Малака тоифаси қандай берилади

22.05.2020

Хизмат бўйича кўтарилиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори кўпинча ходимнинг малакаси, у лавозимга мувофиқлиги юзасидан ўтказилган аттестациядан муваффақиятли ўтганлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади. Хизматчилар лавозимлари бўйича малака тоифалари қандай берилиши ва буни қандай тўғри расмийлаштириш ҳақида меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА гапириб берди:

- Меҳнат кодексида “малака тоифаси” тушунчаси мавжуд эмас ва аксарият ҳолларда иш берувчи уни белгилашга мажбур эмас. Бироқ агар, масалан, ташкилотда меҳнатга ҳақ тўлашни ходимларнинг малакасига боғлиқ ҳолда табақалаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, ҳар бири учун маълумот, малака даражаси ва иш тажрибасига турли талаблар қўйиб, лавозимларни тоифаларга ажратиш мумкин.

Малака тоифалари (малака разряди билан чалкаштирмаслик керак) – бу муайян мезонларга тўғри келадиган ходимнинг малака, меҳнат унумдорлиги ва профессионализми даражаси. Разряд, ўз навбатида, ишнинг мураккаблигини белгилайди ва унинг бажарилиши учун ходимнинг малакасини талаб этади . Яъни разряд берилиши билан ходимнинг, ишлаб чиқариш лавозимлари ва касблари (“катта”, “етакчи” ва ҳ.к.) билан бўлган ҳолдаги каби мажбуриятлари доираси кенгайиши мумкин. Тоифа эса – ходимнинг профессионализмини бу ўзига хос тан олишдир. Шу боис малака тоифасини бериш одатда ходимга қўшимча вазифалар берилишига олиб келмайди.

Хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари бўйича қуйидаги малака тоифалари белгиланиши мумкин: олий, биринчи, иккинчи, учинчи .

Масалан, муҳандислик лавозими 1-тоифали муҳандис, 2-тоифали муҳандис, 3-тоифали муҳандис;  юрисконсульт лавозими – 1-тоифали юрисконсульт, 2-тоифали юрисконсульт, юрисконсульт лавозимларига ажратилиши мумкин ва ҳ.к.

Малака тоифаси лавозимнинг бир қисми ҳисобланади. Унинг берилиши лавозимни ўзгартириш ва унинг янги номининг ҳосил бўлишига сабаб бўлмайди ва ўзича, ходимнинг меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритишни талаб этмайди. Бироқ агар тоифа берилиши натижасида

меҳнат шартномасида ёзилган ходим меҳнатининг  айрим шартлари ўзгарган бўлса (масалан, иш ҳақининг аниқ миқдори, таътилнинг муддати ва ҳ.к.), меҳнат шартномасига қўшимча келишувни расмийлаштириш зарур.

Тоифалар, қоидага кўра, ўтказиладиган аттестация натижалари бўйича белгиланади . Уни ўтказишнинг ягона тартиби қонунчиликда мавжуд эмас. Айрим тармоқлар учун ва айрим тоифадаги ходимлар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан аттестациядан ўтказишнинг ўз таомили назарда тутилган. Масалан – врачлар ва фармацевтлар, давлат ташкилотларининг юридик хизматлар ходимлари, ветеринарлар учун ва ҳ.к. Улар учун ушбу таомил қонунчилик билан мустаҳкамланмаган лавозимлар, мутахассисликлар ва касблар бўйича қандай аттестация ўтказилади ва тоифа берилади?

Бу ҳолда иш берувчи компанияда унинг фаолиятининг хусусиятини инобатга олган ҳолда аттестация ўтказиш тартибини тартибга солувчи алоҳида локал ҳужжат ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши мақсадга мувофиқдир. Бу таомил ходимнинг малакаси ва профессионал кўникмаларини, эгаллаган лавозими бўйича тоифа мезонларига тўғри келишини холис баҳолаш имконини беради. Аттестация комиссиясининг хулосаси раҳбарнинг малака тоифаси бериш тўғрисидаги буйруғини чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ходимларни аттестациядан ўтказиш чоғида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчиларнинг асосий касбларининг тармоқлараро тариф-малака маълумотномасидан фойдаланиши мумкин (ТТММ).  У хизматчилар лавозимларининг малака тавсифлари ва касбларнинг тавсифларини ўз ичига олган. ТТММда, мисол учун, муҳандислик лавозимининг учта тоифасидан (I дан III гача) ҳар бирига талаб этиладиган малака талаблари баён этилган.

Аттестациядан ўтказиш қандай ташкил қилинади

Қуйидагиларни кўрсатган ҳолда аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги буйруқни чиқариш зарур:

  • таомилнинг бошланиш ва тугаш муддатлари;
  • аттестациядан ўтказиладиган ходимлар доираси (Ф.И.О., эгаллаган лавозимлари ёки агар аттестация бутун бўлинмалар бўйича ўтказилаётган бўлса, таркибий тузилмалар номи);
  • аттестация комиссияси таркиби
  • аттестация ўтказиш графиги (у алоҳида ҳужжат билан қабул қилиниши мумкин).

Ходимларни аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги буйруқнинг ягона шакли мавжуд эмас, ҳар бир ташкилои уни мустақил равишда ишлаб чиқади (намунага қаранг).

Ҳар бир аттестациядан ўтказиладиган ходимга бевосита раҳбарларидан фикр-мулоҳазалар (тавсифномалар) тўплаган ва илгариги аттестация (агар мазкур таомил илгари ўтказилган бўлса) маълумотлари билан аттестация варақаларини тайёрлаб қўйган маъқул.

Аттестациядан ўтказиш методологиясини раҳбар ва аттестация комиссияси аъзолари белгилайди. Амалиётда кўпинча савол-жавоб шаклида суҳбат ва тестдан фойдаланилади.

Аттестация комиссиясининг шахсий таркиби ҳам ташкилот раҳбари ёки кадрлар масаласига мутасадди бўлган унинг ўринбосарларидан бири томонидан белгиланади. Одатда унга кадрлар ва юридик хизматлар, соҳа бўлинмалари, ходимларнинг вакиллик органи (агар корхонада мавжуд бўлса) вакиллари (одатда – раҳбарият таркиби) киритилади. Раҳбарнинг ўзи ёки у томондан ваколат берилган бошқа мансабдор шахс комиссия раиси бўлиши мумкин.

Буйруқ матни ва аттестация графигини олдиндан барча аттестациядан ўтказиладиган ходимлар эътиборига етказган маъқул.

Амалиётда компания одатда қуйидагиларни аттестацияга киритмайди:

  • эгаллаган лавозимида муайян муддатдан кам ишлаган ходимлар (масалан, 6 ой ёки бир йилдан кам);
  • ҳомиладорлар ва 3 ёшгача боласи бўлган аёллар;
  • ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари ва олий таълим муассасаларининг уларни тугатгандан кейин 3 йил давомида биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари;
  • 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузиладиган ходимлар.

Ўриндошлар ва 6 ойдан кўп муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилган ходимлар эса, одатда аттестациядан умумий асосларда ўтказиладилар.

Аттестация нима беради

Аттестацияни ўтказиш чоғида аттестация комиссияси мажлисининг баённомаси юритилади. Унинг натижалари бўйича ёзма шаклда аттестация комиссиясининг хулосаси расмийлаштирилади.

Малака тоифалари, қоидага кўра, ходимларга босқичма-босқич (иккинчи, биринчи, олий) берилади ва кейинчалик уларни тасдиқлаш талаб этилмайди, агар қонун ҳужжатлари ва иш берувчининг бошқа локал ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса.

Аттестация комиссияси ишининг мақсади малака тоифаларини автоматик тарзда бериш эмас, балки ходимнинг профессионал ҳислатларини баҳолаш ҳисобланади. Малака тоифаларини аттестация комиссияси эмас, балки унинг тавсиялари (хулосалари) асосида ташкилот раҳбари беради. Малака тоифаси бериш тўғрисидаги буйруқ нусхасини аттестациядан ўтган ва тоифа олган ҳар бир ходимнинг шахсий иш жилдига киритган маъқул.

Ходимнинг меҳнат дафтарчасига тоифа берилганлиги тўғрисида ёзув киритиш зарурми

Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқномада назарда тутилмаган. Шу билан бир вақтда мазкур ҳужжат меҳнат дафтарчасига янги разряд берилиши тўғрисидаги ёзувни киритиш мажбуриятини юклайди. Шу боис, фикримизча, тоифа олиш тўғрисидаги ахборот ҳам меҳнат дафтарчасида акс эттирилиши керак, сабаби у шахснинг тегишли профессионал даражаси ҳақида далолат беради. Тоифа бериш тўғрисидаги ёзувни электрон меҳнат дафтарчасига киритишга келсак – ҳозирча бундай функционал ЯММТда назарда тутилмаган.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал