Субсидия ипотека бўйича имтиёз суммасига таъсир кўрсатадими?

24.12.2020

Ипотека бўйича кредитлашда ЖШДС бўйича имтиёз қуйидаги шартда тақдим этилади : 1) якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 млн сўмдан ошмаса; 2) уй-жой сотиб олувчисига дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан субсидиялар ажратилган бўлса.

Имтиёз ва ипотека субсидияси билан боғлиқ нормаларни қўллашнинг ўзига хос жиҳатларини “Норма” эксперти Дилором САИДОВА тушунтирди:

1. Бюджетдан субсидия қандай олинади?

- 2020 йил 1 мартдан бошлаб  Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар олиш учун аризани Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали - 1 мартдан 1 октябргача (1 октябрь ҳам киради) топшириш мумкин .

Бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 10%и миқдорида субсидияни қуйидагилар олиши мумкин :

  • уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар;
  • оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар;
  • мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилалар;
  • уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож даромади юқори бўлмаган шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламлари.

Субсидия олиш учун ариза берган фуқаролар ижтимоий мезонлар бўйича баҳоланади. Бунинг учун туман (шаҳар)да талабгорларни танлаш бўйича комиссиялар ишлайди.

Субсидияни битта оила ёки унинг аъзоларидан бири фақат бир марта олиши мумкин.

2. ЖШДС бўйича имтиёз қандай ҳисоблаб чиқарилади – субсидия ҳисобга олинган ҳолдами ёки ҳисобга олинмаган ҳолда? Субсидия суммаси жисмоний шахснинг солиқ солинадиган жами даромадига киритиладими?

- Ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия – бу фақатгина имтиёз олиш шартларидан бири. Уни тўғри қўллаш учун сизда уй-жой қийматини ва бюджетдан субсидия ажратилганлигини тасдиқлрвчи ҳужжатлар нусхалари тўплами бўлиши керак.

Давлат субсидияси фақат ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва ҳисобланадиган фоизларнинг бир қисмини қоплайди. Кредит ва фоизларнинг қолган суммасини қарз олувчи ва бирга қарз олувчи сўндиради.

Қарз олувчи (бирга қарз олувчилар)нинг кредит ва фоизларнинг қолган суммасини сўндиришга йўналтирилган даромадлари 15 млн сўм доирасида ЖШДСдан озод этилади.

Шу тариқа, субсидия имтиёз суммасига таъсир кўрсатмайди, балки фақат уни қўллаш учун зарур шарт ҳисобланади.

Давлат субсидиясига солиқ солишга келсак, тўлов манбаи (давлат органи) солиқнинг ушлаб қолиниши ва унинг бюджетга тўланиши учун жавоб беради .

Шу муносабат билан СКнинг 369-моддаси “Жами даромадга киритилмайдиган даромадлар” 1-қисмини 11-банд “Давлат субсидиялари” билан тўлдириш мақсадга мувофиқ кўринади.

Вазият

Ипотека кредити бўйича имтиёзни қўллаш

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оила уй-жой сотиб олиш учун ариза берди. Талабгорларни танлаш бўйича комиссия субсидия тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилди. 250 млн сўм қийматидаги уй-жой ипотека шартномаси бўйича сотиб олинади. ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш учун бир вақтда иккала шарт (уй-жойнинг қиймати 300 млн сўмдан ошмайди, кредит шартномаси бўйича дастлабки бадални қоплаш учун давлат бюджетидан субсидия ажратилган) бажарилаётганлиги  боис, жисмоний шахслар (қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар) иш ҳақи ва бошқа даромадларни ипотека кредити ва унга ҳисобланган фоизларни сўндиришга – ЖШДСни ушлаб қолмасдан йўналтиришлари мумкин.

Бунда 15 млн сўм миқдоридаги суммага имтиёз қўлланилади. Ошган суммадан солиқ ушлаб қолинади.

Вазият
Ипотека кредити бўйича имтиёзни қўллаш
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оила уй-жой сотиб олиш учун ариза берди. Талабгорларни танлаш бўйича комиссия субсидия тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилди. 250 млн сўм қийматидаги уй-жой ипотека шартномаси бўйича сотиб олинади.
ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш учун бир вақтда иккала шарт (уй-жойнинг қиймати 300 млн сўмдан ошмайди, кредит шартномаси бўйича дастлабки бадални қоплаш учун давлат бюджетидан субсидия ажратилган) бажарилаётганлиги боис, жисмоний шахслар (қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар) иш ҳақи ва бошқа даромадларни ипотека кредити ва унга ҳисобланган фоизларни сўндиришга – ЖШДСни ушлаб қолмасдан йўналтиришлари мумкин.
Бунда 15 млн сўм миқдоридаги суммага имтиёз қўлланилади. Ошган суммадан солиқ ушлаб қолинади.

3. Ходим ипотека бўйича имтиёз ҳуқуқига эга бўлган, бироқ уни қўлламаган. Қайта ҳисоб-китоб қандай амалга оширилади?

- Агар мазкур ҳолат солиқ даври мобайнида аниқланса, ходим иш берувчига – тўлов манбаига солиқни имтиёзни қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқаришни сўраб мурожаат қилиши мумкин.

ЖШДСни ходим сизга имтиёзни қўллаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган ва уни қўллаш шартларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ойда қайта ҳисоб-китоб қилиш мумкин. Солиққа барча тузатишларни сиз жорий ЖШДС ҳисоб-китобида акс эттирасиз, шу боис ЖШДС бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китобларни тақдим этиш шарт эмас.

Эътибор беринг
ЖШДС бўйича имтиёз фақат асосий иш жойи бўйича қўлланилади .

Агар солиқ йили тугаган бўлса, жисмоний шахс яшаш жойи бўйича ДСИга имтиёз бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда йиллик декларацияни тақдим этиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз
Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати солиқ даври тугаганидан кейин 5 йилни ташкил этади . Яъни имтиёзни ҳисобга олган ҳолда солиқни қайта ҳисоб-китоб қилиш учун солиқ органига 5 йил давомида мурожаат қилиш мумкин.

Ипотека бўйича кредитлашда имтиёзни қўллаш бўйича бошқа вазиятлар билан сиз Молия вазирлигининг Бевосита солиқлар бошқармаси бошлиғи Умида ҲАМРОЕВАнинг тушунтиришларида танишишингиз мумкин.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь