Корхонанинг ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш учун сарфлаган харажатларига солиқ солинадими

preview

Корхоналар ходимларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида Covid-19 га тестлардан ўтказиш, ҳимоя воситалари ва бошқа профилактика тадбирлари учун харажат қилмоқдалар. Бундан ташқари, яқинда гриппдан эмлаш даври бошланади. Ушбу харажатлар бўйича солиқ оқибатлари юзага келадими?

Buxgalter.uz тушунтиради:


Covid-19 учун харажатлар

Хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради .

Covid-19 тарқалишига қарши мажбурий гигиеник талаблар белгиланган. Улар ташкилий-ҳуқуқий, мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча ташкилотларга, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам тааллуқлидир .

Масалан, ушбу қоидалар билан ниқоблар, қўлқоплар, антисептиклар, ювувчи ва дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш назарда тутилган. Шунингдек дастлабки (ишга қўйишдан олдин) ҳамда даврий тиббий кўрикдан ўтказилади. Covid-19 га тестлар ҳам пандемияга қарши курашиш бўйича тадбирлар сирасига киради.

Корхонанинг коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун харажатлари қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқади, улар хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини таъминлашга йўналтирилган, шу сабабли:

  • уларга ходимларнинг даромадлари сифатида қаралмаслиги ҳамда ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинмаслиги керак ;
  • улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар бўлиб, фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегирилади . 

Бундай харажатлар бўйича ҚҚС барча шартларга мувофиқ келганда ҳисобга олиниши мумкин .

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда харажатлар ҳисобга олинмайди .

Buxgalter.uz тавсия қилади
Корхонангиз фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб харажатларингизни асослаш учун уларни СанҚваМ ҳамда бошқа норматив ҳужжатлар талаблари билан солиштиринг. Фойда солиғини ҳисоблаш чоғида қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқадиган харажатларнигина чегириш мумкин. Хавфсизлик ва гигиенани таъминлаш чора-тадбирларига сарфланган харажатларни ҳужжатлар билан тасдиқлаш учун уларни корхонанинг локал ҳужжати билан тасдиқланг.


Эмлаш

Кузги даврда кўпгина корхоналар ходимлари ва уларнинг қариндошларини грипп ва бошқа инфекциялардан эмлаш ҳақини ўз маблағлари ҳисобидан тўлайдилар. 

Тиббий хизмат кўрсатиш, унинг доирасида ўз ходимларини ҳамда уларнинг болаларини эмлатиш учун соғлиқни сақлаш ташкилоти билан шартнома тузган бўлсангиз, ЖШДС бўйича имтиёздан фойдаланишга ҳақлисиз . Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.

Вакциналарни харид қилиб, уларни кейинчалик ходимларга мустақил эмланишлари учун тарқатган бўлсангиз, ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш учун ҳужжатли асосга эга бўлмайсиз.

Дори воситаларини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод этилган .

Иш берувчининг эмлаш учун сарфлаган харажатлари ходимларнинг моддий наф тарзидаги даромадларига киради , шу сабабли:

  • уларга ижтимоий солиқ солинмайди ;
  • улар фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегирилмайди .

Олег ЦОЙ,

 «Норма» эксперти.