Қандай қилиб ходимларни тўлиқсиз иш вақтига ўтказиш мумкин

29.03.2020

Меҳнатга ҳақ тўлашни илгариги даражада сақлаб қолиш учун пул етарли бўлмаса ва шу билан бирга ўз ходимларини сақлаб қолишни хоҳласа, иш берувчи қандай йўл тутиши лозим? Ходимларнинг бир қисмини тўлиқсиз иш вақтига ўтказиш мураккаб аҳволдан чиқиш йўли бўлиши мумкин. Бунда меҳнат қонунчилигининг барча талабларига риоя қилиш лозим.

Buxgalter.uz саволларига юридик фанлар номзоди, Меҳнат кодексининг муаллифларидан бири Михаил Юсупович ГАСАНОВ жавоб берди:

- Бунинг учун ходимнинг розилигини олиш, у бундай режимда ишлайдиган муддатни белгилаш, тўлиқсиз иш вақти турини ўрнатиш зарур.

Тўлиқсиз иш вақти шартларидаги иш учун  тўлов ишланган вақтга мутаносиб равишда, ишбай ҳақ тўлашда эса ишлаб чиқарилган маҳсулотга боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Бундай иш вақти пенсия ҳуқуқини берадиган стажга киритилади, муайян вақт ишда бўлиш лозим бўлган имтиёзли пенсия бундан мустасно.

Меҳнат кодексига асосан бундай шартлардаги иш меҳнат ҳуқуқларини чекламайди ва таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига тўлиқ қўшилади.

Тўлиқ ёки тўлиқсиз вақт ишлайдиган ходимларга бир хил давомийликдаги таътил тақдим этилади. Ягона фарқи: агар ходим тўлиқсиз иш вақтида ишласа, таътил пули миқдори, табиийки, камроқ бўлади.

- Тўлиқсиз иш вақти турини қандай белгилаш мумкин?

- Ходимга тўлиқсиз иш вақтининг қуйидаги турлари белгиланиши мумкин:

1. Тўлиқсиз иш вақти. Бу ҳолда  ходим ҳафтада тўлиқ иш кунлари сонида меҳнат қилади (корхонада ўрнатилган иш ҳафтаси турига боғлиқ ҳолда 5 ёки 6), бироқ кунлик иш соатлари сони камаяди.

2. Тўлиқсиз иш ҳафтаси. Бундай режим иш куни давомийлиги сақланган ҳолда иш кунлари сонининг камайишини билдиради. Масалан, 5-кунлик иш ҳафтасида ходим фақат 3 тўлиқ кун ишлайди.

3. Иш куни ва иш ҳафтаси давомийлигининг бир вақтда камайиши. Бундай иш режими ўрнатилганда ҳам кунлик иш соатлари сони, ҳам ҳафтада иш кунлари сони камаяди. Масалан, ҳафтада 4 кун 4 соатдан.

- “Ходим рози бўлган тақдирда” ибораси нимани англатади? Бу дастлаб буйруқ чиқарилади, ходим эса унга имзо қўйишини билдирадими? Ёки у биринчи ариза ёзиши, шундан кейин буйруқ чиқарилиши шартми? Бунда меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиш лозимми?

- Агар ходим доим тўлиқсиз иш вақти шартларида ишласа, бу у билан тузилган меҳнат шартномасида келишиб олиниши шарт. Бу ерда қуйидаги иккита вариант бўлиши мумкин:

  1. Агар ходим ишга тўлиқсиз иш вақти шартларида қабул қилинса, меҳнат шартномасига ушбу шарт дарҳол киритилиши керак.
  2. Агар илгари тўлиқсиз иш вақти шартларида меҳнат қилган ходим тўлиқсиз иш вақти шартларида доимий ишга ўтказилса, у билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиш лозим.

- Агар ходим тўлиқсиз иш вақтига вақтинча ўтказилсачи?

- Бу ҳолда қўшимча келишув тузишнинг зарурати йўқ. Ходим ариза берса, иш берувчи эса янги шартларда иш муддатини мажбурий кўрсатган ҳолда тегишли буйруқ чиқарса, етарли бўлади.

Тўлиқсиз иш вақти шартларидаги ишни назарда тутувчи ҳужжатларда (меҳнат шартномаси, қўшимча келишув, иш берувчининг буйруғи):

  1. Тўлиқсиз иш вақти турини аниқ кўрсатиш (тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси ёки уларнинг бирикмаси).
  2. Бундай шартлардаги ишнинг аниқ давомийлигини белгилаш.
  3. Ходимнинг иш режимини регламентлаш  шарт (ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, ишда танаффус вақти ва ҳ.к.). Бунда, агар иш куни давомийлиги 4 соатдан ошмаса, тушлик учун танаффус тақдим этилмаслиги мумкин.

- Тўлиқ иш вақтидан тўлиқсиз иш вақтига фақат ходимнинг ташаббуси билан ўтказиш мумкинми?

-  Йўқ, иш берувчи ҳам тўлиқсиз иш вақтига ўтказиш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Асосийси, меҳнат шартномаси тарафлари келишувга эришсинлар ва буни расмийлаштириладиган ҳужжатларда тўғри ифода этсинлар:

• агар ходим тўлиқсиз иш вақтига ўтказиш ташаббуси билан чиқса, ўз аризасида у қуйидагича ёзади: “Менга тўлиқсиз иш вақтини (тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси) ўрнатишингизни сўрайман”;

  • агар ташаббус иш берувчига тегишли бўлса, ходим аризасида қуйидагиларни ёзиши мумкин: “Менга тўлиқсиз иш вақти ўрнатилишига қарши эмасман”.

- Ходимларнинг қайси тоифаларига иш берувчи уларнинг талабларига биноан тўлиқсиз иш вақтини ўрнатиши шарт?

- Бундай тоифаларга қуйидагилар киради :

  • ҳомиладор аёллар;
  • 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёллар;
  • оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахслар.

Аёлларга оналик билан боғлиқ ҳолда бериладиган кафолатлар ва имтиёзлар, онасиз болаларни (она вафот этган, оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, узоқ вақт даволаш муассасаларида бўлган ва шунга ўхшаш бошқа ҳолларда) тарбиялаётган оталарга, шунингдек вояга етмаган болаларнинг васийларига (ҳомийларига) ҳам татбиқ этилади.

Бундай кафолатлар ва имтиёзлар орасида -тунги ишларга ва иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб этишни ва хизмат сафарларига юборишни чеклаш, шунингдек қўшимча таътиллар бериш, имтиёзли иш режимларини ўрнатиш ва ҳ.к. Ушбу  кафолатлар ва имтиёзлар шунингдек ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни амалда тарбия қилаётган бувига, бувага ёки бошқа қариндошларга ҳам берилади .

ТМЭКнинг ногиронларга тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатиш, уларнинг вазифасини камайтириш ва меҳнатнинг бошқа шартлари ҳақидаги тавсияларини бажариш иш берувчи учун мажбурийдир .

Шуни эътиборга олиш лозимки, қонун ҳужжатлари уларнинг мавжудлигида иш берувчи кўрсатилган ҳолларда ходимларга уларнинг тўлиқсиз иш вақтини ўрнатиш бўйича илтимосларини рад этишга ҳақли бўлган қандайдир вазиятларни назарда тутмайди.

Иш берувчининг келтириб ўтилган ҳолларда тўлиқсиз иш вақти ўрнатилиши тўғрисидаги талабни қаноатлантиришни рад этиши меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида малакаланади ва мансабдор шахснинг МЖТКнинг 49-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал