Фаолият тўхтатиб қўйилган бўлса, ходимни қандай қилиб ишдан бўшатиш мумкин

03.04.2020

Корхона фаолияти тўхтатиб қўйилган бўлса, ходимларни ишдан бўшатиш мумкинми? Вuxgalter.uz илтимосига кўра юридик фанлар номзоди, Меҳнат кодексининг муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ вазият юзасидан тушунтириш берди.

– Аслида амалдаги қонун ҳужжатларида фаолиятни тўхтатиб туриш сингари меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асоси назарда тутилмаган. Бунинг устига, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади .

Айни пайтда МК 100-м. 2-қ. 1-б. мувофиқ ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ходимлар сони (штати)нинг ўзгаришига олиб келиши мумкин. Бу эса меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишнинг асосларидан бири ҳисобланади.

Иш берувчи меҳнат шартномасини мазкур асосга кўра бекор қилиш шартларига қатъий амал қилиши, ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатларни тақдим этиши шарт.

Ходимлар сони (штати)нинг ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши  қонуний бўлиши учун иш берувчи:

1. Ходимлар штатини қисқартиришнинг асослилигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт. Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

a) янги штат жадвалини тасдиқлаши;

b) уни амалга киритиш санасини тўғри белгилаши (ишдан озод қилинадиган ходимларни улар билан тузилган меҳнат шартномаси келгусида бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш муддати тугагач);

c) штатнинг ўзгаришига олиб келган ҳақиқий сабабни (кўриб чиқилаётган вазиятда бу – ишлар ҳажмининг қисқарганлиги) белгилаши ва иш берувчининг буйруқларида албатта кўрсатиши.

2. Биринчи навбатда мавжуд бўш иш ўринлари ва ўриндошлар эгаллаган лавозимлар штат жадвалидан чиқариб ташланиши шартлигини ҳисобга олиши.

3. Иш берувчи МК 100-м. 2-қ. 1-б. мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимларни камида 2 ой олдин огоҳлантириши шарт, деган талабга риоя этиши . Ходимни у билан тузилган меҳнат шартномаси келгусида бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди.

Меҳнат кодексида мажбурий равишда ёзма шаклда (имзо чектириб) огоҳлантириш белгиланган. Меҳнат шартномаси МК 100-м. 2-қ. 1-б. мувофиқ бекор қилиниши ҳақидаги ҳар қандай оғзаки огоҳлантиришлар юридик аҳамиятга эга эмас.

Меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқи берилган мансабдор шахсгина ходимни келгусида ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириши мумкин.

МК 102-м. 6-қ. мувофиқ огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Ходимни у билан тузилган меҳнат шартномасини келгусида бекор қилиш ҳақида огоҳлантиришда иш қидириши учун ҳафтанинг қайси куни берилишини кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.

Ходимнинг розилиги билан огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Мисол учун, ходим огоҳлантирилган кундан бошлаб бир ой ўтгач огоҳлантириш муддатини алмаштиришни сўраб иш берувчига мурожаат қилган, иш берувчи ҳам бундай алмаштиришга эътироз билдирмаган бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда ходимга ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида компенсация тўланади.

Диққат
Огоҳлантириш муддатининг пуллик компенсация билан алмаштирилиши иш берувчини ходимга қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлардан (тўлиқ олинмаган иш ҳақи, фойдаланилмаган таътил учун компенсация, ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш, МК 67-м. мувофиқ иш қидириш даврида ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш) озод қилмайди.

4. Штат жадвалида назарда тутилган муайян миқдордаги бир хил лавозимлардан бири ёки бир нечтаси чиқариб ташланиб, қолганлари қолдириладиган ҳолларда ишда қолдириш учун бериладиган имтиёзли ҳуқуқ тўғрисидаги МК 103-м. талабларига риоя этиши.

Биринчи навбатда малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимлар ишда қолиш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади . Ходимнинг разряди, класси, тоифаси, даражаси, унвони ва ҳ.к. малака кўрсаткичлари ҳисобланади. Бироқ малакани белгилаш чоғида нафақат унинг расмий кўрсаткичлари, балки ходим меҳнат мажбуриятларини қандай бажараётгани ҳам инобатга олинади. Чунончи, иккита ходим расман бир хил малака кўрсаткичларига эга бўлса, бироқ улардан бири ишни сифатли ва бенуқсон бажарса, наригисида эса жиддий камчиликлар бўлиб, бу ҳужжатлар (ушбу камчиликларга эътибор қаратилган текшириш далолатномалари, бевосита раҳбарининг рапортлари, иш берувчининг буйруқлари) билан тасдиқланган бўлса, биринчи ходимнинг малакаси юқорироқ деб тан олиниши лозим. 

Бажарилаётган иш ҳажми меҳнат унумдорлиги кўрсаткичи ҳисобланади.

Иккинчи навбатда ва ишда қолдириш учун бериладиган имтиёзли ҳуқуқни белгилаш чоғида ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирдагина МК 103-м. 2-қ. назарда тутилган ижтимоий омиллар инобатга олинади.

МК 103-м. 2-қ. санаб ўтилган ушбу омилларнинг кетма-кетлиги аҳамиятга эга эмас. Ушбу ҳолатларнинг ҳар бирига 1 балл бериш мумкин. Шу сабабли ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлганда МК 103-м. 2-қ. кўрсатилган асослар бўйича энг кўп балл тўплагани ишда қолдиришда афзаллик ҳуқуқидан фойдаланади.

5. Ишдан бўшатилаётган ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши. Бўш  иш ўринлари мавжуд бўлганда унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган иш таклиф қилиниши керак. Бундай иш бўлмаган тақдирдагина – ташкилотда мавжуд бўлган бошқа иш.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш муддати давомида ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт. Ходим таклиф қилинган ишни рад этган ёки иш берувчида уни жойлаштириш мумкин бўлган бўш иш ўринлари мавжуд эмаслиги ҳақида ишончли далиллар бўлган тақдирдагина штат ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш қонуний ҳисобланади.

6. Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, уларнингг розилигини олиши .

Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ёзма тақдимномасини олган кундан бошлаб 10 кунлик муддат ичида ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериши ёки бермаслиги ҳақида иш берувчига ёзма равишда хабар бериши керак.

Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир.

7. Ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнат ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда бўлажак ишдан озод қилиниши тўғрисидаги маълумотларни 2 ойдан кечиктирмай белгиланган тартибда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига (маҳаллий меҳнат органига) маълум қилиши .

Иш берувчи ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш эҳтимоли тўғрисида камида 2 ой олдин касаба уюшмаси органи ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига ахборот тақдим этиши ва ишдан озод этиш оқибатларини енгиллаштиришга қаратилган маслаҳатли ишларни амалга оширишини инобатга олиш лозим. Ушбу мажбуриятларни бажармаганликда айбланган мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

8. Ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан , шунингдек ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки таътилда бўлган даврида  иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмаслигини инобатга олиши .

9. Меҳнат шартномаси бекор қилинишини расмийлаштиришнинг белгиланган тартибига риоя этиши.

МК 107-м. 2-қ. мувофиқ охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.

Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс имзолаши керак.

Буйруқда меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси ва санаси кўрсатилган бўлиши керак.

10. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга, қоғоз кўринишда мавжуд бўлса, унинг меҳнат дафтарчасини ҳамда лозим даражада имзоланган ва тасдиқланган меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт (МК 108-м.).

11. Меҳнат шартномаси МК 100-м. 2-қ. 1-б. мувофиқ ходимлар сони (штати)нинг ўзгариши муносабати билан бекор қилинганда ходим билан ҳисоблашиши, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун иш ҳақи;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга келиб мавжуд бўлса, фойдаланилмаган йиллик таътил учун компенсация;
  • ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м. мувофиқ меҳнат шартномаси МК 100-м. 2-қ. 1-б. биноан бекор қилинганда ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланади);
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация (ходим ва иш берувчи бундай алмаштириш ҳақида келишиб олган бўлсалар).

12. Ходимга моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча кафолатлар бериши :

  • меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб иш қидириш даврида иккинчи ой учун ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши. Ходим у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин иккинчи ой тугагач ушбу тўловни олиш учун, ЯММТ тизимида ҳали ёзув қайд этилмаган бўлса, аввалги иш жойига паспорт ва меҳнат дафтарчасини тақдим этиши шарт;
  • ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 10 кундан кечиктирмай Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинган ва кейинчалик ишга жойлаштирилмаган бўлса, бу Марказнинг тегишли маълумотномаси билан тасдиқланади, иш қидириш даврида учинчи ой учун ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши. Ходим у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин учинчи ой тугагач ушбу тўловни олиш учун (ЯММТ тизимида ҳали ёзув қайд этилмаган бўлса) аввалги иш жойига паспорт, меҳнат дафтарчаси ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан берилган маълумотномани тақдим этиши шарт. Бундай маълумотнома бўлмаса, учинчи ой учун тўлов амалга оширилмайди.

Шу тариқа, меҳнат шартномасини штат ўзгариши муносабати билан бекор қилиш чоғида иш берувчи анча мураккаб тартиб-таомилга қатъий риоя этиши ва сезиларли моддий харажат қилиши талаб этилади.

Бундан ташқари, жорий вазият ўзгарса, иш берувчи қисқа муддатда кетганлар ўрнига малакали ходимларни топиши анча қийин бўлади. Шу сабабли штат ўзгариши муносабати билан ходимларни ишдан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилишдан олдин улар билан келишишга уриниб кўриш: ходимларга меҳнат таътили, иш ҳақи сақланмайдиган таътил, иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш, ходимлар учун тўлиқсиз иш куни белгилаш ҳақида ўйлаб кўрган маъқул.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал