖШДСдан ажратма қилинади  ва  шу тарзда, худди орқага қайтарилаётгандек. Бироқ бу жамғарилган маблағларни фақат пенсияга чиққандан кейин олиш мумкин .

ШЖБПҲ ЖШДСдан ажратма қилиниши боис, уни ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботида қуйидаги тарзда акс эттириш лозим:

  • асосий корхона ходимларига тўғри келадиган ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммасини – бош корхонанинг ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида. Ушбу Ҳисоб-китоб бош корхона ҳисобга қўйилган жойдаги ДСИга тақдим этилади;
  • филиал (алоҳида бўлинма) ходимларига тўғри келадиган ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммасини – филиал (алоҳида бўлинма)нинг ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида. Ушбу Ҳисоб-китоб филиал (алоҳида бўлинма) ҳисобга қўйилган жойдаги ДСИга тақдим этилади.

Филиал (алоҳида бўлинма) ходимларига тўғри келадиган ШЖБПҲга мажбурий бадалларни акс эттиришнинг бундай тартибини ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботида қўллашни солиқ органлари ҳам тушунтиришди.

Филиал (алоҳида бўлинма)ни ҳисобга қўйиш учун тегишли ДСИга Т 4 ва Т 8-сон варақаларни (10.07.2014 йилдаги 2600-сон Низомга 8 ва 9-иловалар) тақдим этинг. Буни my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали “Мурожаатларни юбориш” хизмати ёрдамида бажариш мумкин.  Бунинг учун:

  • тўлдирилган ва муҳр ҳамда имзо билан тасдиқланган Варақалар шаклларини сканерланг ёки ҳеч бўлмаганда уларнинг фотосуратини олинг;
  • мурожаатни йўллашда рўйхатдан филиал (алоҳида бўлинма) бўйича ҳисобга қўйиладиган ДСИни танланг;
  • Варақалар файлларини илова қилинг, мурожаатни ЭРИ билан имзоланг ва жўнатиш тугмасига босинг;
  • Мурожаатлар журналида хатингиз рўйхатга олинганлигини текширинг. Бу ерда ижрочининг боғланиш учун телефон рақами ва ФИО кўрсатилган бўлади.

Вақтни тежаш учун, хат бўйича ижрочингизга қўнғироқ қилинг ва сизни ҳисобга қўйиш, сизга филиал (алоҳида бўлинма)нинг ЖШДС, ижтимоий солиқ ва ШЖБПҲ бўйича Шахсий ҳисобварақлар карточкаларини очиш зарурлиги, шунингдек – сиз бу ҳақда Варақалар шакллари илова қилинган тегишли мурожаатнома йўллаганлигингиз ҳақида огоҳлантиринг.

Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас! Корхонангизга филиал (алоҳида бўлинма) ходимлари учун  филиал (алоҳида бўлинма) ҳисобга олинган жойдаги тегишли Халқ банки бўлими томонидан ШЖБПҲ очишлари керак.

Бунинг учун жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи шахслар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда ариза тақдим этиш зарур :

  • ШЖБПҲ рақамлари (жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари рақамлари);
  • жамғариб бориладиган пенсия тўловлари олувчи ходимларнинг ФИО, уларнинг жинси, туғилган санаси ва жойи, шунингдек паспорт маълумотлари (серия ва №);
  • жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйилган сана;
  • ҳисобга қўйган Халқ банки филиалининг номи.

Аризага давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва ходимларнинг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари нусхалари илова қилинади.

Карантинни инобатга олган ҳолда барча ҳужжатларни олинганлиги тўғрисида хабарнома билан электрон шаклда узатинг. Бунинг учун Халқ банкига қўнғироқ қилинг ва юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни масъул ходимнинг почтасига қандай жўнатиш мумкинлигини аниқлаштириб олинг.

Филиалга (алоҳида бўлинмага) эга корхоналар учун ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини тўлдириш намунасини бу ерда кўринг.

Эътибор беринг

14 май - 2020 йил апрель ойи учун ШЖБПҲ реестрларини тақдим этиш ва бадалларни тўлашнинг сўнгги куни ;

15 май - 2020 йил апрель ойи учун ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқларни тўлашнинг сўнгги куни .

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал