Розиликни олмасдан ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариш мумкинми

29.03.2020

Ҳисобварақда пул йўқ, ишлаб чиқариш карантин туфайли тўхтаган, ходимлар эса ишлашни исташади, чунки иш ҳақи зарур. Бундай вазиятда иш берувчи қандай йўл тутиши лозим? Ҳеч бўлмаганда ходимларнинг бир қисмини қандайдир даврга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқариш мумкинми?

Buxgalter.uz саволларига юридик фанлар номзоди, Меҳнат кодексининг муаллифларидан бири Михаил Юсупович ГАСАНОВ жавоб берди:

- Ходимни иш берувчининг ташаббуси билан ходимнинг розилигисиз ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариш мумкинми?

МКнинг 150-моддаси 1-қисмига асосан ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бинобарин, ходимнинг розилигисиз иш берувчи уни бундай таътилга чиқара олмайди.

- Ахир Ҳукумат комиссиясининг ходимларни ҳақ тўланадиган ва ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариш тўғрисидаги қарори мавжудку?

- Ушбу қарорга мувофиқ 23 мартдан эътиборан Тошкент шаҳрининг барча ташкилотлари мулкчилик шаклидан қатъи назар ва ўз фаолиятига зарар бермаган ҳолда ходимларга қонун билан белгиланган тартибда таътиллар тақдим этиш чораларини кўриши лозим. “Қонун билан белгиланган тартибда”га эътибор беринг. Бундай тартиб эса МКнинг 150-моддасида назарда тутилган.

- Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилнинг энг кўп муддати назарда тутилганми?

- Ҳа, назарда тутилган. МКга мувофиқ у ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

- Ходимни у иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда бўлган вақтида ишдан бўшатиш мумкинми?

- Меҳнат таътилидан фарқли ўлароқ, ушбу таътил даврида ходимга иш ҳақи сақланмайди. Бироқ ходимнинг таътилда бўлишининг бутун муддатида унга иш ўрни (лавозими) сақланиши ҳам ушбу таътиллар учун хос бўлган умумий жиҳат ҳисобланади. Бу шуни англатадики, ходимнинг иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда бўлиш даврида, худди, унинг меҳнат ёки ижтимоий таътилда бўлиши вақтида каби у билан иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилинишига йўл қўйилмайди.

Ушбу умумий қоидадан фақат битта истисно мавжуд: корхона тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан бекор қилиш .

Шу билан бирга таъкидлаб ўтишни хоҳлардимки, айтиб ўтилгани МКнинг 100-моддаси 2-қисмида назарда тутилган иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларига тааллуқли. Ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда бўлган даврда у берган ёзма аризаси  асосида ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли .Ушбу даврда ходим билан тузилган меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига  боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ва иш берувчининг ташаббусига боғлиқ бўлмаган бошқа асосларга кўра бекор қилиниши мумкин.

- Демак, агар ходим бундай таътилга чиқишни истамаса, уни мажбур қилиб бўлмайди. Ходимни иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилга ариза ёзишга кўндириш учун қандай далилларни келтириш мумкин?

- Унга инсон ишга келган тақдирда коронавирус юқтириб олишнинг катта хавфи мавжудлигини тушунтириш мумкин. Бундан ташқари, ходимларга иш ҳақи тўлашда давом этишда ҳажмларнинг анча миқдорда қисқариши ташкилотни банкротликка олиб келиши хатарини юзага келтиради, ана шунда ходим ишини йўқотади.

Шунингдек, ходимга карантин чоралари бекор қилиниши заҳоти у ишга қайтарилиши хусусида қандайдир кафолат берилиши зарур. Бунинг учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил муддати тўғрисида у билан келишувга эришиш лозим.

Шунингдек, бюджет ташкилотларидан бошқа кўпгина ташкилотларда бу ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган, раҳбарият кун кечириш учун зарур бўлган нарсаларнинг энг кам миқдорига етарли маблағ қолиши учун ходимларни қисман ҳақ тўланадиган таътилга чиқаради.

- Барча ходимларни, жумладан директор ва бош бухгалтерни таътилга чиқариш мумкинми? Ёки ушбу муҳим ходимлар вақтнинг қандайдир қисмида ишлашда давом этишлари керакми?

-  Бунга нисбатан тақиқ мавжуд эмас, бироқ ташкилотда уларнинг йўқлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Яхшиси муҳим ходимлар учун тўлиқ бўлмаган иш вақтини ўрнатган маъқул. Мисол учун, улар ҳафтада бир  неча марта ишга чиқишлари мумкин, шунда уларда тўлиқ бўлмаган иш вақти бўлади.

- Ходимни иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқараётганда қандай ҳужжатларни расмийлаштириш зарур?

- Биринчидан, ходимнинг аризаси зарур. Унда нафақат ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил тақдим этилишини сўраётганлиги, балки у иш берувчи билан келишиб олган бундай таътилнинг давомийлиги ҳам кўрсатилган бўлиши даркор.

Ходим томонидан берилган ариза иш берувчи томонидан буйруқ чиқарилиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилнинг давомийлиги ходимнинг аризасида ва иш берувчининг буйруғида бир-бирига тўғри келиши муҳим. Ходим буйруқ билан имзо қўйдириб, танишиш санасини мажбурий кўрсатган ҳолда таништирилган бўлиши керак.

- Ҳозир карантин даврида ҳамма тарқалиб кетганлигини инобатга олган ҳолда, ушбу ҳужжатларни электрон шаклда  расмийлаштириш мумкинми?

- Бундай буйруқ электрон шаклда расмийлаштирилган тақдирда ходим уни ЭРИсиз имзолай олмайди. Оқибатда низолар келиб чиқиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда ҳужжатларни почта орқали хат билан хабарнома билан жўнатиш ва уларни ходим имзоси билан худди шундай усулда қайтариб олиш мумкин. Ёки уларни курьер билан жўнатиш ва шу тарзда буйруқда ходимнинг имзосини олиш мумкин.

- Ходим бундай таътил даврида иш ҳақи олмаслиги тушунарли. Ҳақ тўланмайдиган таътил пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш стажига қўшиладими?

- “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддасига мувофиқ 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади. Гап иш ҳақи тўланмаган ҳолда бериладиган таътил хусусида бораётганлиги боис бундай таътилнинг даври пенсия стажига ҳисобга олинмайди. Иш ҳақи тўланмаган ҳолда бериладиган таътилни меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритиш тўғрисидаги масала бошқача тарзда ҳал қилинган. МКга асосан,  йиллик ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига муддати 2 ҳафтагача бўлган иш ҳақи тўланмаган ҳолда бериладиган таътил киритилади. Бироқ бунда Меҳнат кодексида жамоа шартномаси, агар у тузилмаган бўлса, ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда, иш берувчи таътил тақдим этиш учун иш стажига бошқа даврларни, шу жумладан муддати 2 ҳафтадан кўп бўлган иш ҳақи тўланмаган ҳолда бериладиган таътилни киритишга ҳақли.

Умуман, буни корхонада расмийлаштириш, ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш ва иш ҳақи тўланмаган ҳолда бериладиган таътилни бутунлигича ходимларнинг иш стажига киритиш мумкин.

- Ходимларни иш ҳақи сақланмаган таътилга мажбурий тарзда чиқарганлик учун иш берувчига нисбатан жарималар мавжудми?

- Ҳа, МЖТКнинг 49-моддасига асосан бу меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳисоланади ва БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, бундан била туриб ғайриқонуний ишдан бўшатиш мустасно, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш эса - БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

- Вазият ўзгармаган тақдирда иш ҳақи тўланмаган ҳолда бериладиган таътилни қандай узайтириш мумкин?

- Буни фақат ходимнинг розилиги билан амалга ошириш мумкин. Ҳаммаси иш ҳақи тўланмаган ҳолда бериладиган таътил сингари расмийлаштирилади. Ходим иш берувчининг номига шундай таътилни тақдим этиш тўғрисида ариза ёзади, иш берувчи эса буйруқ чиқаради ва уни ходимга имзо қўйдириб таништиради. 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал