Масофавий ишга ўтказиш ва аввалги иш режимига қайтишни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин

29.05.2020

Сўнгги пайтда карантин чоралари секин-аста юмшатилаётганига қарамай, хотиржам бўлишга ҳали эрта. Биронта ҳудуд касаллик яна қўзғаши ва бизнес учун қоидалар қатъийлаштирилишидан суғурталанган эмас. Шу сабабли масофавий ишлаётган ходимларини қайтараётган ҳар бир ташкилот уларни яна ўша усулда ишлашга ўтказишга тайёр бўлиши лозим. Бу вазиятда кейинчалик текширувчиларда ҳеч қандай эътирозлар юзага келмаслиги учун ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш муҳим аҳамиятга эга. «Норма» экспертлари – меҳнат ҳуқуқи бўйича Ленара ХИКМАТОВА ва юридик масалалар бўйича Альберт САФИН офисда ва ундан ташқарида ишлашни расмийлаштириш жиҳатлари юзасидан тушунтириш бердилар.


Қандай қилиб ходимни масофавий ишга ўтказиш мумкин деган мавзуни илгари ёритган эдик. Ушбу тартиб-таомилнинг энг муҳим жиҳатларига батафсил тўхталиб ўтамиз.

1. Барчани расмийлаштириб бўлмайди

Ходимнинг меҳнат функцияси компания ҳудудида ҳозир бўлиш билан бевосита боғлиқ бўлса, унинг масофавий ишлашини расмийлаштириб бўлмайди.

Масалан, юрист, бухгалтер ёки маркетолог масофавий усулда ишлай олади, фаррош ёки фрезерчи ишчи эса – йўқ.


2. Қўшимча келишувда нималар кўрсатилади

Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом (28.03.2020 йилдаги 3228-сон) билан ўтказиш масалалари тартибга солинган.

Ўтказишни тўғри расмийлаштириш учун сизга иккита ҳужжат керак бўлади :

  • ходим билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимча келишув; 
  • муддатни кўрсатган ҳолда вақтинча ўтказиш тўғрисида раҳбар буйруғи.
Диққат
Қўшимча келишувни расмийлаштириш учун ходимдан масофавий ишга ўтказиш тўғрисида ариза олиш шарт эмас. Бироқ иш берувчи ходимларидан уни (намунага қаранг) сўраб олса, ортиқчалик қилмайди. Ҳар қандай ҳолда ходим фақат ўз розилигига кўра масофавий ишга ўтказилади. Ходим меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришларни имзолаб, бунга рози эканлигини тасдиқлайди.

Қўшимча келишув матнида қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ходим ўз меҳнат фаолиятини амалга оширадиган манзил.

Нафақат прописка қилинган манзил, балки Ўзбекистон ҳудудидаги ишлаш учун шарт-шароит бўлган ҳар қандай яшаш учун мўлжалланган ёки вақтинчалик турар жой масофавий ишловчи ходимнинг иш жойи бўлиши мумкин;

  • иш графиги, шу жумладан – иш ҳафтаси муддати ва дам олиш кунлари;
  • ходим ва иш берувчи ўртасида электрон ҳужжат алмашиш қандай амалга оширилиши;
  • иш берувчи ходимни жиҳозлар ва алоқа воситалари билан таъминлаши ёки таъминламаслиги;
  • шахсий жиҳозлари, уяли алоқа телефони ва интернетидан фойдаланадиган ходимнинг харажатларини иш берувчи қандай қоплаши;
  • иш берувчи берган жиҳозлар бузилган тақдирда ходим етказган зарарни қандай қоплаши;
  • томонларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва шартларига риоя этиш бўйича мажбуриятлари;
  • ишлаб чиқариш зарурати юзага келган тақдирда ходимни доимий иш жойига ўтказиш шартлари.

Вазиятга қараб қўшимча келишувда қуйидагиларни ҳам қайд этишни тавсия қиламиз:

  • иш режимини, агар у меҳнат шартномасида кўрсатилганидан фарқланадиган бўлса.

Умумий қоидага кўра, масофавий ишловчи ходим иш вақти режимини мустақил равишда белгилайди. Бироқ иш берувчи учун у муайян соатларда ишни бажариши керак бўлса, буни келишувда қайд этиш лозим;

  • зарур бўлса, ахборотни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланишга доир алоҳида талабларни;
  • ходимлар билан ҳужжатлар алмашиладиган корпоратив ёки шахсий почта манзилини;
  • меҳнат ҳақи миқдорини.

Меҳнат мажбуриятлари ҳажми камаймаган бўлса, меҳнат ҳақи миқдори камаймаслиги керак. Бироқ ходим билан келишувга кўра масофавий иш учун бошқа шартларда ҳақ тўланиши мумкин. Масалан, тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгиланиши мумкин; 

  • зарур бўлса, ходимга қўйиладиган, иш берувчига унинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиш имконини берадиган талабларни. Масалан, – ходимнинг муайян вақтда алоқада бўлиш, қўшимча келишувда кўрсатилган электрон почта манзили орқали хатларни олиш ва уларга жавоб бериш, бажарилган иш ҳақида ҳисоботлар жўнатиш, харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш, онлайн-йиғилишларда қатнашиш ва бошқа мажбурияти.
Диққат

Меҳнат кодекси ва меҳнатга оид ҳуқуқ бўйича бошқа ҳужжатларнинг амал қилиши масофавий ишловчи ходимларга нисбатан татбиқ этилади. Уларнинг бошқа ходимлар сингари ҳуқуқлари кафолатланади. Шу жумладан қуйидагиларга бўлган ҳуқуқи:

  • ҳар куни ва ҳар ҳафта дам олиш;
  • иш ҳақини тўлиқ ҳажмда олиш;
  • ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътил;
  • вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини олиш;
  • рағбатлантирувчи тўловлар ва ҳ.к.
Вазият
Раҳбар масофавий ишловчи ходимни офисга келишга мажбурлай оладими?
Ходимнинг раҳбарият билан алоқа боғлаш тартибини оғзаки равишда келишмай, масофавий ишга ўтказиш тўғрисидаги қўшимча келишув матнида қайд этган мақсадга мувофиқ. Унда масофавий ишловчи ходим баъзи кунларда иш берувчи жойлашган жойдаги офисда ҳозир бўлиши шартлиги кўрсатилмаган бўлса, бунга мажбур бўлмайди. Мазкур шарт келишувда қайд этилмаган бўлса, иш берувчи буни талаб қилишга, прогул учун ходимни ишдан бўшатишга ҳақли бўлмайди.

3. Буйруқда нималар ёзилади

Масофавий ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқда уни ташкил этиш учун зарур бўлган хатти-ҳаракатлар белгиланиши керак. Унда қуйидагилар учун топшириқларни акс эттиринг:

  • бухгалтерия ёки бош бухгалтер – иш ҳақини қайта ҳисоблаш (зарур бўлса), уни тўлаш тартибини белгилаш (100 фоиз пластик карточкаларга ўтказиш), фойдаланилаётган техник воситалар, уяли алоқа ва интернет учун компенсацияларни ҳисоблаш (бу қўшимча келишувда қайд этилган бўлса);
  • кадрлар бўлими – кадрларга оид зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, ходимларнинг иш вақти ҳисобини юритиш;
  • маъмурий-хўжалик бўлими – ходимларга уйда ишлаш учун техник ва бошқа воситаларни бериш;
  • IT бўлими – ахборот хавфсизлиги ва махфийлик талабларига риоя этган ҳолда локал ишчи тармоққа масофавий киришни таъминлаш.

Буйруқда ишга жалб этилган ҳар бир бўлинма бажарадиган муайян ишларни батафсил кўрсатсангиз, масъул шахсларда тушунмовчиликларни юзага келтирмай, ортиқча оворагарчиликларсиз масофавий ишга тез ва осон ўтишни таъминлайсиз.

Диққат
Ҳар бир ходим учун алоҳида масофавий ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқариш шарт эмас. Бўлимлар санаб ўтилган ва ўтказилаётган ходимлар рўйхати кўрсатилган ягона буйруқ чиқарилиши мумкин. Буйруққа уни чиқаришга асос бўлган қўшимча келишувларни ҳам илова қилиш лозим.

Буйруқда масофавий ишловчи ходимларнинг иш графигини ҳам акс эттирган маъқул.

Масофавий ишда ходим ишлаш муддати ва тартибини унинг ҳажмидан келиб чиқиб мустақил равишда белгилайди, иш графиги эса томонларнинг келишувига кўра белгиланади . Ишни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик учун иш ҳажмларини белгилаш ва унинг бажарилишини назорат қилишни ўтказилаётган ходимларнинг бевосита раҳбарларига топширинг.

Буйруқда қуйидагиларни акс эттириш мумкин:

  • масофавий ишга ўтказиш учун асослар: 23.03.2020 йилдаги 176-сон ВМҚ 2-б., Махсус комиссия қарорлари;
  • ходимларни ҳимоя қилиш ва коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик чораси сифатида ходимларнинг масофавий иш режимига ўтказилиши;
  • янги шартларда ишлашга ўтказилаётган бўлимлар ёки ходимлар (Ф.И.О. иловада кўрсатилиши мумкин);
  • ўтказилаётган ходимларнинг меҳнат мажбуриятлари ҳажми, лавозим ва маошлари сақланиб қолиши ёки ўзгариши;
  • ўзаро электрон ҳамкорлик қилиш тартиби;
  • ходимлар зарур жиҳозлар, алоқа воситалари ва ҳ.к. билан таъминланиши;
  • ташкилий тадбирлар ва улар учун масъул шахслар (кадрлар бўлими, бухгалтерия, IT ва бошқалар);
  • масофавий ишга ўтказилмаётганлар учун иш режими.

Ходимларни буйруқ билан тилхат олиб таништиринг.

Фақат битта ёки бир нечта ходим масофавий ишга ўтказилаётган бўлса, қўшимча келишувлар ва хоҳишга кўра, ходимларнинг аризалари асос бўлган индивидуал буйруқларни расмийлаштириш мумкин.


4. Қатъий  иш графиги белгиланган бўлса

Масофавий ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлаши инобатга олиниб, у бажарган иш учун бир ҳисса миқдорида иш ҳақи тўланади.

Иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари унга нисбатан татбиқ этилмайди .

Бундай ходимларни уйда бўлганликлари учун куну тун ишлашга мажбурламай, уларга оқилона бажариш муддати белгиланган вазифаларни топшириш кераклигини ҳисобга олинг.

Масофавий ишловчи ходим учун қатъий белгиланган иш графиги (масалан, соат 9.00 дан 17.00 гача) белгиланган бўлса, унинг иш соатларидан ташқари вақтда ишга жалб этилиши иш вақтидан ташқари иш деб баҳоланиши мумкин. Тегишинча, бунинг учун унга икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши ёки иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши лозим. Ходимнинг графикда белгиланган соатларда иш жойида бўлмаслиги прогул деб ҳисобланиши мумкин.


5. Меҳнатни муҳофаза қилиш

Масофавий ишловчи ходимларга нисбатан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари бирмунча «кесилган» тусда бўлса ҳам татбиқ этилади.

Қуйидагиларни амалга оширмаслик мумкин:

  • меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ бериш;
  • меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар борасидаги билимларни текшириш;
  • иш жойларидаги меҳнат шароитларини баҳолаш.

Иш берувчи қуйидагиларни таъминлаши шарт:

  • ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий ижтимоий суғурталаш ;
  • иш берувчи тавсия этган ёки тақдим этган жиҳоз ва воситалар билан ишлаётганда меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар билан танишиш ;
  • бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текшириш ва ҳисобини юритиш .

Сўнгги ҳолатда муайян қийинчиликлар юзага келиши мумкин, сабаби меҳнатни муҳофаза қилишга доир умумий қоидалар анъанавий ишлаш шаклига, ходим иш берувчи ташкилот ҳудудида меҳнат мажбуриятларини бажаришига мўлжалланган. Масалан, масофавий ишловчи ходим билан рўй берган бахтсиз ҳодиса ишлаб чиқаришга тааллуқли эканини исботлаш жуда мушкул. Бундан ташқари, ҳодиса қай вақтда рўй берганини аниқлаш қийин, сабаби масофавий ишда иш вақти одатда аниқ чегараланмаган бўлади, бу ишлаш мақсадида ва шахсий манфаатларни кўзлаб амалга оширилган фаолиятни чегаралашни қийинлаштиради.


6. Қандай қилиб одатдаги иш режимига қайтиш мумкин

Масофавий ишга ўтказиш айнан қандай расмийлаштирилганига қараб қайтиш сценарийси ҳар хил бўлиши мумкин.

Қўшимча келишувда қуйидагича ўтказиш белгиланиши мумкин:

  • номуайян муддатга – «коронавирус инфекцияси пандемияси даврида»;
  • муайян муддатга – «2020 йил 25 мартдан 25 июнгача»;
  • муайян ҳодиса рўй бергунига қадар – «шахсий автотранспортдан фойдаланишга расман рухсат берилгунча», «жамоат транспорти ҳаракатланиши расман тиклангунча» ва ҳ.к.

Охирги иккита ҳолатда ходимларни масофавий ишдан офисдаги ишга қайтариш учун яна битта қўшимча келишув тузиш керак эмас. Муайян сана ёки муайян ҳодиса бошланиши иш жойларига чиқиш учун асос бўлади.

Шунга қарамай, аниқ санадан бошлаб аввалги иш жойига қайтиш тўғрисида ходимларни огоҳлантириш ортиқчалик қилмайди. Буни электрон почта орқали хат йўллаб амалга ошириш мумкин.

Номуайян муддатга ўтказиш расмийлаштирилган бўлса, «қайтарувчи» қўшимча келишув тузмасдан бошқа илож йўқ.

Қайтиш тўғрисидаги қўшимча келишувда (намунага қаранг) ходимларнинг иш режими ва иш жойи ўзгарадиган санани кўрсатинг. Унда масофавий иш режимини белгиловчи аввалги қўшимча келишув бекор қилинганини ҳам қайд этинг.

Барча ҳолларда ходимларни масофавий ишдан қайтариш учун аввалги жойларда ишни тиклаш тўғрисида буйруқ (намунага қаранг) чиқариш керак. Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • масофавий иш бекор қилинганлиги далили;
  • бекор қилинган сана;
  • жалб этилган ходимлар.

Ходимларни бундай буйруқ билан ҳар қандай қулай усулда: электрон почта, мессенжерлар орқали ва ҳ.к. таништириш зарур. Ходимлар иш жойларига қайтган заҳоти буйруқ билан танишганликларидан гувоҳлик берувчи «жонли» имзоларини олиш лозим.

Барча чекловлар олиб ташланмасдан фаолиятингизни тиклаётган бўлсангиз, иш қуйидаги мажбурий карантин чораларининг барчасига риоя этган ҳолда ташкил этилаётганини буйруқда кўрсатиб ўтинг :

  • ходимлар ва ташриф буюрувчилар фақат тиббий ниқобларда киритилиши;
  • дезинфекцияловчи воситалар қўлланилиши;
  • ходимларнинг тана ҳарорати ўлчаниши;
  • коронавирус инфекциясига чалингани аниқланган ходим бўлган барча жойлар дезинфекция қилиниши, у мулоқот қилган шахслар ҳақида санитария назорати органларига маълумот берилиши.
Диққат
Вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрларини ўрганинг . Ишлаб чиқариш корхонаси, савдо шохобчаси, умумий овқатланиш корхонаси ёки хизмат кўрсатиш соҳаси объектида фаолият юритсангиз, бу айниқса муҳим аҳамиятга эга. Ходимларни иш жойларига қайтараётганда барча санитария талабларига риоя этишингиз шарт.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал