Молия вазирлиги ва ДСҚ ижара бўйича имтиёзлар норезидентларга татбиқ этилиши юзасидан тушунтириш беришди

preview

Президентнинг 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармонида ўз мол-мулкини ижарага берадиган жисмоний шахслар учун 2020 йилнинг 1 июлидан 31 декабрига қадар имтиёзлар назарда тутилган. Уларни амалиётда қўллаш савол туғдирди – улар жисмоний шахслар-норезидентларга нисбатан татбиқ этиладими? Buxgalter.uz Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасида тушунтириш олди.

Саволлар бўйича:

1) Кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми, агар бундай даромад жисмоний шахс-норезидентга тўланса?

2) Солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартибини тўхтатиб туриш бинолар ва автомобиль транспортини ижарага берувчи жисмоний шахслар-норезидентларга тааллуқлими?

Молия вазирлиги мутахассислари қуйидагиларни тушунтиришди:

- Президентнинг 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармонининг 1-банди “а” кичик бандида белгиланишича, жисмоний шахслар кўчмас мулкини ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича солиқ тўлашдан 2020 йилнинг 1 июлидан 31 декабрига қадар озод этилади. Мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади. Ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

СКнинг 30-моддасида белгиланишича, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар жисмоний шахслардир.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, ПФ-6029-сон Фармон билан тақдим этилган имтиёзлар жисмоний шахсларга татбиқ этилади, бунда «резидент» ва «норезидент» тушунчалари фарқланмайди.

Молия вазирлиги тушунтиришининг асли – бу ерда ва бу ерда.

Худди шу саволлар бўйича ДСҚ мутахассисларининг ҳам тушунтиришларича,  20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармоннинг 1-банди “а” кичик бандида кўрсатилган ЖШДС бўйича имтиёз ва солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллашни тўхтатиб туриш тартиби чет давлатларнинг фуқароларига нисбатан ҳам қўлланилади.

ДСҚ тушунтиришининг асли – бу ерда.